Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ЯНГИЛАНИШЛАР ТИНЧЛИК-ОСОЙИШТАЛИК ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН

Абдишукур ОМОНОВ

20.09.2019


ЯНГИЛАНИШЛАР ТИНЧЛИК-ОСОЙИШТАЛИК ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН

      Ўзбекистон Республикасининг "Давлат байроғи тўғрисида"ги Қонунга киритилган қўшимчага асосан давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг биносига ҳам осиб қўйиладиган бўлди.

"Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Қонуннинг 2-модда тўртинчи қисми "Давлат хавфсизлик хизмати" деган сўзлардан кейин "Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати" деган сўзлар билан тўлдирилди. "Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида"ги Қонунга киритилган қўшимчаларга асосан Президент давлат хавфсизлик хизматининг хоналарига ҳам давлат герби қўйиладиган бўлди.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ Президент давлат хавфсизлик хизмати - унинг юритувига тааллуқли ишлар бўйича иш юритиш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, Президент давлат хавфсизлик хизматига юритуви унга тааллуқли бўлган ишлар бўйича терговолди текширувларини ҳамда жиноят белгиларини ва уларни содир этган шахсларни аниқлаш учун тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят иши бўйича далил сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни аниқлаш ҳуқуқи берилди. Президент давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар ҳарбий судларда кўрилиши белгиланди.

"Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги Қонун қуйидаги мазмундаги 92-модда билан тўлдирилди: Президент давлат хавфсизлик хизмати: Ўзбекистон Республикаси Президенти, унинг оила аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган даврда қўриқланиши лозим бўлган чет давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқларининг, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг ва бошқа шахсларнинг хавфсизлигини ҳамда шахсий дахлсизлигини таъминлайди; қўриқланувчи шахсларнинг доимий ва вақтинчалик ташриф буюрадиган жойлари, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишлари хавфсизлигини таъминлайди; қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

"Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Қонундаги "Ҳарбий қасамёд" деган сўзлар "Ватанга қасамёд" деган сўзлар билан алмаштирилди. Қасамёд матни ўзгартирилди. Муддатли ҳарбий хизмат муддати календарь ҳисобида ўн икки ой этиб белгиланди. "Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг ўқув муассасаларида" деган сўзлар "мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказларда" деган сўзлар билан алмаштирилди.

Шунингдек, қонунга "Олий таълим муассасаларидаги таълимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиниши мумкин. Бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июль-августда жалб этилади", деган жумлалар киритилди.

Президент томонидан 2019 йил 10 сентябрь куни "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун имзоланиб, кучга кирди. Унга асосан "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонундан "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси раҳбарининг" деган сўзлар чиқариб ташланди. Чунки маҳаллаларда профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари штати ташкил этилди. Ўз навбатида "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонун 15-моддасига "инспекторларидан ва уларнинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларидан" деган сўзлар киритилди.

"Судлар тўғрисида"ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга биноан 35 ёшдан кичик бўлмаган (муқаддам 30 ёш эди), олий юридик маълумотга ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлганлар судья бўлиши мумкин.

Шунингдек, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи сақланади, деб қайд этилди.

Айни пайтда "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги Қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Кенгаш раисининг ўринбосари Президент томонидан тасдиқланиши ва у бир вақтнинг ўзида Судьялар олий мактабини бошқариши белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, ушбу кодекснинг 193-моддасида назарда тутилган депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатлари бузилган тақдирда, тегишинча Олий Мажлис палаталари девонлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

"Адвокатура тўғрисида"ги Қонунга киритилган қўшимчага биноан адвокатлик гувоҳномасининг шакли ва уни бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бўлди.

Давлат раҳбари томонидан шу йил 12 сентябрь куни "Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун имзоланиб, кучга кирди. У билан    13 та ҳужжатда янгиланиш бўлди.

Жумладан, "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунга кўра, руҳий ҳолати бузилган шахслар учун интернат уйларида яшовчи пенсионерларга пенсия тўланмайди. Ушбу қонун 60-моддаси амалдаги таҳририга кўра, қариялар ва ногиронлар интернат уйларида (пансионатларда) яшовчи ёлғиз пенсионерларга пенсия билан улар таъминоти учун сарф-харажат ўртасидаги фарқ, лекин тайинланган пенсиянинг камида 10 фоизи, уруш ногиронларига эса камида 20 фоизи тўланади. Руҳий беморлар интернат уйларида яшовчи пенсионерларга пенсия тўланмайди.

Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексидаги "руҳий касаллиги" деган сўзлар "руҳий ҳолати бузилганлиги" деган сўзлар билан алмаштирилди. Жиноят кодекси  қуйидаги мазмундаги 18-1-модда билан тўлдирилди: жиноят содир этиш вақтида руҳий ҳолати бузилганлиги туфайли ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини тўлиқ даражада англай олмаган ёки уларни бошқара олмаган ақли расо шахс жавобгарликка тортилади. Ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахсга нисбатан суд томонидан жазо билан бирга тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин.

Шунингдек, бу кодексларга бошқа бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Президент томонидан 2019 йил 9 сентябрь куни "Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида"ги  Қонун имзоланиб, кучга кирди. Унда атом энергиясидан фойдаланиш объектлари давлат мулкида ёки Президент томонидан белгиланадиган юридик шахслар мулкида бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Давлат мулкида ёки юридик шахслар мулкида бўлиши мумкин бўлган атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг рўйхати Президент томонидан тасдиқланади.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг ядровий материалларга, шунингдек, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғига бўлган мулк ҳуқуқини чет давлатга ёки чет давлатнинг юридик шахсига ўтказиш тўғрисидаги битимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда тузилади.

Шунингдек, қонунда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Геология ва минерал ресурслар, Давлат божхона қўмиталари, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Гидрометеорология хизмати маркази, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари этиб белгиланди.

Албатта, ушбу янгиланишлар тинчлик-осойишталик ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

 

Report typo