“Катта шоир ҳамиша ўз вақтида майдонга келади, у – ҳамиша тарихий. Зотан, катта шоир ўз халқининг овози, унинг орзу-умидлари ва инсон қалби изтиробларининг ифодачисидир. Бироқ энг асосийси, у – ўз даврининг ҳаками ва куйчиси, у – жарчи ва файласуф, у – сўз сеҳргари ва узлатга чекинган мутафаккир дарвеш. Буларнинг бари унга қалб изҳорини ҳаммага бирдай тушунарли, севимли ва шу билан бирга, кўтаринки, теран маънолар моҳиятини ифодалаш учун ато этилган. Шу боис шоирнинг сўзларидан замондошлари ҳам, келгуси авлодлар ҳам фахрланиб юрадилар. Абдулла Орипов менга XXI асрга қадам қўйган даврларимизнинг буюк маданий аҳамиятга молик ана шундай шоири бўлиб гавдаланади”.
Ҳар гал Абдулла Орипов шеърларини ўқир эканман, мана шу сўзлар ёдимга келаверади. Ҳақиқатан ҳам, Абдулла Орипов ўз даврининг чинакам ҳаками ва куйчиси эди. У ҳатто бошига муқаррар кулфатлар ёғилишини билиб турса ҳам ҳақиқатни, адолатни айтишдан, баралла куйлашдан тонмасди. Шоирнинг собиқ шўролар даврида, халқ мустамлакачилик зулмидан эзилган, хўрланган, меҳнат қилиб роҳатини ўзгалар кўраётган бир пайтда айтаётган сўзларига эътибор қаратинг:
Халқим, мозий ўтди, толе кўрмадинг,
Пиширдинг ўзингга бенасиб таом.
Кийгиздинг бировга, ўзинг киймадинг,
Юлдузни кашф этиб ном олдинг - авом!
(“Юзма-юз” шеъридан, 1964 йил)
Шеър мисраларидан шоирнинг ўз халқига нисбатан меҳр-муҳаббати, халқининг ночор аҳволи учун алам чекаётганидан қалби ўкинчга тўлганини англаб олиш қийин эмас.
Ёки “Она тилимга” шеърини олайлик. Рус тили асосий тил сифатида миллат тафаккурига сингдирилаётган, уни мустамлака халқлар орасида оммалаштиришга зўр бериб ҳаракат қилинаётган, бунинг оқибатида айрим юртдошларимиз рус тилида гапиришдан фахрланиб, ўз тилида сўзлашни ор била бошлаган бир пайт - 1965 йилда шоир уларга қарши майдонга чиқади.
Минг йилларким булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!
дея баралла ёзади у. Кейинчалик Абдулла Орипов ўзининг бир интервьюсида бу шеърни ёзганидан сўнг бошига тушган кулфатларни шундай хотирлайди: “Саккиз қаторлик шу шеър бошимга маломат тоши бўлиб тушишини туш кўрибманми? Шеър чиққач “Ҳали сенинг она тилинг борми?”, деган бир дунё саволлар остида қолганман”.
Мана шундай паллада ҳам шоир миллат, халқ эртаси ёруғ бўлишига, истиқболга, истиқлолга ишонади. Шоирнинг:
Майлига созимни севмас давралар,
Ошиқлар сатримдан чекмасларфарёд.
Менинг хаёлимни ҳозир етаклар
Фақат Истиқболни эслатган ҳаёт,
деган сўзлари ана шу туйғулар ифодасидир.
Ҳа, шоир кутган истиқбол келди. 1991 йилда Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинди. Абдулла Ориповнинг истиқлолдан кейинги Ватан ҳақидаги шеърларини ўқисангиз, улардан фахр ва ифтихор туйғуларини англаб олиш қийин эмас. Зеро, она юртни куйламоқ - ҳар бир ижодкор учун улуғ саодат. Ҳар қандай тузумда ҳам халқ манфаатини ўйлаб, адолатни тараннум этмоқ эса чинакам қаҳрамонликдир. Бундай шараф ҳамма ижодкорга ҳам насиб этавермайди.
Ҳолида ПАРДАЕВА, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси