биз эса қаерларга саёҳатга бориб юрибмиз
Ватан ичра сайр
Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетининг 1979 йилги битирувчилари навбатдаги учрашувни Қашқадарёнинг Китоб туманида ўтказишди. Бир томони Хоразм ва Қорақалпоғистондан, бир томони Тошкент-у Навоийдан, Фарғона-ю Ўшдан келган дўстларни бу гал Китоб дийдорлаштирди. Улар орасида Қашқадарёга келмаганлари, Китобни кўрмаганлари ҳам бор. Курсдошларнинг ўзаро ёзишмаларда: "Китоб қанақа жой бўлса?", деган қизиқишларини қорақалпоғистонлик курсдошимиз Ҳайитгул янада алангалатиб қўйди: тўртинчи курсдалигимизда бизникига келгани, Китобнинг диққатга сазовор жойларини кўргани, "Мингчинор"га боргани, Оқсарой мажмуасини томоша қилгани, назарида рассом-у шоирларга илҳом берадиган маскан айнан шу жой бўлса керак, деб ўйлаганини ёзиб қолди...
Учрашувимизга биринчи бўлиб Урганч-Шаҳрисабз автобуси билан хоразмлик ва қорақалпоғистонлик курсдошларимиз Раҳимберган оға, Дилбархон, Ҳайитгул, Гулчеҳрахон етиб келишди. Сўнг олдинма-кейин Ноибахон, Дилдорахон, Марҳабохон, Хуршидахон, Марғубахон, Розахон, Гўзалхон, Ҳабибахон, Каримахон, Вазирахон, Маҳмудахон, Маъмурахон, Саидахон, Исмоил ҳозир бўлишди. Китоблик ҳам синфдошим, ҳам курсдошим Мавлуда, ғузорлик курсдошим Рухсатой мезбон бўлиб турдик. Курсдошларнинг келишувига кўра уларни меҳмонхонага жойлаштирдик. Йўлда юришнинг ўзи бўлмайди, бироз дам олишганидан сўнг меҳмондорчиликни хонадонимиздан бошладик. Ахир шунча йўл босиб келган ёшликдаги дўстларни уйда меҳмон қилмай бўларканми? Китобликларга хос таомлар тортдик.
Эртаси куни автобусда Шаҳрисабз томон йўл олдик. Уларнинг шаҳарнинг Оқсарой тарихий марказидаги биринчи томошалари мақом музейидан бошланди. Ўзбек мумтоз қўшиқларининг моҳир ижрочиси Севинчхон бизни қўшиқ билан қарши олди. Музей ходими Замирахон мақом музейидаги экспонатлар билан таништирди. Шундан сўнг музей ахборот хизмати раҳбари Соҳибахон ҳамроҳлигида Оқсаройни, Шайх Шамсиддин кулол, Гумбази Саидон мақбаралари, Чубин мадрасаси ва бошқа зиёратгоҳларни кўрдик.
Режамда курсдошларимизни Қайнар қишлоғининг дилбар табиати билан ошно қилиш нияти бор эди. Шаҳрисабздан чиқиб Қайнар томон йўлга тушдик. Қўлларига Қайнар ҳақидаги маълумотлар жамланган буклетни тутдим-у, йўл-йўлакай қишлоқнинг ўзига хос жиҳатларини гапириб бордим: "Қайнар" санаторийси, "Мингчинор" ресторани, оромгоҳлар, дам олиш масканлари, тоғ этакларида жойлашган ошхоналардаги ширин таомлар, Қайнар кишмиши, сояки майизлари...
Қишлоқдаги ўнлаб булоқлар, айниқса, Қайнарбулоқ, Совуқбулоқ, Мингбулоқ, Сувбулоқ, Роҳатбулоқ, Қўтирбулоқ борлиги, қишлоқ номи ҳам айнан Қайнарбулоқ чашмаси номидан олинганини айтдим.
Ушбу қишлоқда ўзбек бахшичилик мактабининг вакили Абдулла шоир Нурали ўғли яшаб ўтгани, бу инсон "Сайдинхон", "Алпомиш", "Нурали", "Ҳаламонбой", "Аваз", "Кунтуғмиш", "Кунларим" каби достонлар ва кўплаб термалар ижро этганини филолог дўстларимга эслатдим. Хаёлимдан: "Шомирза курсдошимиз келмади-да", деган фикр ўтди. Чунки у таниқли фольклоршунос олим, фан доктори. Бир пайтлар бу қишлоққа Мансур Афзалов, Музайяна Алавия ва бошқа кўплаб фольклоршунос олимлар келиб, Абдулла шоирнинг терма ва достонларини ёзиб олишган-да.
Кўп ўтмай Тахтиқорача довони остонасида жойлашган "Мингчинор" ресторанига етиб келдик. Довон Қашқадарё воҳасини Самарқанд вилояти билан боғловчи энг қисқа йўл ҳисобланади. Довоннинг қадимий номи Итмак бўлиб, бу ҳақда Заҳириддин Муҳаммад Бобур "Бобурнома" асарида келтириб ўтган. Довонда экстремал ва тоғ туризмини ривожлантиришнинг имкониятлари жуда катта.
"Мингчинор"да курсдошларимизни Китобнинг мазали тандир гўшти билан меҳмон қилдик. Уларга аслида "Мингчинор" соч толасидай ингичка угра таоми ва бошқа овқатлари билан машҳурлиги, бу жойни очилиш маросимида давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов қатнашгани ва айнан "Мингчинор" номини у киши қўйганини айтиб бердим.
Қайтишда йўл-йўлакай китоблик таниқли ижодкор, Турон фанлар академияси академиги Аҳад Бердиевнинг "Китобсайёҳ" манзилига кириб ўтдик. Меҳмонлар учун мўлжалланган ўтов-меҳмонхоналар курсдошларимизда қизиқиш уйғотди. Аҳад ака уларга Китоб туманининг қадим тарихи, диққатга сазовор жойлари, сайёҳлик йўналишлари ҳақида гапириб берди.
Шу куни шомдан кейин курсдошларим билан ойга "саёҳат" қилдик. Уларни Баландтоғ астрономик расадхоналар мажмуаси Китоб комплекси - китобликлар ибораси билан айтганда, Кенглик станциясига бошладик. Бу манзил ҳақида Абдулла Ориповнинг "Кенглик нуқтаси" шеъри ҳам бор.
Бизни илмий ходим Ўктам Ҳафизов кутиб олди ва комплекс ҳақида гапириб берди.
Ушбу маскан 1927 йилда ташкил этилган бўлиб, ернинг 39 градус 08 минут шимолий кенглигида жойлашган 5 та халқаро кенглик нуқтасидан бири ҳисобланади. Унинг ташкил этилиши Марказий Осиёда Ер ҳаракатини текширишнинг янги даврини бошлаб берган ва дунё мамлакатлари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилган. Кенглик нуқтаси 1993 йилда Президент фармони билан Китоб Баландтоғ расадхоналар мажмуаси (КБРМ)га айлантирилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида бу ерда "Узбекистания" деб ном берилган янги сайёра кашф этилди. Шунингдек, 2009 йилда Майданак обсерваториясининг АЗТ-22 телескопида китоблик Баҳодир Ҳафизов ҳамкасби Алексей Сергеев билан биргаликда янги кичик сайёра кашф этишди ва сайёрага Самарқанд номи берилди.
Расадхонага ташриф буюрган сайёҳлар классик телескоплар ёрдамида осмон жисмларини кузатишлари мумкин. Жумладан, курсдошларим Германиядан келтирилган телескоп орқали ойни яқиндан томоша қилиб, ўзига хос таассуротга эга бўлишди. Расадхона музейидаги кинотеатр орқали сайёраларга саёҳат уюштирилди, галактикамиз ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Эртаси куни тадбиримиз зиёратгоҳларда давом этди. Шу куни бизга Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Гуландом Сатторова ҳамроҳ бўлди ва ҳар бир манзил ҳақида тайёрлаган буклетимизни тарқатиб турди.
Зиёратни Хўжаилмкони қишлоғидан бошладик. Шу қишлоқда яшовчи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Салоҳиддин Исомиддинов меҳмонларга қишлоқ ва бу ерда яшаб ўтган улуғ донишманд, шайх, тасаввуф илмининг забардаст тарғиботчиси, қутублар қутуби Мавлоно Абдулбоқи Хожаги Имканагий Ибн Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Ваҳшуворий (1512-1600) ҳақида гапириб берди. Зиёрат давомида улар Мавлоно Хожагий Имканагий нақшбандия силсиласининг 22-вакили экани, нақшбандия тариқатининг Имкана мактабига асос солгани, у кишининг саъй-ҳаракатлари билан мазкур тариқат олис Ҳиндистон ҳудудига ҳам етиб, Сирҳинд мактаби юзага келгани, Бухорода Шайбонийхонлар сулоласи барҳам топиб, Аштархонийлар сулоласи ҳокимият тепасига келиши бевосита Мавлононинг мададлари туфайли юз бергани ҳақида билиб олишди.
Курсдошларимизни қишлоқдаги табиатнинг дурдона ёдгорлиги - 1200 ёшли чинор дарахти ҳам ҳайратга солди. Чинорнинг айлана узунлиги 25 метрга тенг бўлиб, ковагида 100 киши тик туриб ёки 20-25 киши чордона қуриб ўтириши мумкин деган гапларга ишонч ҳосил қилишди. Ҳаммамиз чинор атрофида суратга тушдик. Биз уларга чинор ковагида Хўжаимканагий ҳазратлари қирқ кун чилла сақлаганлари ҳақида ҳам айтдик.
Хўжаилмкони қишлоғида халқ ирригация илмининг ноёб намунаси бўлмиш қадимий ер ости сув иншооти - кориз ҳам мавжудлигини, Қорахон (Қорамомо) тоғлари этагидаги Қорабулоқ чашмаси суви ўзини тўсиб турган тепалик остидан ер остидаги бир-бирига туташтирилган ариқ (кориз) орқали қишлоққа олиб келинганини билиб олишди.
Оқсув зиёратгоҳига ташриф буюргач, Хожагий Имканагийнинг оталари, ўз замонаси авлиёлар султони, пири комил, олтин силсилада 21-ўринда турган, шажаралари пайғамбаримиз набиралари Ҳазрати Имом Ҳусайн Разиоллоҳу анҳуга бориб тақаладиган, у кишининг 31-авлодига мансуб Мавлоно Дарвеш Муҳаммад ҳазратлари, шунингдек, донишманд авлиё Шайх Шамсиддин Парранда (1290-1370)нинг қабрларини зиёрат қилдик. Айтишларича, Шайх Шамсиддин Парранда Тожикистоннинг Хиззан қишлоғида туғилганлар. Оталаридан илми қол (ўқиб, ёзиб ва гапириб ўрганиладиган илмлар) ҳамда илми ҳол (қалбдаги илм, юксак руҳий ҳолатлар тасаввуф)ни ўрганганлар ва оталари хоҳиши билан йўлга тушиб, отлари тўхтаб, ариқдан ўтмаган жойни - Хўжаиспароз қишлоғини макон қилганлар. Қишлоқ аҳли ўртасида у кишининг ҳаёти билан боғлиқ кўплаб ривоятлар оғиздан оғизга ўтиб келмоқда. Ривоятлардан бирида айтилишича, Шайх Шамсиддин Парранда ҳазратларининг учиб юриш - паррандалик хусусиятлари бўлиб, бомдод номози суннатини Хўжаиспарозда, фарзини Маккада ўқиганлар.
Зиёратгоҳдаги мўъжизалардан яна бири Оқсув анҳори сувидир. Анҳор суви зиёратгоҳ олдидаги кўприкдан 200-300 метр масофада оппоқ кўпикланиб оқади ва эл шу масофадаги сувни шифобахш дейди. Шунинг учун саратон мавсумида, айниқса, чоршанба кунлари анҳор бўйи чўмилаётган одамларга тўлиб кетади. Ривоят қилинишича, Оқсув анҳори суви Шайх Шамсиддин Парранданинг дуолари туфайли шифобахшлик хусусиятига эга бўлган.
Зиёратгоҳ ҳовлисидаги 700 ёшли улкан тут дарахти бу жойни янада маҳобатли кўрсатади. Ривоятга кўра Шайх Шамсиддиннинг ҳассаларидан ўниб чиққан бу тут хосиятли бўлиб, бир пайтлар уни кесишаётганида арранинг ўрнидан қон отилиб чиққан.
Курсдошларимизга бу ҳақда Салоҳиддин Исомиддинов ва масжид имом хатиби Аюбхон сўзлаб беришди. Аюбхон, шунингдек зиёратгоҳ жойлашган Хўжаиспароз қишлоғи номи аслида хўжа парвоз қилган жой маъносини билдириши, бу ривоятлардаги ҳақиқат жой номида ҳам акс этганини таъкидлади. Гап орасида зиёратгоҳга маҳаллий сайёҳлардан ташқари Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон, Доғистон, Туркия, Германия, Англия, Испания, Франция, давлатларидан мусулмон зиёратчилар келиб туришини ҳам айтиб ўтди.
Навбатдаги манзилимиз Ҳазрати Башир қишлоғи эди. Йўл-йўлакай Варганза қишлоғи, унинг мамлакатда биринчи бўлиб "Агротуризм қишлоғи" мақомини олгани, Варганза анорлари, одамлари ҳақида ҳикоя қилдик. Ниҳоят Башир қишлоғига яқинлашганимиз сайин табиат ҳам ўзгариб, ҳаво салқинлашиб борди. Курсдошларимга шу қишлоқда яшаб ўтган кароматгўй авлиё Ҳазрати Султон Сайид Аҳмад Башир (1368-1464) ва "Ҳазрати Башир тарихи" китоби ҳақида зиёратгоҳ раҳбари Азаматжон гапириб берди. Мазкур китобда Ҳазрати Башир исломдаги "Неъматуллоҳия" йўналишининг асосчиси Сайид Неъматуллонинг кароматлари туфайли дунёга келгани, шунинг учун у киши Сайид Неъматуллони "насаби отам" деб атагани, "Сайид Аҳмад" исми шу зот томонидан қўйилгани эътироф этилган.
Ҳазрати Башир тасаввуф оламининг йирик намояндаси Аҳмад Яссавий тариқатига ихлос қўйгани ва у кишини ғойибона ўзининг пири ҳисоблагани, Мирзо Улуғбек ихлос қилиб, Самарқанд хирожининг бир қисмини юбориб тургани, Улуғбек вафотидан сўнг машҳур олим Али Қушчи Ҳазрати Башир ҳузурида 6-7 йил яшагани ҳақида гапирилди.
Курсдошларим билан Ниёзтепага кўтарилдик. Ҳазрати Башир ота зиёратгоҳига кирдик. Қуръон тиловат қилинди. Дўстларим подшоликни ташлаб Ҳазрати Баширга мурид бўлган Муғулистон хони Жалолиддиннинг қабрини, Ҳазрати Башир ҳассасидан униб чиққан кекса писта дарахтини кўришди.
Зиёратчилар зиёратгоҳ ҳовлисидаги чашманинг шифобахш сувидан ичиб ором олишди. Бир пайтлар чоршанба ва пайшанба кунлари чашмадан сув ўрнида сут оққани ҳақида ривоятлар борлигини айтдик.
Тепалик остидаги ғорга кирдик. Ғор ичида тупроқнинг ўзидан устун қилинган. Ғорда бир муддат Бухоро амири Насруллонинг қувғинига учраган шоир Жунайдилло Ислом шайх ўғли Ҳозиқ яшагани ҳақида гапирдик.
Баширда ўнлаб уй меҳмонхоналари бор. Курсдошларим билан қадрдон дўстим Қимматхоннинг уй меҳмонхонасига йўл олдик. У узоқ йиллар "Варганза" хўжалигида хотин-қизлар етакчиси бўлиб ишлаган, меҳнати билан нафақат баширликлар, балки варганзаликларнинг ҳам ҳурматини қозонган. Ҳали-ҳануз варганзаликлар Қимматхоннинг қанчалар фидойилик билан ишлагани ҳақида гапириб юришади.
Қимматхоннинг хонадони шундоққина Қашқадарё соҳили билан туташиб кетган. Маза қилиб дам оладиган, ҳордиқ чиқарадиган маскан. Курсдошлар билан учрашув тадбирини Гуландом бошқариб борди. У мен орқали курсдошларим ҳақида муайян тасаввурга эга бўлгани учун тадбирни рисоладагидай олиб борди. Дил сўзларини айтганлар кўп бўлди. Орада санъаткор йигит Ихтиёржон ижросида дилбар қўшиқлар янгради.
Айтмоқчи, биз баҳр-у байт ҳам айтишдик. Филологларнинг ичи тўла шеър эмасми, тўхташ билишмади, микрофонни ушлаб олгани шеър айтолди, қолганларнинг билгани ичида қолиб кетди, Гуландом кўп шеър айтган абжир курсдошларимни оппоқ карнайгуллар билан сийлади.
Учрашувнинг энг ҳаяжонли жиҳати бир ҳафта олдин қадрдон курсдош дугонам Ҳабибани топганим эди. Бунда менга Шаҳрисабз музейи ахборот хизмати раҳбари Соҳиба Очилова ёрдам берди. Унга неча йилдан бери ўшлик дугонамни қидираётганимни айтгандим, "Ўшда танишларимиз кўп, қидирамиз", деди ва кўп ўтмай менга хушхабар етказди: Ҳабиба топилибди.
Талабаликда Ҳабиба қоракўллик Рўзибийи билан, мен Мавлуда билан бир хонада яшаганмиз. Бир кун биз овқат қилиб уларни чақирсак, эртаси куни улар овқат қилиб бизни чақиришарди. Студентчасига тайёрлаган картошкали ё тухумли паловларимиз, қовурма карамларимиз дастурхонга тортилганда иштаҳа билан тановул қилганмиз. 2-курсда амалиётни Ўш шаҳрида ўтаётганимизда Ҳабибанинг уйида меҳмон бўлганмиз. Отаси бизни "ажабсанда" деган таом билан меҳмон қилган, бирга-бирга яёв Сулаймон тоғига чиққанмиз...
...Ҳабиба билан телефонда бир-биримизни кўриб гаплашдик. Қувончдан иккимиз ҳам йиғладик. Унга учрашув яқин эканини айтганимда: "Учиб бораман", деди. У жуда бахтиёр экан, бахтли экан. Қувондим.
Башир қишлоғида Ҳабибага сўз берилганида тўлқинланиб-тўлқинланиб гапирди. Мен унинг ҳолатини тушундим. Негаки ўзимиз ҳам қирқ йил деганда илк бор учрашганимизда ана шундай кайфиятда эдик. Бу кайфиятнинг таъмини у биздан 4 йил кейин татиб кўряпти. Шунинг учун сўзлари тўла ҳаяжон, кўзлари тўла қувонч, қалби тўла шукроналик...
Ўш мактабида ўзбек тили ва адабиётидан дарс бераркан. Қурбонжон додхо номидаги мукофотни олибди, Қирғизистон халқ маорифи аълочиси, олий тоифали устоз бўлибди.
Мен билган Ҳабиба руҳан улғайибди, маънан етилибди. 44 йиллик масофа уни тоблабди, чиниқтирибди, у пишибди. Сўзлари салмоқли, фикрлари теран. Мақола ёзаётиб, Ҳабиба ҳақида шогирдларининг дил изҳорлари билан танишдим. Эҳҳе, шунақа улуғлашибдики, киройи устоз Ҳабибадай бўлсин экан, деб қўйдим. Мен у билан фахрландим.
Шу куни бир-биримизга китоблар улашдик. Курсдошларим менга "Олтин силсила" - Саҳиҳул Бухорий" тўлиқ тўпламини (8 жуз) совға қилишди. Бу мен учун кутилмаган ва бебаҳо совға бўлди. Раҳимберган ҳожи курсдошимиз ўзининг "Масжид одоби", "Аёллар ибодатига хос масалалар", "Йўқотганларим ва топганларим", "Мўмин-мусулмоннинг бир куни" ва бошқа бир қатор китобларидан улашди. Биз барча курсдошларга Китоб туманига оид рисолалардан тарқатдик. 44 йил деганда аранг топиб олган дугонам Ҳабибага, энг китобсевар курсдошим Ҳайитгулга ўзимнинг "Икки дунё оралиғи" "Ҳассага таянган бир кун", "Кўзгу", "Нариги дунё" каби китобларимдан бердим. Ҳайитгулнинг куни туғди: унга Маҳмуда курсдошимиз ҳам турмуш ўртоғи Баҳодир Валиев қаламига мансуб китоблардан олиб келибди.
Шу куни хоразмлик Раҳимберган ҳожи оға, тошкентлик Марғубахон, Маҳмудахон, Маъмурахон, қўқонлик Розахон, Гўзалхон, қорақалпоғистонлик Ҳайитгул, навоийлик Исмоил курсдошларимиз сўзга чиқишди. Улар ўз сўзларида Китоб тумани ўйлаганларидан ҳам гўзал табиатга, бой тарихга эга, мамлакатнинг энг дилбар гўшаларидан бири эканини эътироф этишди. Учрашув жуда мароқли ўтганини эътироф этишди. Ҳатто навоийлик курсдошим Исмоил: "Биз қаерларга саёҳатга бориб юрибмиз, юртимизда шундай жаннатмонанд жойлар бор экан, билмаган эканман", деди чин дилдан. Бошқалар ҳам уни маъқуллашди. Хуллас, курсдошлар учрашуви юртнинг бир гўшаси саёҳатига айланди. Биз ҳатто автобусда болаликдаги "Саёҳат - роҳат" қўшиғини жўр бўлиб айтдик. Учрашувга келолмаган дўстларимиз эса ижтимоий тармоқдаги гуруҳимиз орқали бизларни кузатиб, расмлар узатиб туришимизни илтимос қилишди. Баҳодир, Боқижон, Юлдузхон муносабат ҳам билдириб туришди.
Муҳими, биз курсдошларимизга Қашқадарё воҳасининг тоғлар этагида жойлашган бир туманида экотуризм, гастротуризм, астротуризм, зиёрат туризми учун барча имкониятлар борлигини айтдик ва кўрсатдик. Вақт бўлганида Жовуз қишлоғидаги халқаро андоза (эталон) сифатида қабул қилинган геология Миллий табиат боғига олиб бориб, ернинг 370-470 миллион йиллар олдинги тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи манбалар билан таништиришга ҳам тайёрлигимизни, бизда геотуризмни ривожлантириш истиқболлари ҳам катта эканини билдирдик.
Ҳазрати Башир зиёратининг эртаси куни курсдошларимиз билан хайрлашдик. Кимдир Қаршидан, кимдир Самарқанддан, бошқалар Китобнинг ўзидан манзилларига жўнаб кетишди. Дийдор - ширин, хайрлашиш - оғир. Лекин на илож, ҳаёт давом этади...
Хуш келибсиз, қадрдон дўстларим! Хуш кўрдик!
Лола ЎРОҚОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси