Саёқ юрсанг...
Карантин муносабати билан бугун кишилардан уйда бўлиш, зарурат бўлмаса, ҳуда-беҳуда кўча кезмаслик, дўкон ё дорихонага чиққанда ҳимоя ниқобида бўлиш сўралаяпти. Ишга қатнаётганлар ҳам санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга мажбур.
Аммо 28 апрель куни тунги соат 23:00 лар чамаси Қарши шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали қошида жам бўлган 4 қиз кўрсатган қилиқ ҳеч бир қолипга сиғмайди.
Маст қилувчи ичимлик истеъмол қилгани етмагандай, тўғридан-тўғри “Инстаграм” ижтимоий тармоғидан жой олаётган беҳаё ҳаракатлари, рақсларни кўрсатишгани ҳаммасидан ошиб тушди. Оғзидан чиқаётган турли ҳақоратли сўзларни тўсадиган ҳимоя ниқоби йўқлиги эса уларни майда безорилик ҳаракатини содир этиб, карантин қоидаларини қўпол равишда бузишда айблаш учун кифоя қилди.
2 нафари тошкентлик, қолган иккиси Қарши ва Косондан бўлган дугоналарнинг ахлоққа зид хатти-ҳаракатларига Қарши шаҳар маъмурий судида ҳуқуқий баҳо берилди. Унга кўра, шерикларнинг бир нафари ҳомиладорлиги эътиборга олиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари, 3 нафарига эса 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси билан бирга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида маъмурий жарима жазолари қўлланилди.
Саёқ юришнинг, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмасликнинг оқибати шу.
Н.ХЎЖАЕВ