Шаҳрисабз туманидаги "Оқ сарой текстиль" корхонасида бугунги кунда 600 нафар ходим меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг аксарияти хотин-қизлардир.
Корхонанинг тўқув бўлими оператори Фароғат Зиятова ҳам қарийб етти йилдан буён шу ерда иш билан банд.
- Ҳудуддаги касб-ҳунар коллежини тамомлаб, ушбу корхонада иш бошлаган эдим, - дейди у. - Янги келган вақтларимда тажрибали ҳамкасбларим мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, билмаганларимни ўргатишар эди. Бугун эса ёш ҳамкасбларим тажрибали мутахассис сифатида мендан маслаҳат сўрашади. Уларга билганларимни ўргатаман ва бундан жуда бахтиёрман. Биргаликда фаол ишлаб, маҳсулотларимиз сифатини таъминлаш ва шу орқали корхонамиз ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қилаяпмиз.
Фароғат Зиятованинг таъкидлашича, унинг вазифаси тўқув бўлимидаги дастгоҳларнинг бир маромда фаолият юритишини таъминлашдан иборат. У бу ишни компьютерлаштирилган тизимда бошқариб боради. Фароғат Зиятова ва ҳамкасблари мисолида айтиш мумкинки, бугун оддий ўзбек қизлари замонавий технологияларни моҳирлик билан бошқаришни уддаламоқда. Улар ишлаб чиқараётган маҳсулот эса чет эллик харидорларни ҳайратда қолдираётгани ҳам сир эмас.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.