Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

28.12.2016


ЮКСАК ИШОНЧГА МУНОСИБ БЎЛИШ УМИДИ

 

Тошкент вилоятилик Ойбек Юсуповнинг ҳам йигит кишига ярашадиган ҳунарлари бор эди. Тоғ-кон металлургия комбинатида ишларди, ошпазликни уддаларди, қўли гул уста эди. Аммо у ҳам жиноят кўчасига кириб қолди. Ҳаётга енгил-елпи қаради. Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юришни афзал кўрди. Охир-оқибатда озодликдан маҳрум этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2016 йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор билиб-билмай адашган, қилмишидан тўғри хулоса чиқарган кишилар учун катта имконият яратди. Қарор моҳиятида халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик тамойиллари муҳим ўрин тутган бўлиб, унда биринчи навбатда аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет эл фуқаролари, ногиронларни жазодан озод қилиш назарда тутилган.

Қарши шаҳридаги Шайхали қўрғонида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида қарор ижросини таъминлашга оид бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида маҳкум Ойбек Юсуповга нисбатан амнистия актини қўллашга оид иш кўриб чиқилди. Суд, прокуратура, ички ишлар идоралари масъул ходимлари билан бир қаторда жараёнда иштирок этган сенаторлар, жамоат ташкилотлари вакиллари маҳкум билан очиқ мулоқот қилиб, унинг чин кўнгилдан пушаймонлиги, хатосидан тўғри хулоса чиқарганини инобатга олиш лозимлигига эътибор қаратди. Суднинг ажрими эълон қилинди: Ойбек Юсупов амнистия актига асосан жазодан муддатидан олдин озод этилди.

Энди у ҳам яна озодлик ҳавосидан баҳра оладиган бўлди. Ҳаётини қайтадан бошламоқчи, ҳалол яшаш ниятида.

– Жазони ижро этиш жойида қилган хатоларим ҳақида жуда кўп ўйладим, қаттиқ пушаймон бўлдим, – дейди у. – Ёлғиз онам, рафиқам, 4 нафар боламнинг аҳволи менсиз қандай кечгани бир зум бўлсин мени тинч қўймади. Менга билдирилган ишонч ва ғамхўрликдан миннатдорман. Бизни кечириб, ишонч билдирган, ғамхўрлик ва бағрикенглик кўрсатган давлатимизга,  халқимизга раҳмат.

Суднинг ажримига мувофиқ жазодан озод этилганлардан яна бири Шоҳрух Нурматов. У ҳали касб-ҳунар коллежи ўқувчиси бўлса-да, ёшлик, қизиққонлик билан содир этган қилмиши ҳаётига катта доғ бўлишини ўйлаб кўрмаганди. Жазони ижро этиш муассасасида ўтган 1 йилдан зиёд давр унинг қарашларини ўзгартирди. У аввал қаттиқ  янглишганини, тўғри, ҳалол яшаш кераклигини ўйлади. Тенгдошлари билими, зеҳни билан дунёни лол этиб турган вақтда умрини хазон қилганини тушуниб етди.

Ургутлик Саъдулла Раҳматов эса отаси Раббим Ҳамдамовнинг оила бағрига қайтаётганидан хурсанд. Дунёда озодликдан улуғроқ неъмат йўқлигига ишонч ҳосил қилган отасининг фарзандлар қуршовида бахтли ҳаёт кечиришига умид қилади. Раббим Ҳамдамов эса ўзи каби адашганларни афв этиб, тўғри йўлга тушиши учун имконият берган давлатимиздан миннатдор бўлиб, энди фақат ҳалол меҳнат билан эл-юртга фойда келтиришни ният қилаяпти.

– Амнистия актининг эълон қилиниши халқимизга хос бағрикенгликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Суюн Абдиев. – Бу муҳим қарор ижроси юзасидан вилоятдаги мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор ишлар олиб борилмоқда. Амнистия туфайли жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларни ижтимоий ҳимоялаш, иш билан таъминлаш, ёлғиз ва кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, соғлиғини тиклаш, вояга етмаганларни ўз ота-оналари ёки васийлик органлари назоратига топшириш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Чунки қабул қилинган амнистия акти улкан профилактик, ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга эга, унда муайян тоифадаги шахсларнинг нафақат жавобгарлиги ёки жазодан озод қилиниши, балки уларни даволаш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш борасида муҳим тадбирлар белгилаб берилган.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам ушбу қарор ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тегишли муассаса, идоралар раҳбарлари ва бошқа масъуллардан иборат ҳудудий комиссия ва ушбу қарорнинг амалиётда қўлланишида жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

- Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарори қўлланиш тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралигини таъминлашга кўмаклашишдан иборат, - дейди вилоятда жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи раҳбари Муродулла Нормуродов. – Шундан келиб чиқиб, гуруҳ аъзолари жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказаяпти, уларнинг шахсий йиғма жилдлари билан танишаяпти. Шунингдек, суриштирув ва дастлабки тергов органлари иш юритувидаги терговга қадар текширув материаллари ва жиноят ишлари ҳам мониторинг қилинаяпти.

- Амнистия актига асосан жазони ижро этишдан озод қилинган шахсларнинг ўз уйларига, оиласи бағрига тез ва эсон-омон етиб бориши учун махсус транспортлар ташкил этилиб, йўл пуллари берилди, - дейди Қарши махсус прокурори Фарҳод Омонов. – Ҳар бири билан суҳбатлар ўтказилиб, бундай бағрикенглик бир имконият эканлиги, энди ҳаётда тўғри йўлни танлаш лозимлиги тушунтирилаяпти. Собиқ маҳкумларни уйларига кузатиш тадбирларида ота-оналари, жамоатчилик вакиллари қатнашаяпти. Бу ҳам уларга руҳан кўмак бўлади.

- Қарор ижросининг тегишли идора ва ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва самарали ижро этилиши жазодан озод этилиши кутилаётган шахслар, уларнинг оила-аъзолари ҳаётида муҳим ўрин тутади, - дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Отабек Атаков. – Бу жамиятда инсонпарварлик тамойили мустаҳкамланиши, барқарорлик таъминланишига замин яратади. Маълумки, амнистия актига асосан озод бўлиб келган шахс дастлаб маҳаллага, аниқроғи уйига келади. Демак, уларнинг ижтимоий ҳаётга кўникма ҳосил қилишида биринчи навбатда жамоатчилик, қолаверса, маҳалланинг ўрни юқори бўлмоғи зарур.

Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги муқаддам судланганларни ижтимоий ҳимоялаш кўникма марказлари томонидан амнистия акти асосида жазодан озод этилган шахслар мурожаат қилган заҳотиёқ рўйхатга олиниши, шунингдек, уларга бир марталик моддий ёрдам пуллари берилишини, ҳокимликлар эса уларга сарфланадиган маблағлар масаласини ҳал этмоғи зарур.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатида амнистия актига асосан озод қилинган 6 нафар шахс вилоятда рўйхатга олиниб, тегишлича тарбиявий-профилактик ҳамда ижтимоий-моддий ҳимоя чоралари кўрилмоқда.

Дарҳақиқат, озодлик - буюк, бебаҳо неъмат. Афсуски, аксарият ҳолларда одамлар бу ҳақиқатни ундан маҳрум бўлганда биладилар.

Амнистия туфайли озодлик ҳавосидан нафас олганларнинг кўзларида қувонч порлайди, тилларида шукрона. Улар давлатимиз ва бағрикенг халқимиз билдирган юксак ишончга муносиб бўлишга сўз беришди. Зеро, бу уларни яхшилик қилишга ундайди, ҳаётда ўз ўринларини топишига умид уйғотади.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo