Коврак бир қарашда оддий, кераксиз ёввойи ўсимликдай туюлади. Уни кўпчилик кўрган, бироқ ҳаммаям фойдали хусусиятларини билавермайди. Маълумотларга кўра, коврак ошқозон-ичак йўлини тозалашда, ангина, бронхит ва нафас аъзолари шамоллаши билан кечувчи бошқа касалликларда фойдали экан. Кўз касалликларида катарактанинг бошланғич босқичларини самарали даволаш, заҳарли ҳашаротлар чаққанда эса заҳар таъсирини камайтиришда қўллаш мумкин. Буйракдан тош тушириш, псориаз, экзема, терини тозалаш, жигарни тозалаш ва касалликларни даволаш хусусияти ҳақида Ибн Сино ёзиб қолдирган. Замонавий тиббиётда қатор онкологик касалликлар, бачадон миомаси, простата бези аденомасида ижобий натижалар қайд этилаётган экан.
Қолаверса, коврак ўсимлиги томир тортиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўк йўтал каби бошқа хасталикларни даволовчи доривор ўсимлик ҳисобланиши билан бирга инсонга қувват берувчи, энергетик балансни ва тонусни тикловчи восита ҳам ҳисобланади.
Қаранг, шунча фойдаси бўла туриб, кўп-да унинг қадрига етмаймиз. Айрим кимсалар, ҳатто тадбиркорлик субъектлари табиий ҳолда ўсиб турган коврак ўсимликларини ноқонуний равишда кавлаш орқали табиатга катта зарар етказаётгани, ушбу доривор ўсимлик тақдирини хавф остида қолдираётганини билишармикан?!
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Дехқонобод тумани назорат инспекцияси инспекторлари томонидан ҳудудда навбатдаги экологик назорат рейд тадбири ўтказилган.
Тадбир давомида Қўрғонтош МФЙ Қизилбулоқ массивида “Ferula impeks” МЧЖга тегишли ер майдони деб кўрсатилган ҳудуд кўздан кечирилганда, табиий ҳолда ўсган, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган коврак ўсимликлари илдиз қисми қазилиб, ҳосил бўлган барглари юлиниб, шира смоласини йиғиб-териш мақсадида илдиз қисмлари кесиб ташлангани аниқланди.
Ушбу ер майдонидаги коврак ўсимликлари саноқдан ўтказилганда, жами 2812 туп эканлиги маълум бўлди. Бу билан МЧЖ томонидан табиатга 313 миллион 538 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.
Қайд этилишича, мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига тақдим этилган.
Н.ХЎЖАЕВ