Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

22.08.2024


ЯНГИЛАНИШЛАР ДАВРИ ЯНГИ ТАШАББУСЛАР БИЛАН ЮКСАЛАДИ

Шерзод БЎРИЕВ,

Шаҳрисабз шаҳри ҳокими

Ўттиз уч йил… Бир инсоннинг навқирон умрига тенг. Асрий обидалар олдида оний лаҳза. Мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти жадал юксалиши, иқтисоди гуркираб ривожланиши, дунё тан олган давлатга айланиши учун етарли фурсат.

Бугун қуш парвози юксаклигида, Ҳазрати Султон чўққиси қадар баландликдан атрофга теран назар солар эканмиз, юртдаги ўзгаришлар ва янгиланишлар инсонни ҳайрат булоқлари сари етаклайди - ташналикда мадор, жазирамада соябон каби ҳиссиёт қолдиради. Не тонгки, бу баайни кўкламдаги сарин эпкин сингари қалбларда яшамоқ шашти ва завқини оширувчи ички туғёндир.

Шаҳрисабз… Бу кўҳна ва муаззам заминнинг йилдан йилга гўзаллашиб, яшариб бораётгани ҳам истиқлол берган чўнг олий неъматнинг амалдаги инъикосидир. Бетакрор табиати ва яшиллиги билан нафақат маҳаллий, балки хорижлик юртдошларимизни ҳам ўзига оҳанрабодек чорлаб туради.

Ўзгаришлар кўз ўнгимизда...

Сўнгги етти йилда халқимизнинг турмуш-тарзида улкан ўзгаришлар содир бўлди, энг асосийси, бирламчи муаммолар ҳал этилди, одамларнинг фаровонлиги ошди. Эришилган ютуқлар, улкан марра ва натижалар салмоғи жуда катта. Буни сўзма-сўз, номма-ном ифодалаш шарт эмас, ҳаётий турмуш тарзимизда кўп бор дуч келяпмиз. Энг муҳими, одамларнинг дунёқараши ўзгарди, давлат ва жамият бошқаруви ишларида фаоллиги ошмоқда. Буларнинг бари келажакда янада салмоқли натижаларга эришиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини англатади.

Инсонпарварликни ўзида мужассам этган "Тўйга - тўёна" деган нақлимиз бор. Бу ҳикматга шаҳрисабзликлар ҳам амал қилиб келади. Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида 140 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли турар жой бинолари ўз эгаларига топширилади. Шу кунларда маҳаллаларнинг марказий кўчаларига асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.

Инвестиция дастури асосида жорий йилнинг ўтган даврида 133,2 миллиард сўмлик 12 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Шунингдек, 2,8 миллион АҚШ долларига тенг миқдорда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти режаси бажарилди.

Бундан ташқари, шаҳарда сайёҳлар учун концерт зали ва умумий овқатланиш маскани, савдо ва кўнгилочар марказ, кардиология маркази қурилиши давом этмоқда. Буларнинг бари халқимизнинг фаровонлиги, ҳордиқ онларининг мазмунли ўтиши, саломатлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Жорий йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг туризм пойтахти, дея эътироф этилган Шаҳрисабзда бир қатор фестиваль ва анжуманлар ўтказилди. "Мақом" халқаро санъат фестивали, "Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик", "Ёшлар - келажак бунёдкорлари", "Экология ва туризм халқаро қурултойи", "Халқаро фестивал"нинг ўтказилиши шаҳарнинг нуфузини яна ҳам ошириб, сайёҳлар оқими кўпайишига туртки берди.

"Инсон қадри учун"… Бу тамойил бор бўй-басти билан ўзида эзгуликни жо этган. Шу асосда кам таъминланган 133 нафар оилага субсидия ажратилди. Четдан қайтган 1 минг 205 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Жорий йил бошидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтириш мақсадида 353 нафар фуқарога 5,8 миллиард сўм, кичик бизнесни ривожлантириш учун 90 та лойиҳага 8,2 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Шаҳрисабз - ҳунармандлар замини

Азал-азалдан кўҳна Кеш ўзининг қўли гул усталари, каштачилари-ю, заргарлари билан машҳур. Улар меҳнати билан сайқал топган турли либос ва буюмлар сайёрамизнинг турли бурчакларида музейларни, кимларнингдир хонадонини безаб турибди. Бу билан фахрланмай бўладими?! Ҳар бири юртимиз тарихи, урф-одатларимиз, миллий ўзига хослигимиз ҳақида сўзлаб беради.

Бу анъана бугун ҳам шараф билан давом этмоқда. Кулоллик, Уймовут, Яшил диёр маҳаллаларида ташкил этилган микромарказларда уйда ўтирган, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган 400 нафардан зиёд хотин-қиз ва ёшлар миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, замонавий кўйлаклар ишлаб чиқариб, даромадларини ошириб боришмоқда.

Ҳунармандлар кластери раҳбари Маҳлиё Маннонова 100 дан ортиқ хотин-қизни иш билан таъминлаган. У Шаҳрисабз ироқи каштачилиги мактаби анъаналарини шараф билан давом эттириб, ўнлаб шогирдларни тарбияламоқда. Маҳлиёхон куни кеча юртимизда кенг нишонланган Тадбиркорлар куни муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофоти - "Фаол тадбиркор" кўкрак нишонига муносиб кўрилгани биз учун ҳам қувончли бўлди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш - доим эътиборда

Учинчи Ренессанс деб аталаётган янги даврда иқтидорларни кашф этиш, уларнинг билим салоҳиятлари юзага чиқишига кўмак бериш асосий вазифаларимиз сирасига киради. Мамлакатимиз ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шароит яратилмоқда.

Ўтган ярим йилликда қатор ижтимоий, маънавий-маърифий лойиҳалар амалга оширилди. "Ёшлар дафтари"га киритилганларга кўмаклашиш йўналишида 454 нафар ёшга амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди, 187 нафарига 240 миллион 249 минг сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш (контракт тўлови ва даволаниш харажатлари), илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларида ўқиш харажатларини қоплаш, келажак касбларини эгаллашга шароит яратиш, сафарбарлик чақирув резерви каби ёрдамлар шулар жумласидан.

Ҳар бир куннинг ўз файзи бор, ҳар бир дам ғанимат. Эришилган марралар ўзимизники. Биз давлатимиз раҳбарининг барча топшириқларига лаббай, деб жавоб берган ҳолда, юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, ютуқларимизни каррасига ошириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш борасида кўп ишлар қилишимиз зарурлигини чуқур ҳис этамиз. Янгиланишлар даврида яшаётган эканмиз, биз ижро тизимининг қуйи бўғин раҳбарлари ҳам ўз ташаббусларимиз билан Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида астойдил меҳнат қилишга бел боғлаганмиз.

Report typo