Бунёдкорлик
2020 йилда умумий ўрта таълим муассасаларини "Замонавий мактаб" талаблари асосида қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли дастурига мувофиқ жорий йилда Қарши шаҳридаги Арал маҳалласида 630 ўқувчи ўрнига мўлжалланган янги мактаб бунёд этилади.
- Президентнинг 2019 йил 26 ноябрдаги қарорига асосан ташкил этиладиган "замонавий мактаб"лар илғор архитектура ечимлари ва энергия тежовчи технологиялар асосида барпо этилади ва жиҳозланади, бу таълим масканларида халқаро талаблар асосида сифатли таълим-тарбия бериш учун зарур шарт-шароитлар яратилади, - дейди Қарши шаҳар халқ таълими бўлими махсус таъмирлаш-эксплуатация хизмати бош муҳандиси Баҳодир Джураев. - Манзилли дастурга биноан, жорий йилда Қашқадарё бўйича 23 та мактаб янги талаб асосида қурилиши, қайта тикланиши ва капитал тарзда таъмирдан чиқарилиши ҳамда жиҳозланиши назарда тутилган. Шу объектлардан учтаси Қарши шаҳрида жойлашган. Биринчиси "янги қурилиш" тоифасига киради, бу Арал маҳалласида 6 миллиард сўм эвазига бунёд этиладиган ва жиҳозланадиган 630 ўқувчи ўринли янги мактабдир. Бундан ташқари, шаҳардаги 3-мактаб реконструкция қилиниб, мавжуд корпусларга қўшимча равишда битта 360 ўқувчи ўринли янги бино қурилади. 32-мактаб эса мукаммал таъмирланади.
- Қашқадарёда 2020-2022 йилларда 81 та умумий ўрта таълим муассасасини "Замонавий мактаб" талаблари асосида янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш кўзда тутилган. Шундан 2020 йилда 23 та (1 та янги қурилиш, 20 та реконструкция, 2 та мукаммал таъмирлаш), 2021 йилда 29 та (1 та янги қурилиш, 20 та реконструкция, 8 та мукаммал таъмирлаш), 2022 йилда 29 та (16 та реконструкция, 13 та мукаммал таъмирлаш) мактаб замонавий талаблар асосида янгиланади.
Умумий ўрта таълим муассасаларини "замонавий мактаб" талабларига мос тарзда янгилаш жараёни 2020 йилда нафақат вилоят маркази, балки Қамаши (4 та мактаб ва мактаб филиали реконструкция қилиниб, 1 та объект мукаммал таъмирланади), Китоб ва Чироқчи (3 тадан объект реконструкция қилинади), Деҳқонобод (2 та реконструкция), Ғузор, Касби, Миришкор, Нишон, Қарши, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри (1 тадан реконструкция)ни ҳам қамраб олади.
Президент қарорига мувофиқ, умумий қуввати қарийб 6,8 минг ўқувчи ўрнига тенг бу таълим масканларини барпо қилиш, тиклаш ва жиҳозлашга 62,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.
"Замонавий мактаб"ларни қуриш ва реконструкция қилиш хорижий тажриба ва мамлакатнинг табиий иқлим шароитларига мос, экологик тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбалари, энергия тежовчи ҳамда илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларини қўллашни назарда тутувчи намунавий лойиҳалар асосида амалга оширилади. Шунингдек, бу турдаги таълим муассасаларини замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан жиҳозлаш бўйича янги меъёрлар ишлаб чиқиш ҳамда мазкур мактабларнинг дарсликлар, ўқув қўлланмалар, бадиий ва бошқа адабиётлар билан таъминланганлик даражасига, ўқув-тарбия жараёнига, дарсдан ташқари фаолиятига ҳамда раҳбар ва педагог кадрларига қўйиладиган талабларни тасдиқлаш назарда тутилган.
Мамлакат раҳбарининг "Замонавий мактаб"ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан маъқулланган параметрларга асосан 2020-2022 йилларда вилоятимизда умумий қуввати 32,1 минг ўқувчи ўрнидан ортиқ 81 та таълим муассасаси янги талаблар асосида қурилади, реконструкция қилинади, мукаммал таъмирланади ва жиҳозланади. Бунга 283 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.
Биродар АЗИЗОВ