Бугун мамлакатимизда бошланган “Одам савдосига қарши ҳамкорликда 30 кун” марафон-акцияси 30 июль – Бутунжахон одам савдосига қарши курашиш кунигача давом этади.
Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази томонидан бир қатор шерик ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган бу кенг кўламли тадбирни Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича координацион офиси амалга ошираётган USAIDнинг “Одам савдосига қарши кураш” минтақавий лойиҳаси қўллаб-қувватламоқда.
Ташкилотчиларнинг айтишича, акциянинг мақсади одам савдоси муаммосига жамият эътиборини жалб этиш ва бу ёвузликни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан енгиш мумкин, деган ғояни илгари суришдан иборатдир.
-Марафон Қорақалпоғистон Республикасида бошланиб, Тошкентда якунланадиган тадбирлар эстафетаси шаклида ўтказилади, - дейди республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Шаҳноза Раупова. – Унинг тадбирлари марказимиз фаолият олиб бораётган ҳудудларнинг ҳар бирида уч кун давомида, хусусан, Қашқадарёда 9-11 июлда бўлиб ўтади. Марафон доирасида ҳуқуқшунослар маслаҳат пунктлари, одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳамкорлар билан давра суҳбатлари, онлайн-форумларни ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда фаол ёшлар ва кўнгиллилар томонидан одам савдоси ва зўравонликнинг барча турларига қарши курашиш мавзусида тайёрланган видеолавҳалар тарқатилиб, онлайн-викториналар ўтказилади.
Шу ўринда эслатиш жоизки, республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази Ўзбекистон Республикасида қарийб 20 йилдан буён одам савдосига ва бошқа турдаги зўравонликларга қарши курашиш, заиф ҳолатдаги мухожирларга ёрдам бериш, ёшлар кўнгиллилигини ривожлантириш соҳасида фаол иш олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотидир. Марказ ўз фаолиятини ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари, маҳаллий ва хорижий жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширмоқда.
Ўз мухбиримиз