Сараланган сатрлар
"Ер юзидаги ҳар бир одамзодга аталган, уни кутаётган ўз хазинаси бор, - деди Сантягонинг қалби, - лекин одамлар ўз хазиналарига эришишни хоҳламайдилар, шунинг учун биз - қалблар сукут сақлаймиз. Биз бу ҳақда болаларга айтамиз, сўнгра ҳаёт уларни ўз Тақдирлари томон қандай йўналтиришини кузатамиз. Афсуски, бахтга қарши улардан жуда озчилиги ўз қисматларида белгиланган Йўлдан кетадилар. Қолганларига эса дунё хавотирли туюлади ва ҳақиқатан қўрқинчли бўлиб қолади".
Бразилия адиби Пауло Коэльонинг "Алкимёгар" романида шундай сўзларни учратамиз. Умуман, Коэльо фикрича, ҳамманинг ҳам орзу-умидлари рўёбга чиқавермаслигига бир нечта ғов халақит беради.
Биринчиси - одамзодга гўдаклигидаёқ ҳаётдаги энг катта орзулари - амалга ошмайдиган орзулар, деб сингдирилади.
Иккинчиси - муҳаббат, яъни кишилар ҳамма нарсадан воз кечиб, орзуларимга эргашиб кетсам, яқинларимни изтиробга қўяман, деб қўрқади. Шу билан у муҳаббат тўсиқ эмаслигини, аксинча, олға интилишга мадад беришини англамайди.
Кейингиси - омадсизлик ва мағлубият қўрқуви.
"Алкимёгар"да инсон ўз олдига мақсад қўйиб, шу сари дадил интилиши зарурлиги ўзимизнинг Шарқ ривоятлари услубида рамзий баён қилинади.
Айтиб қўяй, Коэльо Лотин Америкасининг ХХ аср адабиётида зилзила ясаган Хорхе Луис Борхес, Хуан Рульфо, Мигель Анхел Астуриас, Хулио Кортасар, Мигель Отеро Сильва, Габриэль Гарсиа Маркес, Алехо Карпентьер каби адиблари билан ҳеч бир жиҳатдан бўйлаша олмайди. Аммо "Алкимёгар" романи бошқа асарларидан услуб ва ғоя жиҳатидан ажралиб туради. Буни китобнинг бирйўла уч таржимон томонидан ўзбек тилига ўгирилганидан ҳам билса бўлади. Тўғри, китобда сунъий мавҳумликлар, оддий нарсаларни ҳам рамзга буркаш истаги кучли, аммо баён услуби бошловчи китобхонларга маъқул тушади...
* * *
Худо бу дунёдаги ҳар бир банданинг йўлини аломатлар билан белгилаб қўйган, хазинага йўлни аломатлар орқали топиб борасан. Аломатларнинг фақат сен учун ёзилганларини ўқий олмоғинг даркор.
* * *
Чўпонлар ўқишни билишларининг ҳожати йўқ: қўйлар уларга ҳар қандай китобдан кўра кўпроқ нарсани ўргата олади.
* * *
Чўпонларнинг ҳам, денгизчиларнинг ҳам ва дунё кезадиган савдогарларнинг ҳам битта азиз, қадрдон шаҳри бўлади - у ерда маҳбубалари яшайди, улар учун эркинлик ва озодликни ҳам қувонч билан қурбон қилиш мумкин.
* * *
"Мабодо мен ёввойи ҳайвонга айланиб қўйларни бирма-бир бўғизлай бошлаганимда ҳам, сурув қарийб қирилиб битгандагина улар нима гап бўлаётганини англашлари мумкин, холос, - деб ўйлади Сантяго. - Қўйларни егулик топиладиган жойларга бошлаб бора олганим туфайли ва фақат ана шунинг учун, улар ўз савқи табиийлари - сезгиларидан ҳам кўра менга кўпроқ ишонадилар".
* * *
Ҳаёт шуниси билан қизиқки, тушлар ўнгидан келиши ҳам мумкин.
* * *
Бирор нарса қанчалик ғайритабиий бўлса, кўзингга шунчалик оддий кўринади, уларнинг асл маъносини англаш эса фақат донишмандларнинг қўлидан келади.
* * *
...атрофингда доим бир хил одамлар бўлса - улар ўз-ўзидан сенинг ҳаётингга кириб қолади. Ҳаётингга кирдими, бироз вақт ўтгандан сўнг уни ўзгартирмоқчи бўлишади. Агар сен ўзгармасанг, улар хоҳлагандай одамга айланмасанг - хафа бўлишади. Бу дунёда қандай яшаш лозимлигини гўё уларнинг ҳар биттаси аниқ билади.
Лекин негадир ҳеч ким ўз ҳаётини изга солиб ололмайди. Бу лўли кампирнинг ишига ўхшаган гап - тушни таъбирлай олади, уни рўёбга чиқариш эса қўлидан келмайди.
* * *
Бу курраи заминда олий бир ҳақиқат мавжуд: сен ким бўлишингдан ва нима билан шуғулланишингдан қатъи назар, бирор нарсани чин дилдан истасанг, ўшанга албатта эришасан, чунки бундай истак Оламнинг Руҳида дунёга келган бўлади.
* * *
Ўзинг эга бўлмаган нарсани ваъда қилиш, ўшанга эгалик ҳуқуқингни бой бериш, демакдир.
* * *
Ёвузлик инсон оғзига кираётган нарсадан эмас, чиқаётган нарсадан туғилади.
* * *
Ўзганинг тақдирига аралашганлар ўз Тақдиридан мосуво бўлади.
* * *
Одамзод руҳининг қуввати нигоҳида бўлади.
* * *
Қачонки одамзод бир қарорга келиб нимагадир киришса, билингки, у асов оқимга ўзини ташлабди, оқим эса унинг хаёлига ҳам келмаган бошқа бир манзилга олиб кетиши мумкин.
* * *
- Нега алкимёгарларнинг китобларини тушуниб бўлмайди, ҳаммаси чалкаш-чулкаш? - деб сўради у бир куни китобсиз зерикиб ўтирган инглиздан.
- Чунки ёзилганларнинг мағзини чақиш қобилияти фақат алкимё ҳикматларининг масъулиятини ҳис эта оладиганларгагина ато этилган. Тасаввур қилиб кўр, эринмаган ҳар банда қўрғошинни олтинга айлантираверса нима бўлади? Олтин нима, қўрғошин нима - барибир бўлиб қолмайдими? Фақат сабр-тоқатлиларга, донишмандларгагина Буюк Яратувчилик ўз сирларини ошкор қилади.
* * *
"Ҳамманинг дунёни ўрганадиган ўз услуби бор, - ўйлади йигитча. - Уники менга, меники унга тўғри келмайди. Фақат шунинг учунгина уни ҳурмат қилмаслигим инсофдан эмас".
* * *
"Нега энди ўз билимларимни унга бошқалардан сир тутиб, махфий ҳолда ўргатишим керак, - деб ўйлади у. - Ахир, буларнинг нимаси сир, Аллоҳ ўз мўъжизаларини жамики мавжудотга очиқ-ойдин ошкор қилиб қўйган-ку?"
* * *
...ҳозирги аҳволингни яхшилай олсанг - келажагингни ҳам гўзал қилган бўласан.
* * *
"Шундай қилиб, инсон Ўз Тақдири Йўлидан юришига муҳаббат ҳеч қачон халақит бермаслигини англамасдан ўтиб кетасан. Агар халақит берса, демак, у Умумбашар Тилида гапира оладиган асл муҳаббат эмас экан".
* * *
- Умр бўйи олтин излаган ва унга эришолмаган алкимёгарлар ҳам бор, улар қаерда хато қилишган?
- Хатолари шундаки, улар фақат олтин излашган. Улар Йўлда яширинган хазинани излашган. Йўлнинг ўзини эса айланиб ўтишган.
* * *
Мана шу олам мавжудлигининг ўзи - яна бир бундан-да мукаммалроқ олам мавжудлигига далилдир. Парвардигор уни яратмоғидан мақсад - зоҳир пардаси орқали ботинни англасинлар ва ўзларига ато этилган мўъжиза - ақлий ва руҳоний неъматлар сари ўзлари интилсинлар деган.
* * *
Бутун саҳрони англашингни ҳожати йўқ - Яратганнинг бор мўъжизасини кўриш учун бир дона қум зарраси ҳам кифоя қилади.
* * *
...энг бахтли одам бу - қалбида Аллоҳ бўлган одам.
* * *
Ана шу ерга келганда, кўпчилик одамларни жасорат тарк этади. Бу ҳолни саҳро тилида: "Уфқда водий кўринганда ташналикдан ҳалок бўлиш", - дейдилар. Ҳамма вақт изланишлар Хуш Ибтидодан бошланади ва ана шу синов билан интиҳосига етади.
Сантяго ўз юртининг қадимий бир мақолини эслайди: "Зулматларнинг зулмати - тонг олди зулмати".
* * *
Орзуларнинг рўёбга чиқишига йўл қўймайдиган битта нарса бор - омадсизликдан қўрқиш.
* * *
Ўлим ҳеч нарсани ўзгартиролмайди.
* * *
Қўрғошин ҳам токи дунёга зарурати бор экан, ўз қисматига битилган вазифани адо этади, ана ундан кейин олтинга айланмоғи лозим бўлади. Алкимёгарлар шундай дейишади. Яна улар шуни ҳам исботлашганки, биз ўз ҳолимиздан яхшироқ, мукаммалроқ бўлишга ҳаракат қилар эканмиз, атрофимиздаги жамики нарсалар ҳам мукаммаллашади, гўзаллашади.
* * *
Бир марта юз берган нарса иккинчи марта юз бермаслиги мумкин. аммо икки бор юз берган нарса учинчи марта, албатта, бўлади.
* * *
Рўйи заминдаги ҳар бир одам, у нима билан шуғулланишидан қатъи назар, дунё тарихида энг асосий вазифани бажаради. Одатда буни ўзи ҳам билмайди.
НАСРИДДИН тайёрлади.