Юридик хизмат ходимлари фаолиятидаги муаммолар ва соҳани ривожлантириш юзасидан таклифларни таҳлил этиш мақсадида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги "Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти, бугунги кунда юридик хизмат соҳасида учраётган муаммолар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, "Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш мақсадида қабул қилинди. Унга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган энг кам меъёр ва мезонларга асосан мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади. Бунда юридик хизматнинг мавжуд штат бирликлари қисқартирилишига йўл қўйилмайди. Юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат стажи ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобига олинади.
Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик стажига эга бўлган ходимлари, лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида малака имтиҳонида тегишли стажировка ўтмасдан иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланади.
Ўз зиммасидаги вазифаларни тўлақонли адо этиш эса юристлардан ҳар қачонгидан кўпроқ масъулият ва жавобгарликни тақозо этади.
- Ҳудудлардаги ўрганишлар ҳуқуқий тарғибот соҳасида ҳам ҳали қилинадиган ишлар кўплигини кўрсатади, - дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдумуталиб Дадажонов. - Хусусан, ҳудудий давлат бошқаруви органлари ва жамоат бирлашмалари ўртасида ҳамкорлик етарли эмас. Фуқароларни ҳуқуқий янгиликлардан хабардор қилиш эски усулларда амалга оширилмоқда (қоғоз кўринишида, семинар, давра суҳбати шаклида), бунда аҳолининг ижтимоий фаол қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёж ва сўровлари инобатга олинмаяпти.
Семинарда, шунингдек, юридик хизмат ходимлари фаолиятда фойдаланиши учун Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қўлланмалар, юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказишда бериладиган тахминий саволларнинг янгиланган рўйхати тақдимотлари ўтказилди. Юридик хизматлар томонидан ҳар йили тайёрланадиган давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийлик таъминланиши аҳволи тўғрисидаги ҳисоботнинг тавсиявий намунаси кўрсатилди. Шу билан бирга, интернет тармоғидаги юридик хизматга оид фойдали ҳаволалар: lex.uz - Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, huquqiy axborot телеграм канали, yurist.adliya.uz - Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари маълумотлар базаси ҳамда Адлия вазирлигининг minjust.uz расмий сайти хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Юристларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.
Б.САЙФИЕВ