Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

09.06.2020


"ЯШИЛ" ҲУДУДДА ҲАМ КОРОНАВИРУС ЮҚТИРИБ ОЛИШ МУМКИНМИ?

Ҳамон аниқ даво чораси топилмаган коронавирус пандемияси дунёни хавотирда ушлаб турибди. Кўплаб давлатлар қатори юртимизда ҳам коронавирус инфекциясига қарши самарали олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз натижасини бериб, карантин тадбирлари аста-секин юмшатилаётган бўлса-да, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш долзарб бўлиб турибди. Негаки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳоли орасида коронавирус қайд этилиш ҳолатлари учраб турибди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, 4 июнь куни давомида коронавирус қайд этилган 96 нафар бемордан 13 нафари аҳоли орасида аниқланган. 5 июнь куни эса, умумий касалланиш кўрсаткичи камайиб, 68 нафарни ташкил этган бўлса-да, улардан 17 нафари аҳоли орасидан чиққан.

Шундан 9 нафари Тошкент шаҳридан, 4 нафари Қашқадарё вилоятидан, 2 нафари Тошкент вилоятидан, Наманган ва Бухоро вилоятларидан 1 нафардан.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги "Ўрикзор" савдо мажмуасида ўтган май ойи давомида юк ташувчи бўлиб ишлаган, сўнгра доимий яшаш манзили Чироқчи туманига қайтган фуқаро ва унинг 3 нафар оила аъзоси (2 нафар акаси ва қизи)да  ҳам ушбу касаллик аниқланди. Беморлар яшаган Чироқчи туманидаги қишлоқ тўлиқ карантинга олинди.

6 июнь куни эса Қашқадарё вилоятида ишловчи 1 нафар қозоғистонлик фуқарода коронавирус инфекцияси борлиги маълум бўлди.

7 июнь куни касалланиш билан боғлиқ рекорд рақам қайд этилди: 237 кишида коронавирус қайд этилиб, шундан 195 таси Тошкент шаҳрида аниқланган.

Таҳлиллардан кўринадики, нафақат "қизил" ва "сариқ" ҳудудлар, балки "яшил" ҳудудларда ҳам коронавирус юқтириб олиш хавфи мавжуд.

"Шу боис, аҳолидан карантин ва санитария қоидаларига сўзсиз риоя этишни, касаллик аломати сезилган заҳоти шифокорга мурожаат этишни ҳамда кўчада, ишхонада, сафарда ва умуман қаерда бўлишингиздан қатъи назар, бир лаҳза бўлса-да, ҳушёрликни йўқотмасликни такрор-такрор сўраб қоламиз", дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo