Маҳаллий Кенгашларда
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорида кўрсатиб ўтилганидек, Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев ва яна бир қанча мутасадди раҳбарлар ҳукумат қарори ижроси борасида қолоқлик ва камчиликларга йўл қўйиб, ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан қарашган.
Янада ачинарлиси, сўз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 февралдаги "2021-2022 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси ҳақида кетмоқда.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қарор ижроси юзасидан нафақат Қарши шаҳар ҳокими, балки бир қатор вилоят ташкилотлари раҳбарлари, хусусан, Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Б.Мўминов, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғи Б.Рахимов, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи У.Эрназаров, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи А.Турсунов, вилоят "Иссиқлик манбаи" ДУК раҳбари Қ.Жўраев томонидан ҳам қолоқлик ва камчиликларга йўл қўйилиб, ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан қаралган. Ҳужжатда айнан қайси соҳаларда қолоқликка йўл қўйилгани қайд этилмаган бўлса-да, масъулиятсизликда айбланаётган мутасаддиларнинг лавозимлари камчиликлар қандай тармоқларга тааллуқли эканлигини кўрсатиб турибди.
Кенгаш қарорига мувофиқ, Қарши шаҳар ҳокимлигига вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси билан биргаликда Қарши шаҳрини янада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида шаҳар иқлимига мос дарахт ҳамда гул кўчатлари экилишини ташкил этиш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирларни муддатида ижро этилишини таъминлаш топширилди.
Ўз навбатида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари А.Қодиров, А.Эшонкулов ва Р.Юлдашевга Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳамда тегишли бошқармалар билан биргаликда мазкур қарор ижроси юзасидан ўтказилган таҳлиллар бўйича аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиб, қарорда кўрсатиб ўтилган топшириқларни сўзсиз ижро этиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, уларга хато ва камчиликларга қайта йўл қўйган раҳбарларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш бўйича вилоят ҳокимлигига таклифлар киритиш, қарор ижроси бўйича ҳар ойда масъулларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш топширилди.
Таъкидлаш жоизки, республика ҳукуматининг 2021 йил 16 февралдаги қарорига мувофиқ Қарши шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун вилоятимиз марказида 2021-2022 йилларда турли соҳаларда умумий қиймати 4 триллион 165 миллиард сўмни ташкил қиладиган 336 та лойиҳанинг амалга оширилиши назарда тутилган. Жумладан, мазкур ҳужжат билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини тараққий эттиришга йўналтирилган 253 та, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш мақсад қилинган 38 та ҳамда ижтимоий соҳа объектларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлашга қаратилган 45 та лойиҳа, шунингдек, шаҳардаги кам таъминланган оилаларнинг ишсиз аъзолари бандлигини таъминлаш чоралари жамланган.