Айни шу кунларда Китоб туманида ҳам “Қорадори-2018” биринчи босқич тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Туман аҳоли дам олиш марказидаги беш юзга яқин ёшлар билан бўлган ноанъанавий учрашув ҳам мазкур тадбир доирасида ўтказилди. Унда асосан умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, маҳаллалар ёшлари иштирок этишди.
Даставвал иштирокчиларга “Икки йўл ораси” деб номланган видеоролик намойиш қилинди. Унда қорадори билан боғлиқ иллатлар, заволга юз тутган умрлар, ҳаёти абгор бўлган кимсалар фожиаси намойиш қилинди.
Шундан сўнг залга ички ишлар бўлими вакили ҳамроҳлигида гиёҳванд моддаларни етиштириш, сақлаш ва унинг савдоси билан шуғулланиб, айни пайтда озодликдан маҳрум этилган маҳкум Р.Ғ. исмли шахснинг кириб келиши тадбир таъсирини янаям кучайтирди. Унинг қўлларида кишан, бошида ниқоб. Тадбирни бошқариб бораётган Яшин Тўраевнинг саволларига жавоб бераркан, у ўзини панжара ортига тиққан омилларни, қандай қилиб бу ботқоққа ботиб қолгани, айни пайтда оиласи, фарзандлари, қариндошлари юзига қарай олмаётгани, қилмишидан пушаймон эканини айтди ва ёшларни тўғри яшашга, гиёҳвандликдан ҳазар қилишга чақирди.
Дарвоқе, халқимизда, қилмиш-қидирмиш, деган нақл бор. Бошига неки бало келмасин, бу аввало инсон қилмишининг натижаси. Р.Ғ. айнан ана шу ҳақда тўхталди. У илгари ҳам гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан шуғулланиб судланган, бироқ тегишли хулоса чиқармаган. Натижада иккинчи марта шармандали аҳволга тушиб ўтирибди.
Шу куни ёшлар гиёҳванд моддалар етиштириш, сақлаш ва унинг савдоси билан шуғулланишнинг оқибатини ўз кўзлари билан кўрдилар, фақат видеотасвирларда эмас, ҳаётнинг ўзида – маҳкум қиёфасида.
Тадбирда иштирок этган туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси нарколог врачи Шуҳрат Аҳмедов гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон ҳаётига салбий таъсир қилиши, соғлигини издан чиқариши, бедаво дардга айланиб, умрига зомин бўлиши тўғрисида гапирди. Шунингдек, шу йилнинг ўтган ойларида туманда гиёҳвандлик билан боғлиқ 5 та жиноят аниқланиб, содир этган шахсларга тегишли тартибда чоралар кўрилганлиги ҳақида маълумот берилди.
Видеотасвирдаги воқеалар, маҳкумнинг сўзлари, мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари ёшларга таъсир кўрсатмай қолмади. Муносабат билдиришни биринчи бўлиб Китоб иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Фарангиз бошлаб берди, Фаёза давом эттирди. Ҳар иккаласига ҳам кўрганлари, эшитганлари қаттиқ таъсир қилгани шундоққина сўзларидан билинди. 3-сонли академик лицей ўқувчилари Бекзод, Замонбек, Беҳрўзнинг лоқайдлик, бефарқлик ҳақидаги фикрлари, таклифлари, таассуротларини тенгдошлари қарсаклар билан олқишладилар.
Хуллас, тадбирда ўз фикрини ҳатто шеър, қўшиқ орқали ифода этганлар, таклиф билдирганлар, савол берганлар кўп бўлди. Бу билан улар қалблари уйғоқ, ана шундай тадбирларга чанқоқ, юракларида шу мустақил юрт учун хизмат қилиш иштиёқи жўшиб турганини сездиришди.
Туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши ҳамкорлигида ташкиллаштирилиб, ёшларни соғлом турмуш тарзига ундовчи, қалбларидаги эзгулик чечакларини озиқлантирувчи тадбир шу тариқа мазмунли якун топди.
Лола ЎРОҚОВА