Хусусан, ана шундай тадбирлардан бири O‘zLiDeP вилоят Кенгаши ташаббуси билан Миришкор туманидаги Обод қишлоғида партия фаоллари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, қишлоқ аҳли иштирокида ўтказилди.
Йиғилганлар мамлакатимиз истиқлол йилларида жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётгани, пировардида аҳоли турмуш фаровонлиги юксалиб, эртанги кунга ишончи янада ортиб бораётганини таъкидлашди. Тарихан қисқа давр ичида мисли кўрилмаган ютуқларга эришганимиз қишлоқ одамлари эришган натижалар, кечагина ҳаётини ерга бағишлаб, косаси оқармаган деҳқон бугун истиқлол шарофати билан мулкдорга, қишлоқ тараққиётининг ишончли таянчига айлангани фермерлар мисолида айтиб ўтилди.
Шунингдек, тадбир доирасида кам таъминланганлар, боқувчисини йўқотган ва ногиронларга ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
***
Қарши шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши ташаббуси билан “Соғлом фарзанд – порлоқ келажак” мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, соғлиқни сақлаш тизими ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган мазкур лойиҳа асосида аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, соғлом авлодни вояга етказишда эътибор қаратиладиган устувор вазифаларни амалга ошириш каби мақсадлар кўзда тутилган.
- Лойиҳа доирасида “Оилада ота-она ва фарзандларнинг бурч ва масъулияти”, “Соғлом она – соғлом бола”, “Маънавий муҳит – оила мустаҳкамлигининг муҳим омили” каби мавзуларда давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилди, - дейди партия фаоли, Қарши банк коллежи ўқитувчиси Зебо Эргашева. – Энг асосий мақсад эса юртимизнинг бундан-да фаровон, бундан-да гўзал бўлишига муносиб ҳисса қўша оладиган баркамол авлодни вояга етказишдан иборат.
Тадбирда оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлигида амалга ошириладиган келгусидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
***
Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда “Ўзбеккино” миллий агентлиги вилоят бўлими ҳамкорлигида “Тарғиботчи маҳаллада” лойиҳаси доирасида Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан “Ижтимоий ўзгаришлар ва шукроналик туйғуси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Партия фаоллари, маҳалла фуқаролар йиғини аъзолари, ёшлар иштирок этган тадбирда истиқлол халқимизнинг кўп асрлик орзу-мақсадларини ўзида мужассам этган улуғ неъмат экани, мустақиллик берган беқиёс имкониятлар сабаб эркин ва фаровон ҳаёт йўлидан дадил одимлаётганимиз, ўзини шу азиз юртнинг фарзанди деб билган ҳар бир фуқаро Ватан равнақига ўз ҳиссасини қўшиши кераклиги қайд этилди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари хусусида ҳикоя қилувчи видеофильм намойиши барчани улуғ ишларга, дахлдорлик туйғуси билан яшашга даъват этди.
Шунингдек, “Кучли ижтимоий ҳимоя – асосий мақсадимиз” акцияси доирасида кам таъминланган оилалар, ўзгалар қаровига муҳтож кишилар ҳолидан хабар олинди, ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.
***
“Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан “Камолот” ЁИҲ Яккабоғ туман кенгаши фаоллар залида “Мустақиллик мангудир” деб номланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар қатнашди.
Тадбирда ёшлар юрт келажагини белгиловчи куч экани, шу боис уларни соғлом ва баркамол, маънан етук қилиб тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Истиқлолга эришиш осон бўлмагани, бу қутлуғ кунларни не-не ота-боболаримиз орзу қилиб ўтгани ҳаётий мисоллар, Президентимиз асарлари орқали тушунтириб берилди.
Ёшлар яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртга нафи тегадиган кадрлар бўлиб етишиши, уларни турли зарарли иллатлар таъсиридан сақлашда мутасадди идоралар масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Н.ХЎЖАЕВ