Хусусан, айни пайтда 4 минг нафарга яқин ёш турли мукофотларга лойиқ кўрилган бўлса, юздан зиёд йигит-қиз Ватанимизнинг юксак унвонлари билан тақдирланди. 22 минг нафардан зиёд ёшлар фан олимпиадаларида, 200 нафардан ортиғи халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритди. Ёшларимиз орасида фан номзодлари, фан докторлари ҳам талайгина. Шунингдек, 192 минг нафардан ортиқ ёшлар турли спорт мусобақалари, уч мингдан кўпроғи халқаро мусобақалар ғолибидир. Ёшларимиз орасида 600 нафар жаҳон чемпиони, 1 минг 300 нафар Осиё чемпиони бор.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 30 июнь – Ёшлар куни этиб белгилангани эса ёшлар учун ўзига хос қувончли байрам бўлиш билан бирга, уларни янги, юксак марраларга чорловчи, жонажон Ватанимизга садоқатини янада кучайтирувчи беқиёс рағбат бўлди, десак айни ҳақиқатдир.
Президентимиз таъкидлаганидек, миллионлаб ёшларнинг ҳаёти ва келажагига бевосита дахлдор бўлган ўзгаришлар ҳар томонлама чуқур ўйлаб иш тутишни, етти ўлчаб, бир кесишни талаб этади. Мамлакатимиз тарихида илк марта ўтказилаётган “Ёшлар куни” тадбирлари эса жамиятимиз ва давлатимизнинг ёшлар сиёсатидаги қатъий иродасини намоён этиб, мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра нафақат юртимиз ёшлари, балки бутун халқимиз манфаатларига хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Ёшлар мамлакат келажаги экан, уларнинг орзу-истакларини амалга оширишдаги барча имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, керак бўлса, ҳар бир ёшнинг интилишини ўринли баҳолаш, йўлдан адашганларига тўғри йўл кўрсатиш, имкон излаганларга шароит яратиб бериш, шиддат билан ривожланиб бораётган замонда ёшларни ҳамиша сергак бўлиб, ҳар қандай ижтимоий воқеликка ўз муносабатини билдиришга даъват этиш “Ёшлар куни” тадбирларининг асосий мазмунидир.
Шу мақсадда бугун барча туман-шаҳарларда “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари бўлиб ўтмоқда, имконияти чекланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилаётир. “Ёшлар – келажагимиз” дастурида белгиланган вазифалар ижросига эътибор қаратилмоқда.
Давра суҳбатлари, фотокўргазмалар, тренинг, викторина ва интерфаол ўйинларни жамлаган “Мен ва Ёшлар иттифоқи” акциясига ҳам қизғин тайёргарлик кўрилди.
Шуни ҳам қайд этиш керак, мазкур сана олдидан “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасининг бўлимлари ташкил қилиниб, уларга ҳудуддаги ёш, истиқболли ва ҳаракатчан тадбиркорлар раҳбар этиб тайинланиши белгиланди. Жойлардаги прокуратура органлари мазкур жамғарманинг иш фаолиятига бевосита амалий ёрдам кўрсатиб боради.
Бугунги “Ёшлар куни” тадбирлари ҳақиқий байрам тусини олади. Бунда энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшларга байрам табриги ўқиб эшиттирилиши, сўнг йил давомида яхши натижаларга эришган намунали ёшларга ҳокимлар ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилиши кўзда тутилган.
“Китобхонлик викториналари”, китоб ярмаркалари, янги асарлар тақдимотлари, “Назм ва наво” кечалари, ёш дизайнерлар либослари намойиши, ёш ошпазлар танлови, “Дунё рақслари” шоулари, “Бахтли оила қурамиз” шиори остида ихчамлаштирилган намунали тўйлар аллақачон бошлаб юборилди. Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича меҳнат ярмаркалари, “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида эстафета, спорт мусобақалари ўтказилаётир.
Буюк Гоголь ёшлик шу нарса билан бахтиёрки, унинг келажаги бор, деган эди. Шундай экан, эртанги куннинг нурафшон бўлиши бугунги қадамларга, мақсад ва ҳаракатга кўп жиҳатдан боғлиқ. “Ёшлар куни” тадбирларида жаранг сочаётган “Ўзбекистонга садоқат билан хизмат қилишга доим тайёрмиз!” сўзлари эса ўғил-қизлар қалбидаги қатъий мақсаднинг учқунларидир.
Н.ХЎЖАЕВ