Президентнинг 2018 йил 13 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида ҳар бир вилоятда вазирликнинг юридик коллежларини ташкил қилиш назарда тутилган бўлиб, шу асосда Қарши иқтисодиёт коллежи Қашқадарё вилоят юридик коллежига айлантирилди. Унда давлат хизматлари, кадрлар масалалари, аграр сектор, шартномавий масалалар, нотариат, адвокатура ва ижро йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади. Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи лавозими бўйича юридик коллежи директори ҳисобланади. Муассасага қабул ҳар бир ҳудуднинг юриспруденция соҳаси бўйича ўрта махсус таълимга эга бўлган кадрларга эҳтиёжига қараб, Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган квоталар доирасида амалга оширилади. Ўқиш тўлов контракт асосида ташкил этилади. Коллежни битирган ёшлар 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетига ҳудудий адлия органларининг танлов асосида бериладиган йўлланмалари билан тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали бакалаврлар тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича қабул қилинади. Бунда талаба ўқишни тугатгач, йўлланма асосида юборилган ташкилотда уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олади.
Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида"ги қарори билан унга ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди ва 2019 йил 1 апрелдан кучга кирди.
Хўш, Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқишга кириш учун абитуриентдан қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Низом асосида белгиланган тартибга кўра, қабул комиссияси абитуриентдан тасдиқланган шаклдаги ариза, 11-синф ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асли ва нусхаси, 3,5х4,5 сантиметр ўлчамли 6 дона рангли фотосуратни шахсан тақдим этишни сўрайди. Агар асос бўлса, ҳужжат топширувчи аризага 1- ёки 2-гуруҳ ногирони эканлиги, "Меҳрибонлик уйи"да тарбияланганлиги тўғрисидаги қайдни ҳам киритиши керак. Чунки, кам таъминланган оилалар фарзандлари, "Меҳрибонлик уйи" тарбияланувчилари, шунингдек, кўзи ожиз абитуриентлар умумий қабул квоталаридан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан махсус ажратилган ўринларга қабул қилинади. Уларнинг ўқиши қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.
Абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш тегишли ўқув йилининг 5 майидан кечикмай тузилган муассаса қабул комиссияси томонидан 1 июндан 20 июнгача (шу куни ҳам) қабул қилинади. Қабул комиссияси раиси ва масъул котиби адлия вазирининг, қолган комиссия аъзолари коллеж директорининг буйруғи билан тайинланади. Қабул муддати, квота ва йўналишлар ҳақидаги маълумот ушбу комиссия томонидан қабул бошланишидан бир ой олдин коллеж веб-сайтида эълон қилинади.
Адлия вазирлиги юридик коллежларига кириш имтиҳонлари "Ҳуқуқшунослик" ҳамда "Она тили ва адабиёти" фанлари бўйича ёзма шаклда ўтказилади. Имтиҳон олишда 30 нафар абитуриентдан иборат гуруҳлар шакллантирилиб, жараён видеотасвирга туширилади. Икки соат давом этадиган имтиҳон 9.00 да бошланади ва 8.30 дан кейин абитуриентлар бинога киритилмайди. Яна шунга ўхшаш одатий чекловлар ҳам мавжуд бўлиб, имтиҳон ўтадиган бинога уяли телефон, китоблар ва шпаргалкалар олиб кириш кабиларга йўл қўйилмайди. Натижаларни баҳолаш "Ҳуқуқшунослик" фани бўйича 0 дан 100 баллгача, "Она тили ва адабиёти" фани бўйича эса 0 дан 50 баллгача бўлади. Ёзма имтиҳон қайта ўтказилмайди.
Низомда апелляция шикоятларини ҳал этиш тартиби ҳам белгиланган бўлиб, уни коллеж директорининг буйруғи билан тузиладиган апелляция комиссияси кўриб чиқади. Абитуриент имтиҳон натижаларидан норози бўлган тақдирда, у эълон қилинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида апелляция шикояти бериши мумкин. Апелляция шикояти икки иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади ва натижаси бўйича қарор қабул қилинади.
Умуман, Адлия вазирлиги юридик коллежларининг ташкил этилиши соҳада кадрларга бўлган талабни келгусида самарали қондириш имконини бериши билан аҳамиятли бўлди.
А.ОМОНОВ, ҳуқуқшунос