Асосийси, ишлаб чиқариш учун зарур қишлоқ хўжалиги ноз-неъматларини ўзимиз етиштиришга киришдик. 100 гектар ер олиб, 95 гектарида токзор, қолганида боғ барпо қилдик. Бугунги кунда тасарруфимиздаги умумий ер майдони 200 гектардан ошади. Ҳозирги вақтда мева ва узумдан ташқари сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ҳам алоҳида эътибор бераяпмиз. Боғ парвариши учун 73 нафар доимий ишчи масъул бўлиб, пишиқчилик мавсумида ёлланадиган меҳнаткашлар 200 нафарга етади.
Ўтган даврда корхонамизда замонавий технологиялар асосида мева-сабзавот маҳсулотларини самарали қайта ишлашга қаратилган қатор инвестиция лойиҳалари ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилди. Мисол учун, қиймати қарийб 200 минг доллар бўлган, Австрия мамлакатидан олиб келиб ўрнатилган ускуна соатига 1 тонна мевани қайта ишлаб, табиий шарбат тайёрлаш имконини бермоқда. Ушбу ишлаб чиқариш линиясида 20 нафар киши меҳнат билан машғул.
Шарбатларни Пюр-Пак типидаги ацептик идишларга қадоқлашни ташкил этиш мақсадида бироз аввал 25 минг АҚШ долларига Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган “Альтер-04” ускунаси олиб келтирилганди. Мазкур цехимиз соатига 400 литр шарбатни қадоқлаш қувватига эга.
Маълумки, барқарор фаолият юритиш, кўпроқ даромад кўриш истагидаги ишбилармон ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, маҳсулот хилма-хиллигини таъминлашга беэътибор қарамаслиги керак. Шуни ҳисобга олиб, корхонамизда янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштиришга устувор аҳамият бераяпмиз. Бугун туманимизда ёғ-мой саноати учун асосий хомашё саналган махсар ўсимлигини етиштиришда катта тажриба тўпланган, бу борада кенг имконият ва салоҳият мавжуд. Бироқ уни қайта ишлаб, ўсимлик ёғи олиш бўйича кўзга кўринарли иш қилинмаётганди. Бу йўналиш истиқболли экани боис амалий ишларга қўл урдик, соҳани ривожлантиришга сармоя жалб қилдик. Хитойнинг “Nengda Machinery” компаниясида ишлаб чиқарилган “Ghlx-6yl-125” русумли технологияни сотиб олдик. Соатига 200 килограмм хомашёга ишлов бериш имконига эга ушбу ускуна 15 минг АҚШ долларига баҳоланган. Мазкур цех қисқа фурсат ичида ишга туширилиб, маҳсулотни реализация қилиш ҳам бошлаб юборилди. Биргина ўтган йили 6,5 тонна махсар ўсимлиги ёғи ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилди.
Шуни мамнуният билан айта оламанки, охирги вақтда корхонамиз эришаётган иқтисодий кўрсаткичлар тобора яхшиланиб бораяпти. 2014-2016 йилларни оладиган бўлсак, бу даврда жамиятимизнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ўсди. 2014 йил мавсумида 1 минг 682 тонна мева, узум ва сабзавот маҳсулотлари етиштириб, 285,2 тонна шарбат, 38,6 тонна маринадланган помидор, 19,1 тонна маринадланган бодринг ва 27,3 тонна томат пастаси ишлаб чиқардик. Натижада йилни 115,5 миллион сўм соф фойда билан якунладик. 2016 йилда бу борадаги маҳсулдорликни янада ошириб, кўрилган соф фойдани салкам 140 миллион сўмга етказишнинг уддасидан чиқдик.
Муҳими, қўлга киритилган бу ютуқлар билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Янги режаларни рўёбга чиқариш ҳақида тинимсиз бош қотираяпмиз. Жорий йилда 150 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтириб, Германия ва Хитой технологияси асосида замонавий пластмасса идишлар ва яшиклар ишлаб чиқаришга мўлжалланган цехни фойдаланишга топшириш мақсад қилинган. Шу орқали 10 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли сақлашни ташкил этиш учун 1000 тонна сиғимга эга янги иншоот қуриб, уни замонавий совутиш камералари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Қиймати қарийб 300 минг АҚШ долларига тенг бўлган ушбу лойиҳамиз амалга ошса, яна 25 киши доимий иш билан таъминланади. Сархил ноз-неъматларни яхши сақлаш асносида йил давомида уларнинг экспортини йўлга қўямиз.
Ҳар доим янгиликларга интилиш, изланиш бош шиоримга айланган. Фаолиятимиз тақозоси билан Австрия, Германия, Хитой, Туркия, АҚШ ва Россия каби мамлакатларда бўлдим, янги технологиялар билан танишдим, турдош ишлаб чиқарувчилар билан тажриба алмашдим. Ўрганганларимни ишлаб чиқаришда муттасил қўллаяпман ва муваффақият қозонаяпман.
Бугун тадбиркорликда шу даражага етишишимга юртимизда хусусий мулк давлат муҳофазасида экани, ишимизга асоссиз аралашувларга барҳам берилгани, ишбилармонлар ҳар жабҳада қўллаб-қувватланаётгани, муносиб рағбатлантирилаётгани сабаб деб биламан. Корхонамиз қайд этган натижалар эътироф этилиб, 2008 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирлангандим. Яқинда Президентимизнинг фармонига асосан, “Дўстлик” ордени билан мукофотландим. Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшаётган тадбиркорлар орасида номим тилга олингани мени ғоят хурсанд қилди. Албатта, юртга, ён-верингдаги одамларга оз бўлса-да нафинг тегаётганини билиб яшаш бахтдир. Бу бизга янада шижоат бағишлайди, улкан марралар сари дадил одимлашга ундайди.