Вилоят ҳокимлиги ва Хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамияти вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари, талаба ёшлар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Баҳодир Қодиров, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази бўлим бошлиғи Эргаш Даминов, вилоят тожик, туркман, рус миллий маданий марказлари раҳбарлари Абдурасул Эргашев, Норбой Жўраев, Елена Кучеренко, араб миллий маданий маркази раиси ўринбосари Ниёзмуҳаммад Панжиев ва бошқалар сўзга чиқдилар.
Таъкидландики, бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган, дўстлик, аҳиллик байрамига бағишланган ушбу учрашувнинг Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуд куни арафасида ўтганида теран маъно мужассам. Буюк Йўлбошчимиз истиқлолнинг илк кунларидан тинчлик ва фаровонликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратди. Конституциямизнинг 18-моддасида ҳам Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар, дея давлатимиз сиёсати, жамиятимиз истиқболи белгилаб берилди.
Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётгани ҳам мамлакатимизда ушбу инсонпарвар, тинчликпарвар сиёсат изчил давом эттирилаётганининг яна бир ҳаётий тасдиғи бўлди.
- Ўзбекистонда туғилдим, шу ерда таълим-тарбия олдим, оилали бўлдим, фарзандларим ҳам шу ерда вояга етмоқда, шу буюк ва муқаддас Ватан фарзанди эканимдан фахрланаман, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти профессори, Халқаро инженерлик академияси академиги, вилоят тожик миллий маданий маркази раиси Абдурасул Эргашев. – Бағрикенг Ўзбекистонда кўп йиллик меҳнатларим эътироф этилиб, “Дўстлик” ордени билан мукофотланганим ҳам мана шу юрт кишиларининг халқпарварлиги натижасидир. Бу юртда барча миллат вакиллари қатори тожиклар ҳам юксак ҳурмат ва эъзозда. Бундан ҳар биримиз мамнунмиз.
- 2017 йил мен учун омадли бошланди, – дейди вилоят араб миллий маданий маркази раиси ўринбосари Ниёзмуҳаммад Панжиев. – Куни кеча Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Шуҳрат” медалини кўксимга тақиб қўйдилар. Бу қувончли кунни ҳеч қачон унутмайман. Ўзбекистон – тинчлик, тотувлик, фаровонлик ва бахт мамлакати. Бу муқаддас Ватанда инсон қадри баланд, манфаатлари ҳар нарсадан улуғ.
Тадбирда миллий маданий марказлар фаолларига вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Дўстлик учрашуви сўнгида миллий маданий марказлар қошидаги бадиий жамоалар ижросида Ватан, истиқлол, тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.