Ўтган дам олиш кунлари ўтказилган ҳашарда вилоятимиздан 1 миллион 570 минг нафарга яқин киши иштирок этган бўлса, шундан 990 минг 110 нафарини ёшлар ташкил этгани уларни Ватанга садоқат, юрт бугуни ва эртасига дахлдорлик туйғусида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларимиз самарасининг ўзига хос бир кўриниши десак, асло хато бўлмайди.
Икки кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан вилоятимизнинг 4 минг 316 гектар майдонида ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 6 минг 250 километр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланиб, 69 та зиёратгоҳ ва 880 та қабристон тартибга келтирилди.
Шунингдек, вилоят бўйича 1 миллион 141 минг дона манзарали, 558 минг 293 дона мевали дарахт ва 770 минг донага яқин гул кўчатлари экилди.
- Наврўз умумхалқ байрами арафасида уюштирилган ҳашар кўтаринки руҳда ўтди, - дейди “Қашқадарё соҳили санаторийси” масъулияти чекланган жамияти бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Даврон Қулсоатов. – Умумхалқ хайрия ҳашарида 100 нафарга яқин ишчи-ходимларимиз иштирок этди. Шу кунлари улар томонидан муассасамиз ҳудудига “Мустақилликнинг 25 йиллигига 25 дона кўчат - менинг туҳфам” шиори остида 1000 дан ортиқ мевали ва 300 дона манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Умумхалқ хайрия ҳашарининг яна бир муҳим жиҳати бу – қон-қонимизга сингиб кетган инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик туйғулари билан ҳамоҳанглигидир. Анъанага кўра, бу галги хайрия ҳашарида ҳам кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват ёрдамлари кўрсатилди, уй-жойлари таъмирлаб берилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА.
Cобир НАРЗИЕВ олган суратлар.