Маълумки, мамлакатимизда ички туризмни жадал равнақ топтиришга устувор эътибор қаратилмоқда. Бу борада соҳа вакилларига янги-янги имкониятлар тақдим этилмоқда, маҳаллий сайёҳлар учун имтиёз ва қулайликлар ошаяпти. Мавжуд инфратузилма янада ривожлантирилаяпти. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Бунда ташкилот ва идоралар меҳнат жамоаларининг кўҳна шаҳарлар, муқаддас қадамжоларга сафарларини мунтазам уюштириш масаласи кўзда тутилди.
Қарши халқаро аэропорти ҳам катта меҳнат жамоасига эга. Ташкилот маъмурияти ишчи-хизматчиларнинг мароқли дам олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этишга алоҳида эътибор бераяпти. Ахир айтадиларку, яхши дам меҳнатга ҳамдам, деб. Шу маънода яқинда маъмурият ва аэропорт касаба уюшма қўмитаси томонидан бир гуруҳ ишчи-хизматчилар, нафақадаги ходимлар, Ёшлар иттифоқи аъзолари учун қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат амалга оширилди.
Саёҳатчилар даставвал Челак туманида жойлашган, буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий абадий қўним топган қадамжони зиёрат қилишди. Ушбу қутлуғ маскандаги музейни томоша қилиш чоғида сафар иштирокчилари ватандошимизнинг ислом оламида тутган мавқеи нақадар юқори бўлгани, у киши билан ҳар қанча фахр туйсак, кам эканига амин бўлишди. Шундан сўнг жамоа Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва жамоат арбоби Ислом Каримов мақбарасини бориб кўришди. Рўйи замин сайқалини безаган “Гўри Амир” мақбараси, Регистон майдони, Шоҳизинда ва Бибихоним мадрасалари каби обидалар кейинги манзил бўлди. Саёҳат гуруҳи шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойлари, ҳудудда амалга оширилган ўзгаришлар билан ҳам яқиндан танишди.
Жамоа ва фахрийлар мазкур саёҳатдан олам-олам таассуротлар билан қайтдилар. Сафар давомида шаклланган аъло кайфият ишчи-хизматчиларнинг меҳнат унуми ошишига, жамоа ютуқлари кўпайишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Дилафрўз ДАДАХОДЖАЕВА,
Қарши халқаро аэропортининг маънавият ва ёшлар билан ишлаш бўйича мутахассиси