Тўғри, сўнгги вақтда замонавий тиббиётнинг кардиология соҳаси ҳар жиҳатдан ривожланди. Инсониятни ушбу хасталикдан ҳимоялаш борасида ҳам кўзга кўринарли муваффақиятларга эришилмоқда. Ишлаб турган юрак фаолиятини бевосита кузатиб, ундаги нуқсонлар аниқланаётгани, қон-томирлар орқали юракнинг турли қисмларига зондлар (найчалар) юбориб, тегишли жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётгани ҳам катта натижалардир. Юрак касалликларига қарши ишлаб чиқарилаётган ва фаол қўлланаётган дори-дармонларнинг эса сон-саноғи йўқ. Шунга қарамасдан, айрим мамлакатларда ушбу хасталикдан азият чекувчилар сезиларли камайиш ўрнига аксинча кўпаймоқда. Сабаблар кўп ва турлича. Азалдан маълумки, асосий урғуни касални даволашга эмас, унинг келиб чиқишига қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда самарадорлик ҳам тезда кўзга ташланади.
Шу нуқтаи назардан қуйида юрак қон-томирлари хасталикларининг юзага келишида овқатланиш омилининг ўрни ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Тиббиёт отаси, қадимги юнон мутафаккири Гиппократ айтганидек, инсон онадан соғлом туғилади, барча касалликлар эса унга овқат билан киради. Дунёнинг етакчи илмий марказларида олиб борилган кузатувларда ҳам бу фикр ўз исботини топган. Аниқланишича, ҳайвон ёғидан ва юқори сифатли ундан тайёрланган таом ҳамда ширинликларни меъёридан ортиқ тановул қилиш, овқатланиш тартиби ва ритмига амал қилмаслик кўнгилсизликларнинг бош сабабчисидир. Натижада озиқ-овқатлар асосий таркибий қисмлари ўртасидаги мувозанат бузилади ва оқибатда семизлик, юрак-қон томир ҳамда бошқа қатор аъзолар касалликлари келиб чиқиши ортади.
Бунга янада ойдинлик киритиш мақсадида АҚШда кенг кўламли ва узоқ давом этган тажриба ўтказилди. Бир неча минг хотин-қиз унинг бевосита иштирокчиси бўлишди. Кузатувлар асосида шундай хулосага келинди. Сергўшт, қовурилган, тузи кўп овқатлар, тухум, ҳайвон ёғида тайёрланган таомлар, юқори навли оқ ундан қилинган маҳсулотлар, ширинликлар, ёғли сут ва сут маҳсулотларини хуш кўрувчиларнинг юрак хасталикларига йўлиқиши бошқаларга қараганда 50 фоизга кўп экани маълум бўлди. Аксинча, кундалик рационида мева-чева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари мўл бўлган ҳамда қорамол гўшти ўрнига кўпроқ балиқ истеъмол қиладиган инсонларда бу кўрсаткич анча паст (30 фоиз) экани қайд этилди.
Маълумки, хавфли юрак хасталикларига (айниқса, миокард инфаркти) юрак мускулларининг озиқ моддалари ва кислород билан таъминловчи тож томирлари деворларида ёмон сифатли холестериндан ҳосил бўлган тошмачаларнинг ёпишиб қолиши олиб келади. Қон ҳаракатининг кескин секинлашиши атеросклерозга сабаб бўлади. Хўш, бундай холестеринлар қандай кўпаяди ёки нима шунга йўл беради? Жавоб ҳам оддий. Барчаси нотўғри таомланиш оқибатидир. Кундалик рационингизда ҳайвон ёғларидан (сариёғ, думба ва чарви ёғлари) тайёрланган таомлар, гўшт ҳамда тухум, сут маҳсулотлари, шакар, ҳар хил ширинликлар, юқори навли ундан қилинган турли пишириқлар меъёрдан ортиқми, демак, организмингизда ёмон холестерин мўл эканига шубҳа қилманг. Антиоксидантли маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш эса бунинг олдини олишга ёрдам беради. Айнан улар ёмон сифатли холестерин ҳосил бўлишини тўхтатади. Бундай антиоксидантлар эса асосан калий элементига бой дуккаклилар (ловия, нўхат), картошка, сабзи, помидор, лавлаги, пиёз, шолғом, ошқовоқ, шивит, қовун, мева-чевалар (банан, олма, нок, зардоли, гилос, узум ва бошқалар)да кўп бўлади.
Ушбу ўсимлик маҳсулотларидан етарли миқдорда истеъмол қилиб туриш юрак хасталикларидан ҳимояланишда асқатади. Ўлкамизда бу маҳсулотлар мўл-кўл бўлишига қарамасдан, кундалик таомланишда ҳамма ҳам уларни етарли миқдорда ишлатади, дейиш қийин. Кимдир бу маҳсулотларни еган билан энергияга бўлган эҳтиёж қонмайди, асосий қувват гўшт ва ёғли таомлар билан ҳосил бўлади, деб ҳисоблайди. Баъзилар эса уларнинг озиқ модда сифатида нима учун кераклигини тегишли даражада тасаввур қилолмайди. Ёки соғлом, тўғри овқатланиш билан боғлиқ тушунчалардан йироқ бўлади.
Шуниси ҳам борки, бу касалликларга чалинмаслик учун ҳайвон маҳсулотлари, яъни гўшт, тухум, сут ва сутдан тайёрланган сузма, кефир, сариёғ, пишлоқ ва бошқаларни тамоман истеъмол қилмаслик керак, деган хулоса буткул нотўғри. Чунки, уларнинг таркибидаги нутриентлар организм учун керак. Масалан, гўшт, тухум, сутдаги биологик тўла қийматли оқсиллар ҳужайра ва тўқималар учун қурилиш материали бўлиб хизмат қилади. Озиқ моддаларнинг ҳазмланиши учун зарур бўлган ферментлар, тана бошқарувида қатнашадиган гормонлар, шунга ўхшаш қатор биологик фаол моддалар синтезланишида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Улар инсон организми ўсиши, ривожланиши, ақлий ва жисмоний фаолият учун жуда зарур. Фақат улардан керакли миқдорда қабул қилиш даркор, зиёда қисми эса нохушликларга ва оқибатда атеросклероз, ундан келиб чиқадиган миокард инфаркти, қон босимининг юқори бўлиши (артериал гипертензия) ва шу каби хасталикларга олиб келади.
Бу меъёрлар кишининг ёши, жинси, қиладиган иши, об-ҳаво шароитларига кўра ҳисоблаб чиқилган махсус маълумотномаларда мавжуд. Масалан, катта одамлар учун бир суткада ҳар бир килограмм тана массасига кўра 1 грамм оқсил, шунча ёғ ва 4-5 грамм углевод истеъмол қилиш ўртача физиологик меъёр ҳисобланади. Бу кўрсаткичлар болалар учун бироз кўпайтирилган. Чунки улар ўсиб-ривожланиб боради. Уларнинг миқдори оғир жисмоний иш қилувчилар ва спортчилар учун ҳам меҳнат қилиш турига қараб маълум миқдорда кўпайтирилган. Айрим ҳайвон маҳсулотлари, масалан, балиқ таркибида баъзи бир ёғ кислоталари (масалан омега-3) ва осон ҳазм бўлувчи аминокислоталар борлиги боис қонда холестерин миқдори озайишига туртки бўлади. Шунинг учун ҳафта давомида 3-4 марта балиқ ёки балиқли таомлар еб туриш юрак қон-томир хасталикларига чалиниш хавфини камайтиради. Америкадаги Гарвард университети олимларининг 65 ёшдан ошган 5000 дан кўпроқ одам устида олиб борган кузатувлари шуни кўрсатдики, ҳафта давомида 4 мартагача балиқ истеъмол қилиб турган респондентларда инсульт (мияда қон айланишнинг бузилиши, қон қуйилиши) бошқаларга қараганда 27 фоиз кам учрайди.
Юрак-қон томирлари касалликлари олдини олишда тўғри, соғлом овқатланиш қоидаларига амал қилиш энг муҳим тадбирлардан биридир. Бунга юзаки қараб бўлмайди. Бир фурсат риоя қилиб, кейин эътиборсизликка йўл қўйилса, кўнгилдагидек натижага эришишни орзу қилманг. Агар мунтазам фаол жисмоний иш, жисмоний тарбия ҳаракатлари ва баҳоли қудрат спорт билан шуғулланиб турилса, мазкур хасталиклар биздан тобора йироқ бўлади.
Ш.Қурбонов, биология фанлари доктори, профессор
Г.БЎронова, Қарши давлат университети магистри