Имконият ва истиқбол
Жаҳон тажрибасидан маълумки, ривожланган мамлакатлар бюджетининг асосий қисми туризм соҳасидан тушадиган даромадлар (хусусан, ялпи ички маҳсулот умумий қийматининг 10 дан 45 фоизгача қисми туризм жабҳасидан) эвазига тўлдирилади. Мазкур кўрсаткич Ўзбекистон шароитида анча паст: соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши атиги 3 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган Содиқ Бадак сўзларига кўра, мамлакатимиз туризм соҳасида 15 миллиард долларгача даромад олиши мумкин.
Ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимиздаги кўплаб қадамжолар бир-биридан маълум масофа узоқликда жойлашган. Уларни тўлиқ айланиб, зиёрат қилиш учун ташриф буюрувчи кўп вақт сарфлайди. 2018 йилги статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизга кириб келаётган туристларнинг аксарияти (79 фоизи) 1 кундан 9 кунгача Ўзбекистонда қолишни режалаштиради. Бундан ташқари, мамлакатимизга ташриф буюраётган туристларнинг катта қисми (52 фоизи) жамоа бўлиб сайр қилишни афзал кўришган. Жамоавий сайрлар одатда туристик ташкилотларга бирмунча қийинчиликлар туғдиришини ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 13 августда "Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида пулли хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш тўғрисида"ги қарори имзоланди. Ҳужжат ўзида иккита аспектни қамраб олади: туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш ҳамда туристик объектларда жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш.
Қарорга кўра, барча хизматлар шартнома асосида ташкиллаштирилиб, туристик саёҳат давомида зарур бўладиган чора-тадбирлар кўрилади. Бу юртимизга ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан бирга турли масалалар юзасидан вужудга келадиган ҳужжат ишларига кетадиган вақтни тежайди. Ҳужжатда буюртмачиларнинг барча манфаатлари ҳисобга олинган бўлиб, уларга имкон қадар шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.
2018 йилда юртимизга ташриф буюрувчилар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, сайёҳларнинг 72,9 фоизи Ўзбекистон ҳудудида ўзларини хавфсиз ҳис қилишган. Туризмга мўлжалланган Wego Place онлайн сервиси ёлғиз туристлар учун энг хавфсиз мамлакатлар рейтингини (Solo Travel Safety Report - 2019) эълон қилганида эса Ўзбекистон ушбу рейтингда жаҳон миқёсида 5-ўринни эгаллади.
Умуман олганда, соҳадаги янгиликлар кўрсаткичларни янада яхшилаш, туризм соҳасидан келадиган даромадни кўпайтириш ва шу орқали аҳоли турмуш даражасини оширишни кўзлагани билан аҳамиятлидир.
Баҳодир НУРМАТОВ,
вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходими