Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари, вилоят ҳокимлиги, давлат солиқ, божхона, қишлоқ ва сув хўжалиги, ташқи иқтисодий алоқалар бошқармалари, тижорат банклари ҳамда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакиллари ва соҳа эксперт-мутахассислари иштирок этишди.
Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур минтақавий семинарда Юртбошимизнинг жорий йил 12 апрелда қабул қилинган “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, унинг ижросини таъминлаш, пировардида ҳар томонлама юксак самарадорликка эришиш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Маълумки, мазкур қарор мамлакатимиз қайта ишлаш корхоналарини хомашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавот, мева ҳамда полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, шунингдек, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун уларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, деҳқон ва фермерлар учун янги имконият эшигини очади.
Тадбирда иштирок этган картошка етиштириш бўйича халқаро эксперт, франциялик Анна Понснинг юртимиз табиати, иқлими, унинг заминида етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари борасидаги фикрлари барчани қизиқтирди.
- Ўзбекистон – имкониятлар мамлакати, - деди ўз сўзида эксперт. – Сизда етиштириладиган сархил мевалар, экологик тоза сабзавот ва полиз маҳсулотлари аллақачон дунё эътиборини тортган. Биз бу каби кўплаб семинарларда иштирок этиб, ўзбек фермерлари билан фикрлашдик, ўзаро тажриба алмашдик. Ва, ўйлайманки, бу ишлар келажакда ўз самарасини беради.
Бугунги кунда юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш борасида сезиларли ишларга қўл урилди. Жумладан, жорий йилда вилоятимиз бўйича қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг миқдорда мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, узум экспорт қилиш режалаштирилган.
- Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Косон ҳамда Қарши туманларида етиштириладиган 228 минг 700 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича жами қиймати 250 миллион долларга тенг шартномалар тузилди, - дейди вилоят ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо бошқармаси бош мутахассиси Карим Шукуров.
Минтақавий семинар давомида шу ва шу каби режа-тадбирлар ҳақида фикрлашилиб, агрофирмалар, илғор фермер хўжаликларининг иш тажрибалари билан ҳам ўртоқлашилди.
Х.АБДУЛЛАЕВА