Ҳурматли депутатлар ва сенаторлар!
Азиз юртдошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Жонажон Ўзбекистонимиз янги ўн йилликка қадам қўймоқда. Эришган натижаларимиз тарихга айланиб, олдимизда янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда. Шу боис, бугун Сизлар билан биргаликда мамлакатимизни 2020 йил ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича, устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.
Яқинда "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий муҳит вужудга келди.
Сайловлар очиқ-ойдин, халқаро стандартлар асосида ўтказилишини назорат қилиш учун 50 га яқин давлатдан ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи иштирок этди. Биринчи марта Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 316 кишилик тўлақонли миссияси билан яқин ҳамкорлик қилдик.
Халқаро кузатувчилар сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида ўтганини, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этдилар.
Барча халқаро кузатувчиларга сайлов жараёнлари ҳақидаги холис фикрлари ва тавсиялари учун бутун халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдираман.
Биз албатта ушбу тавсияларнинг ҳар бирини чуқур ўрганиб, тегишли дастур қабул қилиб, амалиётга кенг жорий этамиз. Бу борада сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш олдимизда турган муҳим масалалардан биридир.
Шу билан бир қаторда, маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, бунда туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Парламент ва Марказий сайлов комиссияси сайлов якунлари бўйича режалаштирилган вазифаларни амалга ошириш учун яқин ҳамкорликда иш олиб бориши зарур бўлади.
Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман: демократик ислоҳотлар йўли - биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишдамиз, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз.
Биз янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйганмиз. Бу борада "Жамият - ислоҳотлар ташаббускори" деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда.
Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим.
Энг асосийси, бу ислоҳотлар натижасида халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз керак. Одамларимиз етарли даромад топиши учун энг қулай бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантириб, янги-янги корхоналар ва иш жойларини кўпайтиришимиз зарур. Бу ғоят долзарб ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди.
Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради.
Мен бунга қатъий ишонаман ва бу фикрни сизлар ҳам қўллаб-қувватлайсизлар, деб ўйлайман.
Ҳурматли қўшма мажлис иштирокчилари!
Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан 2019 йил - "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да салмоқли натижаларга эришдик. Барча соҳалардаги ижобий натижалар қаторида инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди.
Айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан - мана шу рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман - 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.
Мамлакатимиз илк бор халқаро кредит рейтингини олди ва жаҳон молия бозорида 1 миллиард долларлик облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг кредитга доир таваккалчилик рейтинги охирги 10 йилда биринчи марта яхшиланди.
Энергетика, нефть-газ, геология, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа қатор тармоқларда чуқур таркибий ислоҳотлар бошланди. Саноатнинг 12 та етакчи тармоғида модернизациялаш ва рақобатдошликни кучайтириш дастурлари жадал амалга оширилмоқда. Натижада ўтган йили иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизга, экспорт - 28 фоизга кўпайди. Олтин-валюта захираларимиз 2019 йил давомида 2,2 миллиард долларга ортиб, 28,6 миллиард долларга етди.
Қишлоқ хўжалигида фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш борасидаги ўрганиш ва изланишларимиз давом этмоқда. Соҳага илғор технологиялар ва кластер тизими жорий этилмоқда.
Тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу соҳа учун янги шароитлар яратишга барча имкониятларимизни сафарбар этяпмиз. "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.
Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. Натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 мингтага кўпайди.
Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Бунинг ҳисобидан ўтган йили солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 триллион сўм қолди. Жорий йилда бу рақам 11 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Бир йилда тадбиркорлар ихтиёрида шунча маблағ қолиши, албатта, уларга ўз бизнесларини ривожлантириш учун жуда катта қўшимча имкониятлар яратади.
Ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 93 мингта ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.
Жаҳон банкининг "Бизнес юритиш" рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгалладик ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олдик.
Шунингдек, 86 та давлат фуқароларига визасиз ва 57 та давлат фуқароларига соддалаштирилган виза режими жорий этилиши натижасида ўтган йили юртимизга 6,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу 2016 йилга нисбатан 4,7 миллион нафарга ёки 3,3 баробар кўп демакдир.
Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди. Шунинг ҳисобидан фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилди.
2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, 3 та Ижод мактаби иш бошлади. Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.
Ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий этилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд аҳоли учун нафақа миқдори 2 баробар кўпайтирилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат муассасалари билан бир қаторда хусусий тиббиёт йўналиши ҳам жадал ривожланмоқда. Даволаш фаолияти турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилиб, қатор имтиёзлар берилгани туфайли ўтган йили 634 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.
"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бунга 6,1 триллион сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 триллион сўм кўп маблағ сарфланди.
Қишлоқ жойларда - 17 минг 100 та, шаҳарларда - 17 минг 600 та, жами 34 минг 700 та ёки 2016 йилга нисбатан салкам 3 баробар кўп арзон ва шинам уйлар қурилди.
Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.
Амалга ошираётган ислоҳотларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири - "Экономист" журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат - "Йил мамлакати" деб эътироф этди. Бундай баҳо барчамизга чексиз ғурур, ифтихор ва куч бағишлайди, янги марраларга руҳлантиради, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайсизлар.
Азиз ватандошлар!
Ўтган йили амалга оширган ишларимизни танқидий таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Биринчидан, барча даражадаги раҳбарлар, эришилган дастлабки ижобий кўрсаткичларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка асло берилмаслиги керак.
Янги Парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади - Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт.
Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиман: сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарур. Акс ҳолда, сизларга ишонч билдирган сайловчилар олдида депутатнинг обрўси бўлмайди, партиянинг мавқеи тушиб кетади. Чунки бугун халқимизнинг тафаккури ҳам, дунёқараши ҳам, талаб ва эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарган. Халқимиз ҳаммадан зийрак ва улуғдир.
Иккинчидан, бошқарув тизими сифатини оширишда "Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак" деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур.
Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётгани халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқишни талаб этади.
Энди давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг ушбу мурожаатларни қай даражада ҳал этаётгани бўйича ҳисоботини парламент ва халқ депутатлари кенгашларида мунтазам эшитиш тизими йўлга қўйилади.
Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадини тақсимлаш, нафақа олувчиларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо бериш бундан буён Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида амалга оширилади.
Ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши керак. Шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқнинг ишончини оқлайди, меҳрини қозонади. Шунда мен ҳам нафақат Президент, балки оддий сайловчи сифатида сизлардан жуда миннатдор бўлар эдим.
Учинчидан, биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз.
Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача - таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик.
Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Шарқ донишмандлари айтганидек, "Энг катта бойлик - бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос - бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик - бу билимсизликдир!"
Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.
Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.
Юртимиз "Халқаро ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси" бўйича 2019 йилда 8 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали жуда ҳам орқадамиз. Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ, десак, бу ҳам ҳақиқат.
Албатта, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз. Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади. Шу боис, рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш - келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади.
Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат - коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали воситадир. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор.
Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкин.
Қадрли юртдошлар!
Ҳурматли халқ ноиблари!
Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида мен юртимизда 2020 йилга "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили", деб ном беришни таклиф этаман.
Биз 2020 йил номида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз лозим. Хусусан, боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказишимиз зарур. Ушбу мақсадларга шу йилнинг ўзида бюджетдан қарийб 1,8 триллион сўм маблағ ажратилади.
Бу йилдан бошлаб, тарихимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиб, бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади.
2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси капитал таъмирланади. Шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.
Педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этамиз.
Мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарур.
2021 йилги халқаро баҳолаш жараёнига тайёргарлик кўриш учун 348 та таянч мактаб белгиланиб, 6 мингдан ортиқ ўқитувчининг малакаси оширилади.
Жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади.
Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида миллий малака тизими ишлаб чиқилади. Ушбу тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.
Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Шунинг учун мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз.
Бу борада шуни унутмаслик керакки, олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарур. Шуни ҳисобга олиб, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтирамиз, десам, сизлар бу фикрга қандай қарайсиз?
Қизларимиз учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади. Хотин-қизлар қўмитаси ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини ишлаб чиқиши керак.
Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ҳам оптималлаштириш зарур. Биз бунда асосий эътиборни ўқишга кириш жараёнларини соддалаштиришга, олий ўқув юртларида чинакам билим ва тарбия олишга қаратишимиз зарур. Мисол учун, она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини яратиш лозим. Ёшлар исталган вақтда имтиҳон топшириб, тегишли гувоҳнома олса, олий ўқув юртига ўқишга кираётган пайтда она тили бўйича қайта синовдан ўтишга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди.
Олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилади, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади.
Олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш талаб этилади. Жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади.
Бу ишларни бошқа йўналишларда ҳам давом эттирамиз.
Олий ўқув юртларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилади. Жорий йилда уларнинг 10 таси ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтади. Бундан ташқари, камида 5 та олий таълим муассасасини конкурс асосида танлаб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда уларни трансформация қилишни бошлаймиз.
Мамлакатимиз учун илм-фан соҳасидаги устувор йўналишларни аниқ белгилаб олишимиз керак. Ҳеч бир давлат илм-фаннинг барча соҳаларини бирйўла тараққий эттира олмайди. Шунинг учун биз ҳам ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш тарафдоримиз.
Жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилади. Шунингдек, илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизмини тубдан қайта кўриб чиқиш керак.
Илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш лозим. Ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳи нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шарт.
Жорий йилда "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади.
Келгусида грантлар миқдорини 2 баробар кўпайтириш ва тадқиқот йўналишлари кўламини кенгайтириш лозим. Жорий йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак.
Биринчи навбатда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим. Шунингдек, "Электрон ҳукумат" тизимини, амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳаларни танқидий қайта кўриб чиқиб, барча ташкилий ва институционал масалаларни комплекс ҳал этиш зарур.
Тошкент шаҳрида замонавий инфратузилмага эга бўлган "IT-парк" барпо этилмоқда. У ҳозирданоқ ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади. Бундай "IT-парк"лар Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам ташкил этилади.
Соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда "1 миллион дастурчи" лойиҳасини амалга ошириш бошланди.
Шунингдек, таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологиялари жорий этилиши шарт.
Ўтган йили барча шаҳар ва туман марказларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишлари якунланганини ҳисобга олиб, яқин 2 йилда барча қишлоқ ва маҳаллаларни ана шундай тезкор Интернет билан таъминлашимиз керак.
Ҳозирги кунгача 7 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги Интернетга уланган бўлса, кейинги 2 йилда яна 12 мингта муассаса тезкор Интернетга уланади. Бу вазифаларни кўзда тутган ҳолда, "Рақамли Ўзбекистон - 2030" дастурини ишлаб чиқишни икки ой муддатда якунлаш лозим.
Келгусида бу ишларни тизимли ташкил этишга бош-қош бўлиши учун ҳукуматда - Бош вазир ўринбосари, вазирлик ва идораларда ҳамда ҳокимликларда эса - алоҳида ўринбосар лавозимлари жорий этилади.
Парламент илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳукумат, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориши лозим.
Ҳурматли парламент аъзолари!
Энди 2020 йил ва кейинги йилларда иқтисодиёт соҳасида амалга ошириш зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.
Биринчидан, 2020 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш - иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги бош вазифамиздир.
Биз шу йилдан бошлаб инфляциявий таргетлаш тизимини жорий қилишга ўтдик. Бу борада Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк, Молия вазирлиги иқтисодий ўсиш билан инфляция ўртасида мувозанатни таъминлаши, ташқи хавф-хатарларни ҳисобга олиши зарур.
Давлат томонидан 37 турдаги маҳсулот ва хизматлар нархининг тартибга солинаётгани эркин рақобатга салбий таъсир қилмоқда. Шуни ҳисобга олиб, энди асосий эътиборни нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали нархларни пасайтиришга ва сифатни оширишга қаратишимиз керак.
Халқаро тажрибани ўрганиб, рақобатни олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш лозим. Бу борада табиий монополия ва рақобат тўғрисидаги қонунларни янгилаш ҳамда Иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш стратегиясини ишлаб чиқиш талаб этилади.
Истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлашнинг ягона йўли - мева-сабзавот, чорвачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда "даладан дўконгача" бўлган узлуксиз занжирни яратишдир. Ҳукумат барча даражадаги ҳокимликлар билан ушбу вазифа ижросини тўлиқ таъминлаши керак.
Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш зарур.
Жорий йилда давлат ташқи қарзининг юқори чегарасини белгиладик. Бундан буён халқаро молия ташкилотларидан олинадиган маблағларни қайтариш имконияти ва уларнинг натижадорлигига жиддий эътибор қаратилади.
Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, "Давлат молиявий назорати тўғрисида" ва "Давлат қарзи тўғрисида"ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин.
Ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган "яширин иқтисодиёт"га барҳам берилмас экан, соғлом рақобат ҳам, қулай инвестиция муҳити ҳам шаклланмайди.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, "яширин иқтисодиёт"нинг вужудга келиш омилларини чуқур таҳлил қилиб, унга қарши курашиш дастурини тасдиқласин.
Шунингдек, "яширин иқтисодиёт" улуши юқори бўлган алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш учун товарларни рақамли маркировка қилиш тизимини жорий этиш ишлари бошланди. Бу тизим келгусида фармацевтика маҳсулотлари учун ҳам қўлланилади. Вазирлар Маҳкамаси қиймати 200 миллион доллар бўлган, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан амалга оширилаётган ушбу "рақамли маркировка ва онлайн касса" лойиҳасини алоҳида назоратга олсин.
Иккинчидан, иқтисодиётни юқори суръатлар билан ривожлантириш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттириш зарур.
Жорий йилда 23 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилади ҳамда 206 та янги йирик қувватлар ишга туширилади. Жумладан, Шўртан газ-кимё комплексида синтетик суюқ ёқилғи, "Навоийазот" акциядорлик жамиятида азот кислотаси, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади. Янги Тошкент металлургия заводи, Тошкент метросининг Сирғали тармоғи, ер усти ҳалқа йўлининг биринчи босқичи ишга туширилади.
2020 йилда ўзлаштириладиган инвестицияларнинг салмоқли қисми тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ва кредитлар бўлишини алоҳида қайд этмоқчиман. Инвесторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш, инфратузилма яратиш харажатларини қисман давлат томонидан қоплаш механизмлари жорий этилмоқда.
Шунингдек, фойда солиғини ҳисоблашда янги технологик ускуналар харид қилиш, янги объектларни қуриш ва модернизация қилиш харажатлари бўйича чегирмалар кенгайтирилди.
Мавжуд 3 мингга яқин давлат иштирокидаги корхоналарни хатловдан ўтказиб, хусусий сектор ва рақобат ривожланган йўналишлардаги корхоналарда давлат иштирокини кескин камайтириш чораларини кўриш керак.
Навоий ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатлари каби йирик саноат корхоналарида янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан бирга, ушбу корхоналарни халқаро молия бозорининг тўлақонли иштирокчисига айлантириш лозим. Бунинг учун 2020 йилда халқаро стандартлар асосида молиявий ҳисоботларни тузиш, захираларни қайта ҳисоблаш, корпоратив ошкораликни татбиқ этиш каби ишларни якунлаш зарур.
Нефть-газ соҳасидаги давлат корхоналарини бошқаришга хорижий экспертларни жалб этиб, уларнинг самарадорлигини ошириш ва харажатларини оптималлаштириш, қарз миқдорини камайтиришга эришиш лозим.
Вазирлар Маҳкамаси ана шу вазифаларни тўлиқ ҳисобга олиб, икки ой муддатда Давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ этиш стратегиясини ишлаб чиқсин.
Хорижий инвесторларни фаол жалб этиш мақсадида жорий йил март ойида Тошкент халқаро инвестиция форумини юқори савияда ўтказиш зарур.
Инвестиция жалб этишнинг самарали воситаларидан бири бўлган давлат-хусусий шериклик механизмларини транспорт, энергетика, йўл, коммунал, тиббиёт, таълим каби соҳаларга кенг татбиқ этиш керак.
Ҳозирги вақтда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим "драйвер"ларидан бирига айланди. Бу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6 фоиздан ошгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди. Ушбу тармоқни янада ривожлантириш учун қурилишга оид нормаларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, замонавий қурилиш технологиялари ва материалларини татбиқ этиш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур. Шунингдек, тендерлар ўтказишнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш ва соҳада ахборот технологияларини кенг жорий этиш керак.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда қурилиш соҳасини 2025 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқсин.
Учинчидан, банк тизимини ривожлантириш учун бу йил кескин чоралар кўришимиз лозим.
Афсуски, банк тизими рақамли технологияларни қўллаш, янги банк маҳсулотларини жорий этиш ва дастурий таъминотлар бўйича замон талабларидан 10-15 йил орқада қолмоқда.
2020 йилдан бошлаб ҳар бир банкда кенг кўламли трансформация дастури амалга оширилади. Бу борада банкларимизнинг капитал, ресурс базаси ва даромадларини ошириш алоҳида эътиборимиз марказида бўлади.
Банк тизимида тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган "лойиҳалар фабрикаси" фаолиятини йўлга қўйишимиз лозим.
Банкларимиз халқаро молия бозорларига чиқиб, арзон ва узоқ муддатли ресурслар олиб келиши зарур. Миллий банк ва Ипотека банк бу йил ўз евробондларини чиқариши мақсадга мувофиқдир.
Давлат улушига эга бўлган банклар босқичма-босқич стратегик инвесторларга сотилади.
Банк соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади - тижорат банкларини мижоз учун ишлашга ўргатишдан иборат.
Соҳа учун замонавий кадрлар тайёрлаш мақсадида Банк-молия академияси хорижий мутахассислар билан биргаликда тўлиқ қайта ташкил этилади. Шунингдек, давлат банкларида замонавий банк амалиёти, менежменти ва хизматларини жорий этиш учун раҳбарлик лавозимларига хорижий етакчи молия институтларининг малакали мутахассисларини жалб этиш бошланди ва бу жараён изчил давом этади.
Банкларда ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш орқали уларнинг дастурий таъминотини тубдан янгилаш лозим. Шу йил 1 июлга қадар "кредит тарихи" ахборот тизимини тўлиқ ишга тушириш зарур.
Аҳолида банк тизимига нисбатан ишончни шакллантириш ва банклар фаолиятига четдан аралашишга чек қўйиш керак.
Тўртинчидан, барқарор иқтисодий ўсишнинг энг муҳим гарови - рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги халқаро бозорлар топиш ва экспортни кўпайтириш, транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобланади.
Бу йил экспортёрларга кафиллик берадиган ва харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган - Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш учун - Экспорт-кредит агентлиги ташкил этилади. Шунингдек, экспорт қилишда замонавий суғурта хизматлари йўлга қўйилади, автомобиль ва ҳаво транспорти харажатларини қисман давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий қилинади.
Ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмани яхшилаш зарур. Жумладан, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, божхона постларида назоратни амалга оширадиган божхона, санитария, карантин, ветеринария ва бошқа идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш лозим.
2020 йилда 3 мингга яқин стандартларни қабул қилиш, уларнинг сонини 10 мингтага ва халқаро стандартлар билан уйғунлашиш даражасини 40 фоизга етказиш даркор. Андижон, Термиз ва Қўнғирот туманларида эркин савдо зоналарини ташкил этиб, улар орқали чегараолди савдосини ривожлантириш зарур.
Харидоргир маҳсулотлар турларини аниқлаш, уларга бозор топиш ва сотиш билан хусусий трейдинг компаниялари шуғулланиши, бунинг учун эса, савдо фаолиятини тартибга соладиган қонун лойиҳалари тўпламини ишлаб чиқиш лозим. Бу ташқи савдо билан бир қаторда, ички бозорга ҳам тегишли.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш концепциясини ишлаб чиқсин ҳамда ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли қарорларни тайёрласин.
Маҳсулотларимизни ички ва ташқи бозорларга етказиш, уларнинг таннархини тушириш учун транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришимиз зарур.
Темир йўл соҳасида йўловчи ва юк ташиш, эксплуатация ва хизмат кўрсатишни бир-биридан ажратиш, яъни, табиий монополия қисмини алоҳида, хусусий секторни жалб қилиш мумкин бўлган йўналишларни алоҳида ривожлантириш лозим.
Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, инфратузилмани яхшилаш, мослашувчан тарифлар қўллаш ва янги истиқболли йўналишларни шакллантириш ҳисобидан бизда транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага етказиш имконияти мавжуд.
Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун бизга янги-янги бозорлар керак. Бунинг учун бозор иқтисодиёти ва давр талабларига мос кўплаб қонун ва қарорларни қабул қиляпмиз. Лекин, афсуски, уларни ижро этадиган кўпгина амалдорлар ҳали ҳам эскича иш услуби, расмиятчилик ва бефарқликдан қутулгани йўқ.
Очиқ бозор маҳсулот сифатини ошириш, таннархни пасайтириш, янги технологиялар олиб келишга мажбур қилади, бозор ислоҳотларини жадал ривожлантиради. Содда қилиб айтсак, жаҳон ишлаб чиқариш тизимига, дунё бозори талабларига ва иқтисодий интеграция жараёнларига ҳамоҳанг бўлишимиз лозим. Мулоқот ва рақобатга тайёр бўлиш учун тармоқ раҳбарлари ўз устида тинимсиз ишлаши шарт.
Мана, нима учун бизга иқтисодий интеграция керак!
Бизнинг ташқи савдога чиқадиган юкларимизнинг 80 фоизи Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиянинг транзит йўлаклари орқали ўтади. Шунингдек, тайёр маҳсулотларимиз экспортининг 50 фоизи, айрим товарлар бўйича эса 80 фоизи Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади.
Ана шу омилларни инобатга олиб ҳамда Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун борган фуқароларимизга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар ўрганилмоқда. Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таянамиз.
Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу йўналишдаги таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишларини якунлаб, тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига тақдим этсин.
Шу билан бирга, биз Жаҳон савдо ташкилоти билан бошланган мулоқотимизни ҳамда Европа Иттифоқи билан Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги янги битимни тузиш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз. Шунингдек, биз бошқа халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокимизни янада кучайтирамиз.
Бешинчидан, саноат тармоқларини узлуксиз хомашё ва замонавий инфратузилма билан таъминлаш зарур.
Иқтисодиётнинг қатор муҳим тармоқлари, жумладан, кимё, нефть ва газ, энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, заргарлик саноатини хомашё билан таъминлаш учун, аввало, геология-қидирув соҳасини тубдан ривожлантириш лозим. Шуни ҳисобга олиб, жорий йилда истиқболли конларни аниқлаш ва мавжуд захираларни кўпайтириш учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилмоқда.
Давлат геология қўмитаси олдига ушбу маблағларни самарали ишлатиш орқали шу йилда янги истиқболли майдонлар ва конларни аниқлашни 35 фоизга, келгуси йилда эса 40 фоизга ошириш вазифаси қўйилади.
Давлат геология қўмитаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бирга камида 20 та кон бўйича тайёр лойиҳалар тўпламини шакллантириб, салоҳиятли инвесторларга таклиф этиши лозим. Шунингдек, Қўмита углеводородлар ва уларнинг захиралари бўйича ҳисоб-китоб юритиш, тоифага ажратиш ва бошқаришнинг халқаро тизимини амалиётга жорий этиши керак.
Иқтисодий юксалишни таъминлаш учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий инфратузилма барпо этиш ниҳоятда зарур.
Биз кейинги 3 йилда йўл қурилишига - 9,8 триллион сўм, сув тармоқларига - 4,6 триллион сўм, электр тармоқларига - 18,2 триллион сўм, табиий газ таъминотига - 1,2 триллион сўм маблағ ажратдик. Бу рақамлар ушбу тармоқлар учун сўнгги 10 йилда сарфланган маблағлардан бир неча баробар кўпдир. Лекин, шунга қарамасдан, замонавий инфратузилма яратиш, мавжуд тизимни модернизация қилиш учун бундан бир неча ўн баробар кўп маблағ талаб этилади.
Қанчалик қийин бўлмасин, биз ҳар йили Инвестиция дастури доирасида катта маблағ ажратиб, бу йўналишдаги ишларни албатта жадал давом эттирамиз. Бунга қўшимча равишда республика ва маҳаллий бюджетларнинг прогноздан юқори тушумларининг ярмини инфратузилма объектларини ривожлантиришга йўналтириш - Молия вазирлиги ва ҳокимлар учун жорий йилдаги асосий вазифалардан бири бўлиши керак.
Қонунчилик палатаси Ҳисоб палатасини жалб этган ҳолда, ушбу маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини жойларга чиқиб, мунтазам равишда ўрганиб бориши мақсадга мувофиқдир.
Олтинчидан, бизнес муҳитини янада яхшилаш биз учун энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолади.
Жаҳон банкининг "Бизнес юритиш" рейтингида энг яхши 50 та мамлакат қаторига кириш бўйича барча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни қабул қилдик. Ҳукумат ушбу тадбирларнинг амалий ижросини самарали ташкил этиши зарур.
Яқинда қабул қилинган янги Солиқ кодексига мувофиқ, бу йилдан бошлаб кўплаб янгиликлар амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш бўйича енгиллаштирилган механизмлар киритилди.
Биринчи марта тадбиркорларга ички бозорда сотган маҳсулоти бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилмоқда. Ҳозиргача бу тартиб фақат маҳсулот экспорт қилинганда қўлланар эди. Бунинг ҳисобидан тадбиркорлар ихтиёрида 3,4 триллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ қолади.
Энди тадбиркор томонидан тўланган ортиқча солиқ ўз муддатида қайтарилмаса, унга Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича бюджетдан фоиз тўланади. Бунинг аҳамиятини мана шу залда ўтирган ва "ойнаи жаҳон" орқали менинг сўзларимни эшитаётган тадбиркорлар, ўйлайманки, ҳаммадан кўра яхши тушунади.
Солиқ кодекси нормаларини ҳар бир солиқ ходими, тадбиркорлар ва солиқ тўловчилар пухта ўзлаштириши, бунинг учун уларни мунтазам равишда ўқитиш зарур.
Солиқ хизмати ходимлари дунёқарашини тубдан ўзгартириш ва малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси қошида Фискал институтини ташкил этишни таклиф қиламан. Бу жараёнга катта тажрибага эга бўлган нуфузли хорижий экспертларни жалб этиш зарур.
Шу билан бирга, тадбиркорларни кўп қийнайдиган соҳа - лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартирамиз. Очиқ айтиш керак, мавжуд 280 га яқин лицензия ва рухсатномалар орасида фаолият турлари ҳисобини юритиш, маблағ ундириш ёки шунчаки назорат қилиш учун жорий қилинганлари ҳам бор. Бу эса тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман 2020 йил 1 мартга қадар лицензия ва рухсатномалар бериш асосларини тубдан қайта кўриб чиқиб, уларнинг сонини камида 2 баробар қисқартириш бўйича аниқ таклиф киритсин. Шунингдек, "Кичик ва ўрта бизнес тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур. Унда кичик ва ўрта бизнес мезонлари ҳамда бу соҳа вакилларини рағбатлантириш механизмлари назарда тутилиши керак.
Бу йил ҳар бир ҳудудда тадбиркорларга ер участкаларига оид маълумотларни очиқ ва ҳаққоний етказиш бўйича янги тизим жорий этамиз. Унга кўра, тадбиркорнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган бўш ер майдонлари, бино ва иншоотлар, уларнинг қиймати ва шартлари ҳақидаги тўлиқ харитани исталган вақт ва ҳудудда онлайн тартибида олиш имконияти яратилади.
Хабарингиз бор, бундан 2 йил олдин корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишга нисбатан эълон қилинган мораторийнинг муддати тугади. Лекин, бу яна эски усулда ёппасига текшир-текширларни бошлаб юбориш мумкин, дегани эмас.
Бу кимгадир ёқадими-йўқми, биз бунга йўл қўймаймиз. Барча назорат идоралари раҳбарлари шуни қулоғига яхшилаб қуйиб олсин.
2020 йилнинг биринчи чорагида, илғор тажрибалар асосида, барча даражадаги назорат қилувчи идораларда янги замонавий тизим жорий этилиши шарт. Ана шу тизим орқали ҳар бир корхона ва тадбиркор бўйича алоҳида-алоҳида иш олиб бориб, уларнинг қонуний фаолият юритишини таъминлаш, текширишни эса энг сўнгги фавқулодда чора сифатида адолатли ўтказиш лозим. Мазкур масала юзасидан, назорат идораларининг раҳбарлари парламент олдида ҳар чоракда шахсан ҳисобот бериб боради.
Банкротлик борасидаги ҳозирги тартиб-тамойиллар корхоналарни тугатиш ва мол-мулкдан тушган маблағлар ҳисобидан қарзларни қоплашни назарда тутади. Шунинг учун сўнгги 3 йилда атиги 3 та корхонада санация қўлланган, холос. Энди бундай қоидадан бутунлай воз кечиб, тўловга қобилиятсиз корхоналарни энг илғор хорижий тажриба асосида соғломлаштириш бўйича янги тизим жорий этамиз.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини таъминлашда Олий Мажлиснинг иккала палатаси ҳам таъсирчан парламент назоратини йўлга қўйиши зарур.
Тадбиркорлик соҳасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш сиёсатини изчил давом эттиришимиз лозим. Жумладан, сохта тадбиркорлик, рақобатчининг обрўсини тушириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик бекор қилинади. Шунингдек, божхона қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятни биринчи марта содир этган, лекин тўловларни тўлаган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш керак.
Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти аъзоларига "жиноий уюшма" деган айблов қўйиб, уларга оғир жазо тайинлаш каби аллақачон умрини ўтаб бўлган тартибларни бекор қилиш вақти етди. Бунинг оқибатида юзлаб тадбиркорлар қанчадан-қанча азият чекиб, моддий зарар кўраётганларини инобатга олсак, бу ўзгаришларнинг қандай катта аҳамиятга эга экани яққол аён бўлади.
Олий суд, Бош прокуратура, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги 2020 йил 1 апрелгача ана шу масалалар бўйича тегишли қонун лойиҳасини пухта ишлаб чиқиши лозим.
Еттинчидан, иқтисодиётимиз ривожини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан бири бўлган қишлоқ хўжалигини стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттириш зарур.
Тармоқдаги ҳозирги ўсиш суръатлари бизни мутлақо қониқтирмайди. Бу борада бозор механизмларини кенг жорий этиб, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини оширмас эканмиз, биз кутган сезиларли ўзгариш бўлмайди. Шу боис, пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини ислоҳ қилиб, аграр соҳанинг бошқа тармоқларига ҳам арзон кредитлар ажратиш йўлга қўйилади.
Келгусида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳа корхоналарига кўрсатма бериш, ресурсларни тақсимлаш, режа белгилаш каби эски иш усулларидан мутлақо воз кечиши зарур. Бунинг ўрнига вазирлик сервис ташкилотига айланиши, хусусий агросаноат ташкилотларига ер ҳолатини аниқлаш, экин турлари ва уруғни тўғри танлаш, зараркунандаларга қарши курашиш, молиявий кўмаклашиш, маҳсулот бозорини топиш бўйича хизмат кўрсатиши керак.
Аграр тармоқда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш билан бирга, пахта ва ғалла етиштиришни кластер шаклига босқичма-босқич ўтказиш бўйича изланишларимизни давом эттирамиз.
Мева-сабзавот, шоличилик, чорвачилик, ипакчилик каби бошқа тармоқларда ҳам бугунги кун талабига жавоб берадиган кластерларни ташкил этиш ишларини давом эттирамиз.
Бу йил 2 миллиард долларлик, кейинги 5-7 йилда эса 3-4 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун маҳсулот етиштиришни кескин кўпайтириш чораларини кўриш зарур.
Парламентимиз ушбу ислоҳотларимизнинг ҳуқуқий асоси бўлган "Кооперация ва кластерлар тўғрисида"ги янги Қонунни тезроқ қабул қилса, ушбу катта режа ва ниятларимизга мос иш бўлур эди.
Бу йил мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик, агро-логистикани ривожлантириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга 3 триллион сўм маблағ йўналтирамиз. Чорвачилик, қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик каби соҳаларда наслчиликка алоҳида эътибор қаратилиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари татбиқ этилади.
2020 йилда 44 минг гектар ерда ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этамиз. Бунинг учун давлат бюджетидан 300 миллиард сўм субсидия ажратилади. Шунингдек, сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнларини, сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тизимини автоматлаштириш зарур.
Ушбу масалалар Сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида ўз аксини топиши керак. Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 1 апрелга қадар ана шу концепция лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.
Саккизинчидан, туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади.
Ҳукумат олдидаги энг муҳим вазифалардан бири - жорий йилда юртимизга келадиган туристлар сонини 7,5 миллионга етказишдан иборат.
Маълумки, қатор нуфузли хорижий оммавий ахборот воситалари 2020 йилда Ўзбекистонни саёҳатга албатта бориш тавсия этилган мамлакатлар қаторига киритди. Биз бундай имкониятдан унумли фойдаланишимиз керак.
Катта салоҳиятга эга бўлган зиёрат ва тиббиёт туризмини ҳам жадал ривожлантириш зарур.
Юртимизда 8 минг 200 дан зиёд маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, туризм маршрутларига уларнинг атиги 500 таси киритилган.
Ҳукумат уч ой муддатда зиёрат ва анъанавий туризмни ривожлантириш мумкин бўлган маршрутлардаги объектлар сонини 800 тага етказиш бўйича чора-тадбирларни белгиласин.
Яна бир вазифа - ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий маданий мероси ва Номоддий маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги янги объектларни киритишни тезлаштириш лозим.
Жорий йилда янги замонавий меҳмонхоналарни қуришга давлат бюджетидан 200 миллиард сўм субсидия ажратиб, туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш зарур.
Тўққизинчидан, урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш керак.
Ана шу ишлар доирасида 7 та йирик шаҳар - Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Фарғона, Наманган, Нукусга туташ бўлган 12 та йўлдош шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Ана шу вазифа билан боғлиқ яна бир масала шуки, асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими - ички миграцияни эркинлаштиришдан иборат.
Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим.
Уй-жой қурилишига хусусий секторни фаол жалб қилмасдан туриб, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини тўлиқ таъминлаш мумкин эмас. Шу сабабли янги ипотека тизими жорий этилмоқда.
Бу борада вилоятлардаги шаҳарлар ва Тошкент шаҳрида 18 мингга яқин ҳамда қишлоқларда 4 мингта уй-жой хусусий сектор томонидан қурилади. Давлат, банклар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида уларга қарийб 4 триллион сўм маблағларни аукционлар орқали ажратади.
Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳарларда 16 минг оилага уй-жой олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизини қоплашга бюджетдан 1 триллион сўм субсидия ажратилади.
Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон ўзининг "кичик ватани"га - уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Охирги уч йилда "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" деган тамойил асосида, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб бораётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотларни давом эттирамиз. Бунинг учун биринчи навбатда аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш - биз учун бош вазифалардан бири бўлиб қолади.
Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда.
Баъзи одамлар ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деб ўйлайди. Бу - бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди.
Камбағалликни камайтириш - бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир.
Шунинг учун Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф этаман. Бу борада халқаро меъёрлар асосида чуқур ўрганишлар ўтказиб, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларини қамраб олган янги методологияни яратиш лозим.
Шунингдек, Фарғона водийсининг 22 та қишлоқ туманида аҳоли ўртасида замонавий ишбилармонлик ва бизнес кўникмаларини шакллантириш бўйича бошланган ижобий тажрибани барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этишимиз керак.
Жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга оид тадбиркорлик ташаббусларини, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият бериш зарур. Шу мақсадда аҳоли ва тадбиркорларга, микромолия хизматлари ва молиявий ресурсларга, давлат харидларига кенг йўл очиб берилади. Бундай чоралар орқали одамларимизда тадбиркор бўлишга иштиёқ ва ишонч ортади, улар кўпроқ даромад олишга интиладиган бўлади.
Шу билан бирга, ҳамма ҳам тадбиркор бўла олмайди. Шу сабабли бундай одамлар билан тизимли иш олиб бориб, уларни касбга қайта тайёрлаш орқали уларни муносиб иш жойи билан таъминлаш лозим. Ушбу мақсадлар учун 700 миллион доллар жалб қилинади.
Биз янги иш ўринларини яратадиган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, таъбир жоиз бўлса, уларни елкамизда кўтаришимиз керак.
Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда ижтимоий тадбиркорлик асослари ва уни рағбатлантириш чоралари тўғрисида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилади. Шунингдек, ҳукумат жорий йилда давлат дастурлари доирасида ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали 500 мингта янги иш ўрни яратишни таъминлаши зарур.
Шу муносабат билан бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман, ҳар бир тармоқ, соҳа, вилоят ва туманда яратилган тадбиркорлик субъектлари ва янги иш ўринлари, ана шу тузилмалар раҳбарлари фаолиятини баҳолашда энг асосий мезон бўлади.
Йил давомида бюджет тизими ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори инфляция даражасидан юқори миқдорда оширилади.
Ижтимоий нафақа тўлашнинг мукаммал тизимини жорий этиш, жумладан, кам таъминланган оилаларга кўмак кўрсатиш қамровини кенгайтириш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш зарур. Шунингдек, нафақа тайинлашдаги мезонларни қайта кўриб чиқиш ва уларни белгилашда очиқ ва адолатли тизим яратиш, бу борада маҳалланинг иштирокини танқидий қайта кўриб чиқиш лозим. Умуман олганда, аҳоли ижтимоий нафақа бўйича битта идорага мурожаат қилганидан кейин ўша идоранинг ўзи бир кунда ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб, масаланинг ечимини топиши керак.
Фуқароларимиз пенсияга чиқиши учун фақат паспорти билан бориб, мурожаат қилиши кифоя бўладиган тизим яратилади. Бунинг учун, биринчи навбатда, давлат архиви тизими электрон шаклга ўтказилиши керак.
Жорий йилда кексалар, жумладан, ёлғиз кексалар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит ва таъсирчан тизим яратиш зарур. Бу тоифа учун ажратилаётган ижтимоий тўловлар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилиши керак.
"Меҳрибонлик уйлари"да тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, хусусан, уларни иш билан, келажакда уй-жой билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш зарур. Чунки бундай фарзандларимиз уларнинг ғамхўри, меҳрибони, ортидаги суянчи давлат ва жамият эканини доимо қалбдан ҳис қилиб туриши шарт.
Ногиронлик, дафн маросими, боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар, иш пайтида майиб бўлганлик учун товон пули каби тўловларни қайта кўриб чиқиб, "Ижтимоий суғурта тўғрисида"ги Қонунни ишлаб чиқиш зарур.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепциясини ишлаб чиқиши, юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича устувор вазифаларни белгилаши лозим.
Иккинчидан, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ислоҳотларимизни ҳам қатъият билан давом эттирамиз.
Шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришимиз даркор.
Давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 триллион сўм ажратилади. 281 та тиббиёт муассасасини қуриш ва таъмирлашга бюджетдан 1,1 триллион сўм сарфланади. Шунингдек, 17 та ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт муассасасини бошқаришда замонавий менежмент механизмларини жорий этиш зарур.
Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, соғлом рақобатни кучайтириш, биринчи навбатда, ихтисослашган тиббиёт марказларига хорижий инвесторларни жалб этиш чораларини кўриш даркор.
Гематологик ва вирусологик ёрдам сифатини ошириш, бу турдаги даволаш қийин бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ этишнинг вақти келди.
Қон ва вирусли касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш учун малакали гематолог, вирусолог ва иммунолог тайёрлаш, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағларни кўпайтиришимиз керак.
Ихтисослашган марказлар ва уларнинг филиалларида, шунингдек, Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида шу йил электрон тиббий карталарни жорий этиш даркор.
Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида бу йил мажбурий тиббий суғуртага оид қонунларни қабул қилиш ва уларни амалга ошириш бўйича барча ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозим.
Ушбу тизимни жорий йилда Сирдарё вилоятида тажриба сифатида қўллаш бошланади.
Дори воситалари ҳаракатини назорат қилиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш ва дориларнинг реал нархини онлайн тартибида кузатиб бориш тизимини яратиш ҳам долзарб вазифадир.
Учинчидан, биз бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарамиз.
2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилади. Бунинг учун банкларга давлат бюджетидан ресурс ажратамиз. Бундан ташқари, 1 минг 576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этилади.
Мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар, ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришни кун тартибига қўймоқда. Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичлар ишлаб чиқиш, ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индексини жорий этиш керак.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи "Ўзбекистон ёшлари - 2025" концепциясини ишлаб чиқиши, унда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишнинг амалий чора-тадбирлари белгиланиши зарур.
Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ҳеч ким четда турмаслиги, "Ўз болангизни, ўз уйингизни, ўз Ватанингизни кўз қорачиғидек асранг!" деган шиор одамларимиз қалбидан чуқур жой олиши керак.
Жамиятимизда аҳоли, айниқса, ёш йигит-қизларимизнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш - биринчи даражали аҳамиятга эгадир.
Шу боис, "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" деган дастурий ғоя асосида, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш - ўта шарафли вазифадир.
Ёшлар бўйича Қорақалпоғистон Республикасидан бошланган янги ташаббусимизни бутун мамлакатимиз бўйича амалга оширамиз. Мен вилоят раҳбарларини, жойлардаги барча жамоатчиликни ушбу масалага жиддий эътибор беришга чақираман.
Тўртинчидан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш керак.
Бу борада ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёшларимиз учун янги оммавий спорт объектларини қуриш зарур. Бу йил 269 та футбол, волейбол, баскетбол ва бадминтон майдонлари, 178 та бокс, кураш, фитнес ва гимнастика спорт заллари, 32 та теннис корти қуриш бўйича салкам 500 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.
Ёшлар орасида иқтидорли спортчиларни селекция қилишнинг "ташкилот - туман (шаҳар) - ҳудуд - республика" босқичларидан иборат тўрт босқичли тизими жорий этилади.
Бу йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз муносиб иштирок этиши учун ҳукумат ва Миллий олимпия қўмитаси барча шароитларни яратишлари зарур.
Бешинчидан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни яхшилашга эътиборни кучайтиришимиз керак.
Аввало, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича бошлаган мисли кўрилмаган ишларимизни давом эттириб, денгизнинг қуриган тубида ўрмонзорларни кенгайтириш, Нукус, Урганч ва Хива шаҳарлари атрофида "яшил белбоғ"лар барпо этишимиз лозим.
Ишлаб чиқариш жараёнини экологик назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, экологик аудит ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқиб, хусусий аудиторлик фаолиятини жонлантириш ҳам муҳим вазифадир.
Ҳукумат саноат ривожининг экологияга таъсирининг олдини олиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин. Шунингдек, нуфузли халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, жорий йил 1 октябрга қадар Экология кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиши лозим.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳар бир ҳудуд ва корхона бўйича экологияни яхшилаш, чиқиндиларга доир ишлар юзасидан дастурлар ишлаб чиқиши ва уларнинг ижросини таъминлаши шарт.
Олтинчидан, маданият ва санъат муассасаларига алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриш зарур.
Жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 22 та театр ва маданият объектлари қурилади ва реконструкция қилинади. Шунингдек, давлат-хусусий шериклиги асосида 20 та маданият маркази ва истироҳат боғлари фаолияти йўлга қўйилади.
Кинематография соҳасида бадиий жиҳатдан етук асарлар яратиш, замонавий киноиндустрияни ривожлантириш, жумладан, янги кинотеатрлар қуришни таъминлаш лозим.
Жорий йилда давлат буюртмаси асосида кино маҳсулотлари ишлаб чиқаришни молиялаштириш такомиллаштирилади. Шу боис, Кинематографияни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ҳамда "Кинематография тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқишимиз лозим.
Бундан ташқари, бу йил маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеа - Шаҳрисабз шаҳрида иккинчи Халқаро мақом фестивалини муваффақиятли ўтказишимиз керак.
Шунингдек, 2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади.
Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади.
Муҳтарам юртдошлар!
Ҳар томонлама мукаммал ва самарали бошқарув тизимини яратиш - олдимизда турган улкан вазифаларни бажаришнинг асосий шартидир.
Биз парламентнинг қонун ижодкорлиги, парламент назоратини самарали ташкил этиш механизмлари билан боғлиқ барча масалаларни куни кеча Олий Мажлисда бўлиб ўтган учрашувларда атрофлича ва чуқур муҳокама қилиб олдик.
Шу билан бирга, қуйидаги долзарб масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Биринчидан, жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада ошириш зарур.
Ҳокимлар охирги 3 йилда уларга берилган кенг ваколатлардан қанчалик самарали фойдаланаётганини, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари фаолияти натижадорлигини назорат қилиш бўйича янги тизим яратиш шарт.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун Бош вазирдан бошлаб барча ҳукумат аъзолари, вилоят ҳокимлари парламентга ҳисобот беради-ю, вилоят ва туманлардаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида маҳаллий кенгашларга ҳисобот бермаслиги керак? Шунинг учун вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизим жорий қилинади.
Айни вақтда фармонлар, қарорлар, концепция ва стратегияларда белгиланган индикаторлар ва мақсадли параметрларнинг ижроси бўйича ҳокимлар ўз ҳудудларидаги оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб боришлари керак бўлади.
Ишнинг самарасини ошириш мақсадида маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институтини жорий этишни таклиф қиламан.
Яна бир муҳим масала. Амалдаги қонун ҳужжатларида ҳокимликларнинг 300 га яқин вазифа ва функциялари назарда тутилган. Шундан 175 таси, мазмун-моҳиятига кўра, ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмайди ва турли идораларнинг функцияларини такрорлайди. Бу эса, иш сифати ва ижро интизомига салбий таъсир кўрсатиши табиий.
Шу сабабли Олий Мажлис Сенатига, Адлия вазирлигини жалб этган ҳолда, шу йилнинг биринчи ярмида ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш топширилади.
Иккинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Бунинг учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришимиз керак. Вазирлик ва идоралар ҳам бир четда томошабин бўлиб ўтирмасдан, бундай ижтимоий ҳамкорлик ишларини кенгайтириши лозим. Шунинг учун Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини такомиллаштириш даркор.
Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак. Жамоатчилик маъқул деса - маъқул, номаъқул деса - номаъқул бўлади.
Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қиламан.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш лозим.
Ҳурматли депутатлар ва сенаторлар!
Бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга - яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ.
Қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги асосий вазифалар ҳақида Конституция кунига бағишланган тантанали маросимда батафсил тўхталиб ўтганимиздан яхши хабардорсиз.
Бу борада қуйидаги қўшимча вазифаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Аввало, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш - энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур.
Яна бир бор айтмоқчиман - дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкин.
Бу борада қабул қилган қонуний чора-тадбирларимиз аниқ натижалар бера бошлади. Ушбу ижобий ўзгаришларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг судьялар мустақиллиги бўйича махсус вакили Диего Гарсия-Саян жаноблари ҳам алоҳида эътироф этди.
Ўтган 3 йилда 1 минг 989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди.
Судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир. Мен, Президент сифатида, судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди.
Эски тузумдан қолган ва ҳануз давом этаётган суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш лозим. Энди фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкин.
Суд раислари томонидан судьяларнинг фаолиятини баҳолаш ва уларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш бўйича ваколатларни қайта кўриб чиқиш керак.
Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек, "Адолат йўқолган пайтда, ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди".
Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим.
Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Адлия вазирлиги уч ой муддатда юқорида билдирилган таклифларни амалиётга жорий этишни назарда тутадиган, қонун лойиҳасини киритсин.
Иккинчидан, суд-ҳуқуқ соҳасига доир асосий қонун ва кодекслар бундан деярли 20-25 йил олдин қабул қилинган бўлиб, ҳозирги давр талабларига жавоб бермайди.
Шу сабабли парламент яқин йилларда Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижро, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгитдан қабул қилиши мақсадга мувофиқдир. Бу борада, аввало, тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Қонунчиликни янгилашдан мақсад - фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида бош қотиришдан иборат бўлмоғи лозим.
Учинчидан, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш зарур.
Биз ички ишлар идоралари фаолиятини такомиллаштириш бўйича жиддий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Бироқ, очиқ тан олиш керак, ушбу идоралар ҳали халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлангани йўқ.
Тизимда жамоат тартибини сақлаш, жиноятларга қарши курашиш ва давлат хизматларини кўрсатиш фаолиятига доир аниқ мезонлар белгиланмаган. Шу сабабли ислоҳотларни давом эттириб, ички ишлар идораларини одамларимизнинг оғирини енгил қиладиган тузилмага айлантириш зарурлигини яна бир бор такрорлаш ўринли, деб биламан.
Бу масала янги парламент, хусусан, Сенат олдидаги беш йиллик вазифа бўлиб, бунинг учун барча ташкилий-ҳуқуқий асосларни яратиш ва амалий чоралар кўриш лозим.
Ички ишлар органлари учун барча даражадаги раҳбарларнинг малакасини ошириш ва мақсадли тайёрлаш тизимини ташкил этиш зарур.
Тўртинчидан, афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда.
Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди.
Тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётганини Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, "ҳалоллик вакцинаси" билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.
Ана шу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этаман.
Президент Администрацияси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталари билан биргаликда уч ой муддатда тегишли фармон лойиҳасини ишлаб чиқсин.
Бешинчидан, фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам қўйиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Айниқса, мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал этиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келди, деб ўйлайман. Хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор. Шу тариқа 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ узоқ йиллардан буён ечилмасдан келаётган муаммолари ҳал этилади.
Вазирлар Маҳкамаси бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда кўриб чиқиб, жорий йил 1 майга қадар тегишли қонун лойиҳаларини тақдим этиши лозим.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Биз жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Бу борада 30 июль - "Халқаро дўстлик куни" муносабати билан юртимизда биринчи марта "Дўстлик ҳафталиги"ни ва "Дўстлик" халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этаман.
Мамлакатимизда "жаҳолатга қарши - маърифат" деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади.
Жорий йилда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.
Имом Бухорий бобомизнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини бу мўътабар зотнинг мусулмон дунёсидаги улуғ мақомига мос равишда мутлақо янги лойиҳа асосида қайта барпо этиш ишларини ҳам бошлаймиз. Шунингдек, буюк аллома Баҳовуддин Нақшбанд бобомизнинг 700 йиллик таваллуд айёмини юқори савияда ўтказишимиз керак.
Сизларга маълумки, кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат туфайли тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай хатога қўл урган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда ҳам диний экстремистик йўлга кириб қолганидан чин дилдан пушаймон бўлган шахсларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, уларни жамиятга мослаштириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Жаҳонда шиддат билан ўзгараётган нотинч ва мураккаб вазият, турли можаролар жонажон Ватанимиз хавфсизлигини, эл-юртимизнинг осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда мавжуд таҳдид ва хатарларга муносиб жавоб беришга доим тайёр туришимизни тақозо этмоқда.
Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг яқинда ўтказилган мажлисида бу борадаги устувор вазифалар ва амалий чора-тадбирларни белгилаб олдик. Қуролли Кучларимиз ушбу вазифаларни самарали адо этади, деб ишонаман.
Биз Ўзбекистон ташқи сиёсатини фаоллаштириш юзасидан бошлаган кенг кўламли ишларни, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат йўлини давом эттирамиз. Олис ва яқиндаги барча давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини, узоқ муддатли ва кўп қиррали шерикликни янада кучайтирамиз.
Бу борада қуйидаги устувор жиҳатларга сизларнинг диққатингизни қаратмоқчиман.
Биринчи. Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни мазмун ва сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.
Иккинчи. Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Америка Қўшма Штатлари, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Европа Иттифоқи ва Осиё мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз.
Учинчи. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий кенгаш ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни жадаллаштиришни давом эттиришимиз зарур.
Орол муаммосини ҳал этишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан тузилган Орол денгизи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фондига катта ишонч билан қараймиз.
Биз Ўзбекистоннинг 2021-2023 йиллар мобайнида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиши масаласини изчил илгари суриш ниятидамиз.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқишни таклиф этган эдик. Жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ёшлар ҳуқуқларига бағишлаб ўтказиш ва унда ушбу конвенция лойиҳасини муҳокама этишни таклиф қиламан.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилишни ҳам тезлаштиришимиз керак.
Тўртинчи. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида фаолиятимиз самарасини янада оширишимиз зарур.
Ўзбекистоннинг 2020 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилиши, биз учун тарихий аҳамиятга эга. Биз Ҳамдўстликда савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ташкилот томонидан қабул қилинган қарорларнинг амалий натижадорлигини ошириш ва аъзо давлатлар ўртасида гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун барча салоҳият ва имкониятларни ишга соламиз.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти билан муносабатларни ривожлантириш - Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади.
Бундан ташқари, жорий йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Марказий Осиё, Европа Иттифоқи ва Осиё мамлакатлари билан олий даражадаги икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар ўтказилиши кутилмоқда. Ташрифлар доирасида мамлакатимиз манфаатларига хизмат қиладиган истиқболли лойиҳалар ва дастурлар қабул қилиниши кўзда тутилган.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган мамлакатимиздаги хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакилларига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман.
Ҳурматли ватандошлар, азиз меҳмонлар!
2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланади.
Бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Бу қонли урушда жами 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган жасоратини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.
Биз уруш ва фронт орти фахрийларини фақатгина байрамларда эмас, балки доимо эъзозлаб, ардоқлашимиз, уларнинг соғлиги ҳақида ҳар куни, ҳар соатда ўйлашимиз лозим. Жорий йилда уларга ҳар томонлама эътибор янада кучайтирилади. Жумладан, мамлакатимизнинг энг яхши санаторийларида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратамиз.
Уруш йилларида халқимиз кўрсатган ҳақиқий жасорат ва матонатни кино, театр санъати, бадиий-публицистик асарлар, илмий тадқиқотлар орқали кўрсатиш, аҳоли, айниқса, ёшларимизга таъсирчан тарзда етказиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида муҳташам "Ғалаба боғи" бунёд этилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Хотира ва қадрлаш куни ва Ғалабанинг 75 йиллигини ҳар томонлама муносиб ва юқори савияда нишонлаш учун тайёргарлик ишларини пухта ташкил этишимиз керак.
Муҳтарам юртдошлар!
Биз бундан уч йил олдин мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида буюк ишларни бошлаганмиз. Халқимизнинг ақл-заковати, куч-қудрати ва салоҳиятига таяниб, биз бу йўлда дастлабки, лекин ўта муҳим ва салмоқли натижаларга эришмоқдамиз. Энди ана шу ютуқларимизни мустаҳкамлаб, янада дадил ва улкан қадамлар ташлашимиз шарт. Чунки юртимиздаги ислоҳот ва ўзгаришлар жараёни ортга қайтмайдиган тус олиб, ҳал қилувчи паллага кирмоқда.
Натижадорлик ҳаммамиз учун бош талаб, асосий мезонга айланмоқда. Бу борада 2020 йил барчамиз учун алоҳида синов ва масъулият йили бўлади. Энди кечаги ютуқ ва марралар, бизни сира қониқтирмайди. Нега деганда, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам, кечаги халқ эмас.
Амалий натижа билан мустаҳкамланган, ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳот одамларнинг қалбига, юрагига тез кириб боради. Ва бундай ислоҳотни, бундай шиддатли жараённи ҳеч ким, ҳеч қандай куч, тўхтата олмайди.
Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак. Бунинг учун барча бўғиндаги раҳбарлар фоизлар, рақамлар, қоғознинг ортидан қувмасдан, ҳар бир фуқаро учун, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун ишлаши шарт. Шунда нуроний кексаларимиз, муҳтарам отахон ва онахонларимиз, ҳурматли аёлларимиз, азиз фарзандларимиз, жажжи набираларимиз, кўп миллатли бутун халқимиз биздан рози бўлади.
Бугунги Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир мақсад ва вазифага, уларни амалга оширишга айнан шу нуқтаи назардан ёндашсак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳудуд раҳбарлари билан биргаликда Мурожаатномада белгилаб берилган барча вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаб, ҳар чоракда Олий Мажлис олдида ҳисобот бериши зарур.
Президент Администрацияси ва ҳукумат Олий Мажлис палаталари билан биргаликда 20 кун муддатда 2020 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасини пухта тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритсин.
Шу ўринда яна бир муҳим масалага алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман.
Ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилди. Бундан кейин ҳам "тўртинчи ҳокимият" вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун барча шарт-шароитларни яратамиз.
Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман.
Азиз дўстлар!
Имом Бухорий бобомиз ўз китобларида келтирган муборак ҳадисда айтилганидек, "Барча амаллар ниятга қараб бўлади".
Дарҳақиқат, пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта ижобат бўлади.
Бугун биз ҳам танти, сабр-қаноатли ва меҳнаткаш халқимиз билан бирга улуғ мақсадларни белгилаб, маррани баланд олмоқдамиз.
Олдинда бизни улкан вазифалар, катта имкониятлар кутмоқда.
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик: биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз - ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз.
Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз.
Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз. Бундай эзгу ишларда бизга Яратганнинг ўзи, буюк аждодларимизнинг пок руҳлари мададкор бўлади, деб ишонаман.
Мен сизларнинг тимсолингизда, бутун халқимиз, навқирон ўғил-қизларимиз тимсолида олдимизга қўйган оламшумул мақсадлар йўлида ўзини аямасдан, фидокорона меҳнат қилаётган, қалбимга яқин, самимий инсонларни кўраман. Бугунги Мурожаатномада белгилаб берилган устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишда, аввало, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизга ҳамда унинг муносиб вакиллари бўлган сизларга ишонаман ва таянаман.
Яна бир бор барчангизга сиҳат-саломатлик, чексиз куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар, оилавий бахт ва саодат тилайман.
Доимо соғ-омон бўлинг!
Катта раҳмат сизларга!