Албатта, бундай корхоналарнинг банкротлик ёқасига келиб қолишига шунчаки томошабин бўлиб қараб туриш ярамайди. Шу мақсадда ҳукумат даражасида муайян чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мисол учун, 2011 йилдан буён мамлакатимизда давлат иштирокидаги зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш мақсадида йўл хариталари тасдиқланиб, шу бўйича иш олиб бориш амалиёти кенг жорий қилинган. Айни пайтгача бу жабҳада салмоқли ишлар бажарилди ҳам.
Бироқ шуни қайд этиш лозимки, қўлланилган мазкур тадбирлар ҳар доим ҳам кутилган самарани бермаяпти, натижада беқарор ишлаётган корхоналар сони кўпаймоқда. Бунга эса бир қатор омиллар сабаб бўлган. Аввало, натижадорлик паст экани соҳада айрим ечилмаган муаммолар мавжудлиги билан боғлиқ эди. Мисол учун, зарар кўриб ишлаётган корхона ҳақида маълумот йиғишдан тортиб уни молиявий соғломлаштиришгача бўлган жараённи назорат қилиш масалаларини қамраб олувчи ягона ҳужжат йўқ эди. Бу эса турли чалкашликларни юзага келтирган. Вазиятни чуқур таҳлил қилиш имконини бермаган.
Қолаверса, тегишли корхоналар томонидан ишлаб чиқилган бизнес-режалар молиявий соғломлаштириш нормативларига мувофиқ келмасди. Зарур чора-тадбирларни бажаришда шу жиҳат эътиборга олинмаётганди. Шунингдек, йўл харитасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга шу пайтгача хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар жалб этилмаганди.
Бу каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги "Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди, тегишли низом тасдиқланди. Ушбу ҳужжатга асосан айрим янгилик ва ўзгаришлар амалга киритилди.
Айтайлик, мулкида давлат улуши бўлган корхонанинг иқтисодий салоҳияти тўғрисида тезкор ва ишончли маълумот тўплаш керак. Аҳамиятлиси, эндиликда бу каби кўрсаткичларни солиқ ва статистика идораларидан электрон тартибда олиш йўлга қўйилди. Бу жараён тегишли корхонанинг хўжалик-молиявий фаолиятига аралашишни кўзда тутмайди. Фақатгина паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган субъектларнинг муддати ўтган қарзлари ва зарур суммаларини кўрсатиш алоҳида форма асосида тақдим этилиши белгиланди.
Табиийки, вазиятни холис баҳолаш учун корхоналарнинг молиявий-хўжалик фаолиятини электрон тарзда таҳлил этиш, кузатиш, уларнинг қанчалик фойда ё зарар билан ишлаётганини аниқлаб бериш лозим. Қарорга кўра, бу вазифа Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари зиммасига юкланган.
Эътиборли жиҳати, давлат иштирокидаги корхона фаолияти 3 та асосий кўрсаткич бўйича таҳлил қилинади. Аввало, бу корхонанинг қарздорлар олдидаги тўловчанлик қобилияти аниқланади. Фойдаланишда бўлган асосий техник ва технологик воситаларнинг қанчалик эскирганлиги текширилади. Шулар асосида корхонанинг рентабеллиги кўздан кечирилади.
Ўтган даврда ушбу мезонлар асосида вилоятимиздаги мулкида давлат улуши бўлган барча корхоналар фаолиятига баҳо берилди. Ўрганишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, ҳозирги вақтда ҳудудда 12 та субъект паст рентабелли ва иқтисодий ночор бўлиб, у ёки бу даражада зарар кўриб ишлаяпти. Албатта, мазкур корхоналарнинг барқарор ишлаши воҳамиз иқтисодиёти ривожига хизмат қилишини унутмаслик керак. Шуни ҳисобга олиб, тегишли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича пухта ва асосланган йўл хариталари ишлаб чиқилди. Уларни эҳтимолий инқироз ёқасидан чиқариш юзасидан чоралар белгиланди ва ижросига киришилди.
Аниқ мисолларга атрофлича тўхталиб ўтсак. Вилоят "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонаси ҳам ҳудудий молиявий соғломлаштириш дастуридан ўрин олган. Нега, деган саволга шундай жавоб бериш мумкин: ўтган йили субъектнинг иссиқлик ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард 226 миллион сўмни ташкил этган. Натижа эса мавжуд салоҳият ва имкониятга асло мос эмас. Солиқ тўлангунга қадар корхона 504 миллион сўмдан ортиқ зарар билан чиққани ҳам фикримиз тасдиғидир. Рентабеллик даражаси -0,5 фоизгача тушиб кетган. Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларининг фақат 46,8 фоизидан фойдаланилаяпти, холос.
Шу ўринда савол туғилади: келгусида корхона барқарор фаолиятини таъминлаш мумкинми? Бунинг учун ички ресурслар етарлими? Лойиҳани давлат томонидан молиялаштириш ўзини қанчалик оқлайди? Қанча муддатда самарадорлик кўзга ташланади?
Тегишли йўл харитасида ана шу масалалар тўлиқ ҳисобга олинган. Биринчи навбатда, корхонада замонавий ва энергиятежамкор технологияларни жорий этиш, шу орқали янги қувватларни ишга тушириш мақсад қилинган. Тан олиш керак, субъект тасарруфида бўлган аксарият воситалар жисмонан ва маънан эскирган. Корхонанинг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳридаги марказий қозонхоналари ва иссиқлик қувурлари ҳолати ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.
Тасдиқланган йўл харитасига асосан, ушбу қувватларни модернизация ва реконструкция қилишга республика бюджетидан 22 миллиард 600 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 26,8 Гкал/с иссиқлик ишлаб чиқарилади. Маҳсулот таннархи пасайишига эришилади. Йил якунига қадар эса 793 миллион сўм қўшимча даромад олиш имконияти таъминланиши прогноз қилинган. Муҳими, 22 нафар киши муқим иш жойига эга бўлишига шароит ҳозирланади.
Бундан ташқари, маҳаллий бюджет ҳисобидан Қарши шаҳридаги 2 та қозонхона мукаммал таъмирланади, 4 та замонавий локал мини қозонхона барпо этилади. Пировардида вилоят марказидаги кўп қаватли уйларни иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш яхшиланади. Шунингдек, корхона балансида бўлган, ишлатилмайдиган дастгоҳ ва жиҳозлардан воз кечилади. Натижада уларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар қисқаради, сотишдан тушган маблағ эса қўшимча даромадга айланади.
Фаол маркетинг сиёсати юритиш ҳам йўл харитасидаги устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. 1-сон "Марказий" қозонхонага уланган 26 та кўп қаватли уй ва 2-сон "Пахтазор" қозонхонасига уланган 57 та кўп қаватли уйнинг ички иситиш тизимлари, тик қувурлари таъмирланиб, иситиш батареялари қўшилади. Айрим ташкилотларга иссиқлик энергияси етказиб бериш йўлга қўйилади. Айни шу фаолият эвазига корхона даромади йилига 2 миллиард сўмдан кўпроқ ошади. Бу эса барқарор фаолият учун асос бўлади.
Яна бир субъект - "Қашқадарё Дори-дармон" корхонасида ҳам давлат иштироки мавжуд. Афсуски, бултур ушбу корхона молиявий-хўжалик фаолияти ҳам минус билан якунланган. Кўрилган зарар қарийб 1 миллиард 770 миллион сўмга етган. Ҳанузгача мазкур субъект қувватларидан самарали фойдаланилмаяпти. Бу даража 40 фоизни ташкил этмоқда, холос. Натижада рентабеллик кескин тушиб кетган. Айни омиллар эса корхонани молиявий соғломлаштириш жараёнига жалб этиш заруратини пайдо қилди.
Ўз навбатида ушбу субъектнинг ҳам фойда билан ишлашини таъминлаш учун барча имконият етарли экани аҳамиятли. Йўл харитасини ишлаб чиқишда шу жиҳатлар алоҳида инобатга олинди. Жумладан, жамиятнинг мавжуд активларини самарали ишга солиш даркор. Масалан, анча аввал корхонанинг тегишли ишлаб чиқариш бўлими Хитойдан келтирилган асбоб-ускуналар билан тўла жиҳозланганди. Ушбу цехда тиббий мойлар тайёрлаш ва тиббий суюқли дориларни қадоқлаш учун барча шароит бўлгани ҳолда ундан унумли фойдаланилмаётганди. Жараён фаоллашса, корхонага қўшимча равишда 2 миллиард сўм маблағ тушумини таъминлаш, айланма маблағ ҳажмини кўпайтириш мумкин. Цехни тўлақонли юритиш учун 10 нафарга яқин янги ишчи жалб этилади.
Шунингдек, бошқа бир лойиҳа асосида доривор ўсимликларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва улгуржи сотиш ташкил этилади. Бунинг натижасида ички бозорга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот таклиф этиш имкони бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард 400 миллион сўм атрофида қўшимча даромад олиш ҳам кафолатланади. Шу билан бирга, харажатларни оптималлаштириш эвазига корхона ишлаб чиқараётган маҳсулот таннархини тушириш чораси кўрилади. Фақатгина ички бозор билан чекланиб қолмасдан, тиббий мой ва доривор ўтларни хориж мамлакатларига экспорт қилишни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган. Тегишли прогноз кўрсаткичи 50 минг АҚШ доллари бўлиши мўлжал қилинган.
Бир сўз билан айтганда, вилоятимиздаги давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштиришнинг янги тизими йил охирига келиб ўз самарасини бера бошлайди. Асосийси, барча вазифалар тақсимланган, молиялаштириш манбалари, ижрочилар аниқ. Жараён мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда. Амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Йўл хариталарида белгиланган чора-тадбирларнинг тўлиқ бажарилишигина тегишли корхоналарнинг барқарор фаолиятга қайтишига туртки беради. Бу эса ҳудуд иқтисодий равнақига ҳам ҳисса қўшади.
С.САРИЕВ,
Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи,
М.ШУҲРАТОВ