Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

13.03.2017


ЮРТ ОБОД – КЎНГИЛ ОБОД

Табиатдаги бу ўзгаришларга ҳамоҳанг инсон кўнглида ҳам янгиланиш, тозаришга эҳтиёж баланд, юқори. Бунинг кичик далили томорқалар кўркамлашишида, ҳовли-жойлар тозаланиб, тартибга келтирилаётганида намоён бўлмоқда. Хуллас, юртимизда баҳор нафаси, янги кун – Наврўзи олам таровати ҳукмрон.

Қишнинг изғиринли кунлари чекиниб, кўклам шамоли эса бошлаган шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар, қишлоқларда ободонлаштириш ишлари қизғин тус олган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги фармойиши асосида бундай ишлар кенгаяётир. Мазкур фармойиш асосида март-апрель ойлари юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилинди.

Бугундан бошланган икки кунлик умумхалқ ҳашари ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, Наврўз байрамини азалий қадриятларга мос тарзда нишонлаш, халқимизнинг асрлар оша боқий яшаб келаётган миллий анъаналари бардавомлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, юртимизда тўю томошалар, умумхалқ байрамлари арафасида улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари халқимизнинг бирдамлиги тимсолига айланган ҳашар йўли билан бажарилади. “Ҳашарга!” дейилдими, ҳеч ким четда қолмайди: кексаю ёш бир тану бир жон бўлиб, ишга енг шимаради. Натижада маҳалла-кўй, турар жойлар саранжомланади, кўча ва йўллар, ариқлар тозаланади, теварак-атрофга мевали, манзарали дарахт кўчатлари, анвойи гуллар экилади, зиёратгоҳ ва қабристонлар ободонлаштирилади.

Саховат – кўнгил зийнати, деб бежиз айтмайдилар. Ободонлаштириш ойлигига уланиб кетган умумхалқ хайрия ҳашари кунлари инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибат ришталари, айниқса ёшлар қалбида маҳалла-кўйга, она Ватанга бўлган муҳаббат, қон-қонимизга сингиб кетган инсонпарварлик, саховат туйғулари янада жўш уради. Анъанага кўра, бу галги хайрия ҳашарида ҳам кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга кўрсатилган меҳр-мурувват ёрдамлари ҳар қачонгидан ҳам кенг бўлади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo