Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.БОЗОРОВА

19.04.2019


ЗАРРАСИДА ЗАР ЗАМИН

Дарахтлар кесилишига норозилик

Биолог ва фермер Жон Жулиус Стерлинг Мортон АҚШнинг Небраска штатига келганида ям-яшил дарахтлар қурилиш учун аёвсиз кесилиб, катта-катта ҳудудлар даштга айлана бошлаганди. Мортон аҳолига мурожаат қилиб, минтақани кўкаламзорлаштириш таклифи билан чиқади. Ўшанда Небраска штатида 1 миллионга яқин кўчат экилади ва ўша сана "Дарахтлар куни" дея эълон қилинади. Сўнг 22 апрелни Жон Мортон туғилган кун шарафига расмий байрам сифатида эълон қилиш керак, деган таклиф берилади.

Бу ташаббусга нафақат АҚШ, балки бошқа давлатлар фуқаролари ҳам қўшилади. Ер сайёраси куни илк бор 1970 йил апрелда, АҚШда ўтказилади. Ўшанда байрам муваффақиятли ўтгани ва кўп мамлакат ҳамда ташкилотлар қўллаб-қувватлагани боис, уни мунтазам нишонлашга қарор қилинади. Таниқли америкалик  сиёсатчи ва сенатор Гейлорд Нельсон бир гуруҳ талабаларни тўплаб бу ғояни тарғиб қила бошлайди. Ўша пайтда талабалар ҳаракати  оммалашгани боис, ташаббус кенг ёйилади.

Сиёсий ва оммавий фаоллик туфайли 2009 йил БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йили 22 апрелда Халқаро она Ер кунини нишонлаш тўғрисида  резолюция қабул қилди. Бу ташаббусни 50 дан ортиқ мамлакат илгари сурди ва бошқа давлатлар якдиллик билан қўллаб-қувватлади. Ҳар йили 22 апрель куни турли мамлакатларда тинчлик қўнғироқлари жаранглаб, инсонлар сайёрамиз ягоналигини ҳис этиш, халқаро тинчликни сақлаш ва барчанинг ягона уйи ҳисобланган Ерни ҳимоя қилишга чорланади.

Аҳоли сони ва эҳтиёжи ортиб бормоқда

Ҳисоб-китобларга кўра, эрозия жараёнлари натижасида йилига ўртача 6-7 миллион гектар ер қишлоқ хўжалиги ишловидан чиқиб кетмоқда. Саноат ва транспорт инфратузилмаси соҳасидаги қурилишлар, ерости бойликларини қазиб олиш жараёнида ҳосил бўлаётган карьер ва тупроқ уюмлари жадал суръатлар билан қишлоқ хўжалиги экин ерларини сиқиб чиқариб, ҳайдаладиган ерлар сув омборлари остида қолиб кетаяпти. Кейинги 50 йил давомида Ер юзидаги аҳоли сони салкам 3 баробарга ортганини қайд этиш билан бирга, шу давр мобайнида нефть маҳсулотлари сарфи 7, газ 15, тошкўмир 3,6 марта ошганини, ёғочга эҳтиёж 14, электр станцияларининг ишлаб чиқариш қувватлари 21, алюминий 15, пўлат ишлаб чиқариш 4 баробардан зиёд кўпайганини таъкидлаш жоиз.

Бинобарин, юртимизда ҳам табиатни асраш йўлида салмоқли ишлар қилинмоқда. "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида", "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида", "Ер ости бойликлари тўғрисида", "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида", "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида", "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги каби кўплаб қонунлар атроф-муҳит, табиат, экология, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга қаратилган амалий ишларда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.

Шубҳасиз, ҳар қандай давлатнинг тараққиёти, экологик хавфсизлиги, турмуш фаровонлиги табиий тизимларни барқарорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ. Зотан, мусаффо табиат бебаҳо неъматдир.

Энг қайноқ ва совуқ жой қаерда?

Экватор бўйича Ер сайёрасининг узунлиги 40 минг 10 километрни ташкил этади. Ер юзасидан марказигача бўлган масофа эса 6378 километр. Ер юзаси қатламининг 70 километри қаттиқ (литосфера), ички қисми ярим суюқлик ва суюқлик ҳолатида бўлади. Калифорниядаги Ўлим водийси ва Ливиядаги Эл-Азизия - Ернинг энг қайноқ жойларидир.  Энг совуқ жой Антарктида бўлиб, бу ерда ҳарорат 1983 йил 21 июлида Цельсий бўйича 89 даражани кўрсатган.

Маълумотларга кўра, жаҳоннинг умумий ер майдони Антарктида ва Арктика музликларини ҳисобга олмаган ҳолда 13,1 миллиарддан 14,9 миллиард гектаргача чўзилган. Ишлов бериладиган ер майдонлари 11, яйлов ва ўтлоқлар 23 дан 25 фоизгача, ўрмон ва бутазорлар 31, аҳоли яшайдиган ерлар эса бор-йўғи 2 фоизни ташкил этади. Қолган барча ер майдонлари кам маҳсулли ва умуман маҳсулсиз тоғлар, доимий музликдаги тоғ жинсли майдонлар, чўллар, музликлар ва ботқоқликлардан иборат.

Халқаро она Ер куни ўзимиз истиқомат қилаётган шаҳар, қишлоқни обод, тоза ва кўркам қила олишимиз ҳақида ўйлаб кўриш учун яхши сабабдир. Чунки фарзандларимиз, келажак авлодларимиз ифлосланган сув ичиб, ифлосланган ҳаводан нафас олиб яшашларига йўл қўйиб бўлмайди. Қолаверса, табиатни асраш инсониятни асраш демакдир. Унга берган меҳр-эътиборимиз вақти келиб сўзсиз ўзимизга қайтади.

Манбалар асосида Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.

Report typo