– Маҳалламизда 764 та хонадон мавжуд, 4 минг 305 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Касби туманидаги Юксалиш маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурбек Ибрагимов. – Давлатимиз раҳбари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдига қўйилаётган вазифалардан келиб чиқиб, маҳалла фаоллари, нуронийлар, фаол ёшлар билан ҳамкорликда ҳудудда осойишталикни таъминлаш, турли ҳуқуқбузарликлар ва салбий иллатларнинг олдини олиш, аҳолининг тадбиркорлик кўникмасини ошириш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораяпмиз. Албатта, қилинаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. 2017 йилда маҳалламизда бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Одамларда ишлаш, оиласи фаровонлиги учун қатъий ҳаракат қилиш кўникмаси ошиб бормоқда. Барча оилалар томорқа ер майдонларига эга. Ҳеч қаерда ишламайдиган фуқароларимиз ҳам бугун ердан унумли фойдаланиб, шунинг ўзидан яхши даромад топмоқда. Оилалар фаровонлиги таъминланаяпти.
Дарҳақиқат, маҳалла аҳлининг томорқадан самарали фойдаланаётгани ҳар бир хонадонда кўзга ташланади. Тажрибали томорқачилардан бири Тўймурод Носировнинг таъкидлашича, бу маҳалла деҳқонлари картошка ва саримсоқпиёз етиштиришда яхшигина тажрибага эга бўлиб улгуришибди.
- Ўтган йил ҳам барча қўшниларимиз саримсоқпиёз, картошка ва помидор каби маҳсулотларни етиштириб, яхши даромад олишди, - дейди у. – Бу йил 80 фоиз аҳоли томорқасида саримсоқпиёз етиштирмоқда. Шунингдек, картошкачиликда ҳам деҳқонларимизга тенг келадигани йўқ. Ўртача ҳар бир оила 8-10 сотих томорқадан бир йилда 10-15 миллион сўм даромад қилмоқда. Ерга икки, уч маротаба экин экиб, 30-40 миллион сўм фойда олаётганлар ҳам бор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмаяпти”. Бу таърифга Юксалиш маҳалласи ҳам мисол бўлаётгани энг аввало шу ерда яшаётган инсонларнинг ютуғидир. Улар ҳамжиҳат, ҳамфикр экан, Юксалишда юксалиш бўлаверади.
Суратда: Касби туманидаги Юксалиш маҳалласи фаоллари.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ