Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

25.05.2017


ЯРАШТИРИШ КОМИССИЯЛАРИ РИСОЛАДАГИДАЙ ИШЛАЯПТИМИ?

Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятимизда 1832 та ажрим қайд этилган. Бу 2015 йилга нисбатан 78 тага кўп. Таҳлилларга назар ташласак, Шаҳрисабз туманида 311, Қарши шаҳрида 269, Китоб туманида 201, Косон туманида 115 та оила ажрашишга қарор қилган. Ҳали булар расман қайд этилгани. Биров “хабар” топмаган ажримлар қанча, буёғи қоронғи. Бунинг сабаблари турлича. Эр ё хотиндан бирининг хатоси, айби билан турмушда муаммолар, камчиликлар юзага келгандир. Бироқ бошқа нарсага ҳайрон қоласан киши: хўш, маҳалла-кўй, кайвонилар, мутасаддилар қаерга қараган ўзи? Нима учун улар бир оиланинг пароканда бўлишига жим қараб туришган? Бундай эмас, дейдиган бўлсак, 1800 дан зиёд ажрим ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган-ку ахир!..

- Аксарият оилалар арзимаган маиший сабаблар туфайли ажрашиб кетаяпти, - дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Юлдуз Равшанова. – Яқинда ҳамкор ташкилотлар билан бирга хонадонларни ўрганиб чиқдик. Натижада 300 дан зиёд ажримнинг олди олинди. Мулоқотлар давомида шу нарсага амин бўлдикки, агар маҳаллалар қошида ташкил этилган яраштириш комиссиялари фаолиятини жонлантириб, уларга маҳалладаги энг намунали оила вакиллари ва фаол аёлларни жалб этсак, арзимаган сабаблар билан бошланган келишмовчиликни қайнона-келинларга тўғри тушунтирсак, ажримларнинг олдини олиш мумкин.

Бундан кўринадики, маҳалла-кўйга кўп нарса боғлиқ. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, маҳаллаларда яраштириш комиссиялари тузилган бўлиб, айнан улар зиммасига оилавий ажримларнинг олдини олишдек муҳим вазифа юкланган. Хўш, вилоятимиздаги 665 та маҳалла қошида тузилган яраштириш комиссиялари ўз вазифаларини нечоғлик уддалаяпти?

Аслида нега уддалай олмаяпти, десак тўғри бўлади чамамда. Чунки бу комиссиянинг фаолиятига амалда умуман дуч келмаймиз. Уларнинг иши “пожарный метод”ни эсга солади. Эр-хотин     ажрашгандан сўнг ўзларининг ҳисоботига қайд қилиб қўйиш учун ажрим сабабларини нари-бери суриштирган бўлишади, холос.

Мисол учун, Қарши шаҳрида оилавий ажримлар сони доим юқори бўлиб келган. Лекин яраштириш комиссиялари жонланганми? Йўқ. Яқин-ўртада жонланадиганга ҳам ўхшамайди. Ўтган йили шаҳардаги  Мустақиллик, Гулшан маҳаллаларида 10, Отчопар, Беглар, Нуристон, Чўлқувар каби  маҳаллаларда 9 тадан ажрим қайд этилиши аслида яраштириш комиссияларининг юзи, қилган ишларининг ҳақиқий баҳосидир. Баҳоки, қониқарсиздан нарига ўтмайди.

- Оилавий келишмовчиликларнинг асосий қисми маиший-иқтисодий муаммолар билан боғлиқ, - дейди Отчопар маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, яраштириш комиссияси аъзоси Назокат Каримова. - Қайнона-келин муносабатлари, айрим эркакларнинг оиласини иқтисодий жиҳатдан таъминлай олмаслиги, хонадон соҳибларининг спиртли ичимликка ружу қўйиши, фарзандлари тарбиясидаги бурч ва масъулиятини унутиб қўйгани каби муаммолар оилалар бузилишига сабаб бўлаяпти.

Шу ўринда бир савол туғилади: шундай экан, хўш, яраштириш комиссияси айни масалалардан келиб чиқиб нима иш қилган? Қандай чора-тадбирлар белгилаган? Ажримларнинг олдини олиш учун бирорта хонадон билан иш олиб борилганми ўзи?

Йўқ. Комиссия аъзолари аввалига баҳона излашдан нарига ўтишмади. Кейин чиндан ҳам эътиборсизлик қилишгани, оилалар билан яқиндан ишлашмаганини тан олишди. Аммо энди бунинг фойдаси борми?

Маҳалла  раиси вазифасини вақтинча бажарувчи ҳамда яраштириш комиссияси раҳбари Расул Жумаевга: “Комиссиянинг неча нафар аъзоси бор? Қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади?” дея савол билан мурожаат қилганимизда, у икки ойдан бери ушбу комиссияга етакчилик қилаётганини, аслида “маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари эканини айтди. Ғалати. Қандай қилиб кеча посбонлик қилиб юрган одам бугун маҳаллага оқсоқоллик ва яраштириш комиссиясига раҳбарлик қилиши мумкин? Бундай аҳволда жонланиш қаердан бўлади?!

Маълумки, яраштириш комиссияси низомида “Комиссия ўз вазифаларини амалга оширишда профилактика инспектори, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ҳудуддаги бошланғич ташкилотлари, таълим    муассасалари билан ҳамкорлик қилади”, деб белгилаб қўйилган. Бироқ вилоятдаги кўплаб маҳаллалардаги яраштириш комиссиялари аъзолари бу ҳамкорликни умуман билишмайди, билганларида бу амалда кўринарди. Устига-устак уларнинг комиссия аъзоси бўла туриб, ўз низомини ақалли бир ўқиб қўймаганига нима дейсиз?!

Тегишли низомни ўқимай, билмай, фаолият йўналишларини аниқламай қандай қилиб оилаларни яраштириш мумкин? Бу тоифадаги одамлар қай йўсинда ёш келин-куёвга йўл-йўриқ кўрсата олади? Ахир, бировга ақл ўргатмоқчи бўлган киши, аввало, ўзи билимли, тажрибали бўлиши, халқнинг кўнглига йўл топа олиши керак-ку.

Тизимда соҳани тушунмаган кишилар фаолият юритаётгани оқибатида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Отчопар маҳалласида яна 3 та оилавий ажрим қайд этилди. Ва бу рақам яна ўсиши мумкин. Яраштириш комиссиялари эса жим.

Бундай нохуш ҳолатлар Китоб туманига ҳам хос. Ҳудуддаги Қайнарбулоқ ҚФЙда 16, Қуйи Оқбой ҚФЙда 14, Макрид, Бектемир ҚФЙда 9 тадан ажрим қайд этилгани табиийки қувонарли ҳолат эмас.

- Камчиликларимизнинг асосий сабаби ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаганида, - дейди Китоб туманидаги Қуйи Оқбой қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Тўйчи Ҳакимов. – Масалан, маҳалламиздаги ажримларнинг учтасига яраштириш комиссиясининг хулосаси берилмаган. Фуқаролик ишлари бўйича судлар ва ФҲДЁ органлари оилавий ажримлар бўйича ариза келиб тушган кундан  ўша ҳудуднинг маҳалла фуқаролар йиғинига маълум қилиб,  биргаликда иш олиб борсалар, бу каби ҳолатларнинг олди олинишига эришилади.

Хўш, буни ким қилади? Бу ишларнинг бошида маҳалла раиси турмаса, биров бориб қилиб берадими? Ундоқ қилиш   керак, бундоқ қилса яхши бўларди, дегандан кўра шу ишнинг ўзини қилган маъқул, фойдали эмасми? Шуниси самара келтирмайдими?

Чунки фуқаролар йиғини тўғрисидаги намунавий Низомда маҳаллалар қошидаги иккита, яъни яраштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссияларга бежиз йиғин раиси етакчилик қилиши белгилаб қўйилмаган. Негаки, ҳар иккала  комиссиянинг иши тўғри ташкил этилса, маҳаллада адолат қарор топиб, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги таъминланади. Бироқ маҳалла раислари ҳали буни тўла тушуниб етмаган, ишнинг бутун кўлами ана шу омилларга боғлиқ эканини унутган кўринади. Аксинча бўлганида, баҳона ўрнига аниқ амалий ишни кўрсатишган, ажримлар сони ҳам анча кам бўларди.

Яқинда вилоят хотин-қизлар қўмитаси адлия бошқармаси билан келишув имзолади. Унга кўра, ФҲДЁга оилавий ажрим бўйича келиб тушган ариза биринчи навбатда ҳудуддаги хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла фуқаролар йиғинига юборилиши, хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла қошида ташкил этилган яраштириш комиссияси  аризани чуқур ўрганиб, ўз хулосасини бериши белгиланди. Шунингдек, ФҲДЁ гувоҳномаси бўлмай туриб, никоҳ ўқиган норасмий муллалар билан бирга ҳудуд имом-хатиби ҳам жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Қизиқ. Келишувда қандай мақсад кўзда тутилганини билмадиму, бироқ мазкур ҳолат Алининг ҳақини Валидан сўрашга ўхшаб қолмайдими? Боз устига шу пайтгача ишламаган ва ўз фаолиятини аниқ билмаган яраштириш комиссиясининг ажрим хусусида берган хулосаси қай тарзда, нимадан иборат бўлади? Балки бундан аввал ана шу яраштириш комиссияларининг ўзига тегишли ташкилотлар томонидан хулоса берилиши керакдир? Ҳарҳолда комиссия ишига нолойиқ одамнинг бир оилага хулоса бериши кулгили эмасми?

Хуллас, бу борада қилинадиган, ўнглаш зарур бўлган ишлар кўп. Чунки ҳар йили минглаб оилаларнинг ажрашишга қарор қилиши жамиятда минглаб кемтикларни юзага келтиради. Келтираяпти ҳам.

Шу боис бу борада бирламчи ўрин тутадиган яраштириш комиссиялари ишини тўғрилаш, бунда ақл билан иш тутиш яхши самара беради. Ҳозиргача қилинганлари эса бунинг аксини кўрсатиб турибди.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo