Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

19.04.2019


ЯТТ ФАОЛИЯТИ ҚАМРОВИ ҚИСҚАРДИ, СОЛИҚ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ЎЗГАРДИ

 

Ўрганиш натижаларига кўра, бугунги кунда ишбилармонлар алюмин профилли эшик, дераза ва бошқа буюмларни тайёрлашни йирик ускуналардан фойдаланган ҳолда, саноат усулида амалга оширмоқда.  Шунингдек,  хом ашё материаллари ва тайёр маҳсулотларни ортиш, ташиш, тушириш ва ўрнатиш учун кўп ишчи кучи талаб этилади.  Бу эса норасмий ишчиларни ёллаб ишлатиш заруратини юзага келтиради. Шу каби ҳолатлар автомобилларни ювиш фаолияти бўйича ҳам кузатилмоқда.

Бу эса норасмий ёлланган ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва меҳнат хавфсизлиги таъминланмасдан, меҳнат стажлари юритилмасдан ҳамда келгусида асосланган пенсия тўлови кафолатланмасдан қолишига сабаб бўлмоқда. "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунга биноан юк ортиш ва тушириш ишлари оғир ва хавфли ишлар тоифасига киритилган бўлиб, иш жараёнида бир ходимнинг доимий кўтарадиган юк оғирлиги 15 килограммдан ва иш сменаси давомида жами кўтарадиган юк оғирлиги 870 килограммдан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги қарорига асосан Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Бу ҳақда Қарши шаҳрида вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган амалий семинарда сўз юритилди.

Тадбирда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган кўплаб якка тартибдаги тадбиркорлар иштироки таъминланди. Семинар хусусий тадбиркорликнинг айни жабҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар мазмунини соҳа вакилларига кенгроқ тушунтиришга бағишланди.

- Маълумки, ЯТТ тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга оширувчи жисмоний шахс ҳисобланади, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Қодиров. - Унга қўйиладиган тегишли талаблар бор. Аммо бугун айрим ишбилармонлар бизнеси шакли бу талабларга мос эмас. Мисол учун, меъёрдан кўп ишчи ишлатаяпти. Шуни эътиборга олиб, ҳукумат қарорида шу каби 14 та   фаолият турига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, айрим йўналишлардаги фаолият тури билан фақат юридик шахс ташкил этган ҳолда шуғулланиш мумкинлиги белгиланди. Яъни соҳалар қамрови бироз қисқарди. Якка тартибдаги тадбиркорларга ана шундай ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот бердик.

Семинарда таъкидланганидек, ЯТТлар илгари фаолият туридан келиб чиқиб, қатъий солиқ тўлаган бўлса, эндиликда бу тартиб ҳам бироз ислоҳ қилинди. Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 19 мартда давлат рўйхатидан ўтган қарорига мувофиқ, Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товарларни (ишларни, хизматларни)   реализация қилишдан олинган тушумни ҳисоблаш ва солиқлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қайд этилишича, эндиликда календарь йилида товар ва хизматларни реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқ тўлашда давом этади. 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмгача тушумга эга ишбилармонлар ягона солиқ тўловчисига айланади. Йил давомида бу миқдорни бир миллиард сўмдан оширган хусусий тадбиркорлар эса солиқлар ва мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайди.

Бундан ташқари, тадбирда тегишли тушумни аниқлаш, ЯТТларнинг ягона солиқ тўлови тўлашга ўтишининг ўзига хос хусусиятлари сингари масалаларга мутахассислар томонидан атрофлича изоҳ берилди.  Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олишди.

М.ШУҲРАТОВ

Суратда: тадбирдан  лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo