Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

08.05.2020


"ЯШИЛ" ҲУДУД СИФАТИДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН ҚАШҚАДАРЁДА

карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилмоқда

Аниқ мезон асосида

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга тўхталаркан, "Эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгарганидан фойдаланиб, биз иқтисодиётимизда карантин режимини аста-секин юмшатмасак бўлмайди. Чунки бу тартиб иқтисодиётимиз ривожига ва аҳолимиз ҳаётига жуда катта салбий таъсир қилмоқда", дея таъкидлади.

Шунга асосан, мамлакатимизда карантин чоралари юмшатиладиган ҳудудларни белгилаш аниқ мезонлар асосида баҳоланади. Туманлар ва шаҳарлар "қизил" (юқори хавфли), "сариқ" (ўрта хавфли) ва "яшил" (хавфсиз) ҳудудларга ажратилади.

Маълумки, Қашқадарёда коронавирус инфекциясига чалинган 6 беморнинг барчаси буткул соғайиб, вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланган.

Вилоятнинг "яшил" ҳудуд сифатида эътироф этилганлиги 7 майдан бир қатор карантин чораларини юмшатиш учун асос бўлди.

Хусусан, шахсий автомобиллар ҳаракати ва йўналишсиз таксилар (уч нафар йўловчидан ошмаган ҳолда) фаолиятига рухсат берилди.

"Дамас" ва автобус ҳаракатига эса чеклов сақланиб қолди.

Аҳоли карантин қоидаларига риоя этиб мотоцикл, скутер ва велосипедлардан ҳам чекловсиз, фақат мақсадли фойдаланиши мумкин.

Вилоятда, шунингдек, сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари, савдо дўконлари (маҳсулотларни ташқарига ёймаган ҳолда) ҳамда меҳмонхоналар (нонуштасиз) ўз фаолиятини карантин қоидаларига амал қилган ҳолда давом эттиради.

Карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилиши муносабати билан Қарши шаҳридаги амфитеатрда ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бунга эришиш осон бўлмагани, одамлар ушбу енгиллик ва имтиёзларни суиистеъмол қилмасдан, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозимлигини қайд этди. Акс ҳолда қоидабузарларга нисбатан кескин чоралар кўрилиб, ҳатто вазият яна аввалги ҳолига қайтарилиши мумкин.

Фаолиятига рухсат берилаётган барча соҳа вакилларига ўз ишида сўзсиз амал қилиши лозим бўлган қоидалар, йўл-йўриқлар тушунтирилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo