Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ЮРИДИК ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИ БАРЧА ИДОРАЛАРДА ҲАМ САМАРАЛИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛГАНМИ?

Абдишукур ОМОНОВ

12.07.2018


ЮРИДИК ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИ БАРЧА ИДОРАЛАРДА ҲАМ САМАРАЛИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛГАНМИ?

Хўш, давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат қандай ташкил этилади? Юридик хизмат ходимларининг фаолияти, ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат? Улар қандай ишларни амалга оширмоқда?

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ҳужжат эканини таъкидлаш ўринли.

Президент қарорига асосан юридик хизмат фаолиятининг асосий 5 та йўналиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган энг кам меъёр ва мезонларга асосан мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилиши белгиланди. Юридик хизмат ходимларига адлия ходимларига белгиланган мартаба даражаларини бериш, кўп йиллик хизмат учун устамаларни тўлаш тартиби татбиқ этилди. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишга ўтганда мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобга олинадиган бўлди. Соҳада уч йиллик меҳнат стажига эга бўлган ходимлар эндиликда стажировка ўтмасдан лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида малака имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўрнатилган тартибга кўра, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хусусиятга эга барча ҳужжатларининг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизани амалга ошириш учун мажбурий тартибда юридик хизматга тақдим этилиши керак. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир қиладиган қарорлар юзасидан юридик хизматларнинг хулосаси олиниши лозим.

Юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилади. Юридик хизмат ходимлари ҳар уч йилда камида бир марта малакасини ошириши, уч йилда бир марта аттестациядан ўтиши шарт. Суд ёки судга қадар ташкилот фойдасига ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланади. Ҳар йили қонун устуворлиги ва қонунийликнинг таъминланиши аҳволи тўғрисида унинг ҳисоботи эшитилади.

Юридик хизмат ўзи виза қўйган ва ўзи берган хулосаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги учун жавоб беради. Уларнинг махсус унвонлари 3, 2, 1-даражали юрист ва 3, 2, 1-даражали адлия маслаҳатчиси даражаларидан иборат. Мартаба даражалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан берилади. Мартаба даражаларига эга бўлган юридик хизмат ходимларининг лавозим маошларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда қўшимча ҳақ тўланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил    22 ноябрдаги 244-сонли қарори билан Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга асосан юридик хизмат ходимлари тегишли равишда Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органларида ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтиши шарт. Биринчи марта ишга кирган шахслар олти ой мобайнида аттестациядан ўтказилиши керак. Ёш мутахассислар ишни бошлаган вақтдан икки йил ўтгач, уч ойдан кечикмай аттестациядан ўтказилиши лозим. Ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача боласи бор аёллар аттестациядан ўтказилмайди.

Аттестация суҳбат шаклида бўлиб, комиссия қарорига асосан ўтган ёки ўтмаган деб эътироф этилади. Ўтган ходимга икки кун муддатда гувоҳнома берилади, унинг муддати уч йил. Юридик хизмат ходими аттестациядан ўтмаган ташкилот шу ходимни такрорий аттестациядан ўтказиш учун уч ой ўтгач, бироқ олти ойдан кечикмай мурожаат қилиши мумкин. Такрорий аттестациядан ўта олмаган ёки қайта мурожаат қилинмаса, адлия органининг билдиришномаси асосида бу ходим вазифасидан бўшатилиши керак.

Юридик хизматлар ходимлари ҳар уч йилда камида бир марта Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида икки ҳафтадан кам бўлмаган муддатда малака оширади. Малака оширишдан ўтган ходимларга сертификат берилади. Малака ошириш марказ билан тегишли ташкилот ўртасида тузиладиган шартномалар асосида тўлов эвазига амалга оширилади.

Ташкилотлар ҳар йили 1 июнга қадар тегишли адлия органларига юридик хизмат ходимлари тўғрисида ахборот тақдим этади. Йил давомида юридик хизмат ходимлари тўғрисидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда, ташкилотлар ўн кун муддатда тегишли ахборотни адлия органига юбориши керак.

Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги буйруғи билан тасдиқланган Юридик хизмат ходимини лавозимга   тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ташкилотнинг номзод ҳақидаги тақдимномасини тегишли адлия органи бир ой ичида кўриб чиқади. Номзод суҳбат ўтказишдан камида уч кун олдин хабардор қилиниши керак. Узрсиз сабаблар билан суҳбатга келмаган номзод суҳбатдан ўтмаган ҳисобланади. Суҳбат натижаси бўйича ташкилот хабардор қилинади. Ташкилот суҳбатдан ўтмаган номзод ўрнига бир ой ичида бошқа номзод тавсия қилиши мумкин. Бу номзодлар ҳам суҳбатдан ўтмаса, адлия органи ўн кун ичида муқобил номзодларни ташкилотга тавсия қилишга ҳақлидир. Шунингдек, суҳбатдан ўта олмаган номзодлар уч ойдан кейин қайта тавсия қилиниши мумкин.

Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги буйруғи билан Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган  шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Ташкилот юридик хизмат ходими биринчи марта лавозимга тайинлангандан сўнг, ўн кун ичида шу ходимни стажировкадан ўтказишни сўраб тегишли адлия органига мурожаат этади. Адлия органи бир ой ичида стажировка ўташ вақтини белгилаб, камида бир ҳафта  олдин ташкилотни ёзма равишда хабардор қилади. Стажировка ўташ муддати икки ҳафтани ташкил қилади ва унинг раҳбари камида беш йиллик иш стажига эга бўлиши керак. Стажёр тасдиқланган режа асосида ўтказилган стажировка натижалари бўйича ёзма ҳисобот тайёрлайди. Стажировка раҳбари стажировка якуни бўйича стажёрга нисбатан тавсифнома тузади. Тавсифнома масъул бўлинма раҳбари томонидан имзоланади ва хат билан стажёрни юборган ташкилотга жўнатилади.

Махсус унвон мартаба даражалари эса ўтказилган аттестация натижалари, малакаси ва иш стажи, олдинги иш жойидаги махсус унвонига асосланиб берилади. Ташкилот раҳбари тегишли адлия идорасига тавсия хати ёзиши керак. Мартаба даражаси Адлия вазирининг ташаббуси билан ҳам берилиши мумкин. Зарур ҳолларда мартаба    даражаларига тавсия этилган номзодлар  аттестация комиссияси томонидан суҳбатдан ўтказилиши мумкин.

Адлия вазири буйруғи билан юридик департамент ва юридик бошқарма, юридик бўлим, юридик бюро, битта штатдан иборат юристконсульт учун шарт-шароитлар яратишнинг минимал талаблари ҳам белгилаб берилган. Юридик хизматда Ўзбекистон Республикаси кодексларининг расмий нашрлари ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами бўлиши шарт.

Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари юқорида баён қилинган талаблардан келиб чиқиб ўзлари бошчилик қилаётган идорада юридик хизмат фаолиятини самарали йўлга қўйишга жиддий эътибор қаратишлари керак.

Корхона, муассаса ва ташкилотларда юридик хизмат яхши йўлга қўйилса, биринчидан, қабул қилинаётган қонунлар ва қонун ости ҳужжатларидан хабардорлик ҳамда ижро таъминланади. Иккинчидан, ноқонуний қарор, буйруқ ва бошқа асоссиз ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Учинчидан, турли даражадаги қонун бузилишларнинг олди олинади, ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланади. Тўртинчидан, ташкилотнинг қонуний ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга эришилади. Бешинчидан, ходимларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали қонун бузилишлар ҳамда асоссиз шикоятбозликларнинг олди олиниб, бу ўз ўрнида, жамоада соғлом муҳит шаклланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Абдишукур  ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бошлиғи

 

Report typo