Кўкаламзорлаштириш
"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида яқин уч йил ичида Қашқадарёда умумий майдони 90 гектарга тенг "яшил боғлар" ҳамда 87 гектарда "яшил жамоат парклари" барпо этилади.
Мазкур рақамлар мамлакат Президенти томонидан ўтган йил 30 декабрда имзоланган "Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда қайд этилган.
Бу ҳужжатда белгилаб қўйилганидек, "яшил боғлар" шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини оширишга хизмат қилади.
"Яшил жамоат парклари" эса идоравий мансублигидан қатъи назар, бино, иншоотлар, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан, аттракционлар қурилиши тақиқланган ҳамда аҳоли сайил қилишига мўлжалланган дарахтзор ва бутазорлардан иборат бўлади.
Қашқадарёда 2022-2024 йилларда ҳар бир туманда 3 гектардан 15 гектаргача бўлган майдонда "яшил боғлар" вужудга келади. Уларни барпо этиш учун вилоят бўйича умумий ҳисобда 4,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ, жумладан, кўчат экиш билан боғлиқ харажатларга 3 миллиард 150 миллион сўм, томчилатиб суғориш тизимини жорий этишга эса 1 миллиард 418 миллион сўм сарфланади.
Жорий йилнинг ўзидаёқ вилоятимизда 37,8 гектарда "яшил боғлар" пайдо бўлса, шундан энг катта майдонни Косон (6 гектар), Қамаши (4,8 гектар), Нишон, Қарши ва Яккабоғ (4 гектардан) туманларидаги масканлар эгаллайди.
Фармонга биноан 2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда "яшил боғлар"ни барпо этиш дастури доирасидаги ишлар бўйича лойиҳачи этиб "Ўрмонлойиҳа" лойиҳалаш институти, пудратчи этиб "Яшил ҳудуд" давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий корхоналари белгиланган.
Янги "яшил жамоат парклари" ҳам яқин уч йил ичида воҳамизнинг барча туманларида, масалан, Нишон туманидаги Нишон, Каптарли ва Абдулла Қодирий маҳаллаларида (ҳар бирида 1,5 гектардан), Қарши туманидаги Кат ва Нуқработ (5 гектардан), Ғузор туманидаги Тоҳир-Зуҳра ва М.Раҳмонов маҳаллаларида (3 гектардан) барпо этилиб, ҳудудлар кўркига кўрк қўшади. Айни пайтда - Ғузор, Яккабоғ ва Косон туманларида "яшил жамоат парклари" мавжуд маданият ва истироҳат боғлари негизида вужудга келади. Мисол учун, Ғузор тумани Хўжагузар маҳалласидаги истироҳат боғида майдони 2,73 гектардан иборат "яшил жамоат парки" пайдо бўлса, Косон тумани Дўстлик маҳалласидаги Амир Темур номли маданият ва истироҳат боғида 5 гектарлик сайрбоп ва сайилбоп маскан барпо этилади. Яккабоғ тумани Ёшлик маданият ва истироҳат боғи ҳудудида эса 12 гектар майдонда турли объектлар қурилиши тақиқланган ҳамда аҳоли сайил қилишига мўлжалланган дарахтзор ва бутазорлардан иборат "яшил жамоат парки" яратилади.
"Яшил боғлар" ва "яшил жамоат парклари"ни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, ҳомийлик ва грант маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Фармон билан тасдиқланган тегишли дастур ва параметрларга кўра, 2022-2026 йилларда вилоятимиздаги шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги кўкаламзорлаштириш ҳудудларида 120 километр узунликдаги суғориш тизимлари ва 75 та сув чиқариш қудуғи ташкил этилиб, бошқармаларнинг ўзи умумий қиймати 28,8 миллиард сўмдан ортиқ 36 та махсус техника ва механизмлар билан жиҳозланади.
Ўз мухбиримиз