Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг бой маданий-тарихий меросини тарғиб қилиш, давлатимизнинг миллий сиёсати самараларини намо-йиш этиш, миллий-маданий марказлар ҳузуридаги бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг маънавий-ижодий салоҳиятини янада юксалтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик ва миллий ғояга садоқат руҳида тарбиялаш, Ватанимиз фани ва маданияти равнақида турли миллат вакилларининг ҳиссаси катта эканини кенг жамоатчиликка етказиш, келажаги буюк давлатимиз ва унинг бунёдкор, меҳридарё халқини мадҳ этувчи юксак бадиий савиядаги мусиқа асарлари, қўшиқлар яратилишига кенг имконият бериш, фуқаролар тинчлиги ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда миллий-маданий марказларнинг ролини ошириш, уларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳар 3 йилда бир маротаба анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган "Ўзбекистон - умумий уйимиз" Республика дўстлик ва маданият фестивали бу йил олтинчи бор ташкил этилмоқда. Республика байналмилал маданият маркази, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ҳамкорликда Қашқадарёда ўтказилаётган мазкур фестивалнинг вилоят босқичи катта тараддуд ва кўтаринкилик билан бошланди.
Дастлаб Қарши санъат коллежида фестиваль доирасида анъанавий кўрик-танлов бўлиб ўтди. Тадбирни вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров кириш сўзи билан очиб, тадбир қатнашчиларини қутлади.
Сўз олганлар юртимиздаги тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Кўрик-танловда иштирокчилар мумтоз ва замонавий миллий мусиқа, ашула ва рақс, фольклор асарлари, яккахон ижрочилар ҳамда тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари каби шартларда ўз иқтидор ва имкониятларини намойиш этишди. Коллеж фойесида тасвирий ва амалий санъат асарларидан иборат кўргазма намойиш қилинди. Ундан юртимиз жамоли, одамларининг турмуш тарзи, истиқлол манзаралари акс этган суратлар, халқ амалий санъати намуналари - заргарлик буюмлари, каштачилик ва тўқувчилик маҳсулотлари жой олди.
Миллий фольклор жамоалар, яккахон ижрочилар ҳамда гуруҳларнинг ранг-баранг чиқишларини томошабинлар катта завқ билан қарши олишди. Саҳнада турли тилларда куйланган, Ватан, дўстлик, меҳр-муҳаббатни тараннум этгувчи қўшиқлар янгради, миллий рақслар ижро этилди. Ҳар бир чиқиш нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан кузатиб, баҳолаб борилди.
* * *
Қарши давлат университетида фестиваль доирасида "Биз - сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!" ҳамда "Соғлом она ва соғлом бола - миллат бахти" номли расмлар кўргазмаси ва "Миллий ва диний бағри-кенглик - барқарорлик омили" мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида ўтказилган расмлар кўргазмасида "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси аъзолари ҳамда Қарши санъат коллежи талабаларининг ижодига мансуб тасвирий санъат асарлари фестиваль меҳмонлари эътиборига ҳавола этилди. Суратларда юртимизнинг жаннатмонанд табиати, обод қишлоқ ва шаҳарларимиз манзараси, ўзбек халқи билан қондошга айланиб кетган турли миллат вакилларининг турмуш тарзи ўз ифодасини топган.
Кўргазма намойишидан сўнг университет талабалари, профессор ўқитувчилар ҳамда меҳмонлар иштирокида "Миллий ва диний бағрикенглик - барқарорлик омили" мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда сўз олганлар вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг тинч-тотув, аҳил ва иноқ турмуш кечираётгани, юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик муҳити, диний бағрикенгликнинг мамлакат тинчлигини таъминлашдаги роли, маданий хилма-хилликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, турли миллатлар қадрияти, маданий бойлигини асраш, тарғиб қилиш ҳақида сўз юритдилар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда вилоятимиз таълим муассасаларида туркман, тожик, рус, қозоқ, араб, қирғиз, турк, корейс, украин, беларусь каби миллатларга мансуб талабалар таҳсил олаётгани ва улар учун барча шарт-шароитлар яратилгани мамлакатимиздаги бошқа миллат вакилларига бўлган ҳурмат, бағрикенгликнинг ифодасидир.
- Мен асли туркманистонликман, - дейди Қарши давлат университетининг хорижий тиллар факультети 2-босқич талабаси Дилноза Чориева. - Бу ерда яшовчи қариндошларим маслаҳати билан шу университетга ўқишга кирдим. Бу ерда таълим олишимиз учун барча шароит муҳайё. Ўзбеклардан кўплаб дўстлар орттирганимдан хурсандман. Университетда ташкил этиладиган турли тадбирларда дўстларимизга чанқовуз чалиб, ўзимизнинг миллий рақсларимизни ижро этиб берамиз, пишма, ўнаш каби миллий таомларимизни тайёрлаб, уларга тортиқ қиламиз. Бунга жавобан эса ўзбек дугоналаримиз бизга палов пишириб беришади. Талабалар турар жойида ўзбек дўстларимиз билан шундай қувноқ ҳаёт кечирмоқдамиз.
Университетда ҳозирги кунда Дилноза каби 54 нафар туркманистонлик талаба таҳсил олаяпти. Дилноза Чориева, Лайло Наврўзова, Гавҳар Хидирова, Мержен Муродова каби талабалар университетнинг энг ташаббускор, фаол талабалари қаторида туради.
Тадбир сўнгида юртимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат вакилларининг ҳаёти, уларнинг фаолияти, юртимизда миллатлараро тотувлик ҳамда динлараро бағрикенгликка бўлган эътибор натижаси бўлган тинчлик-хотиржамлик, қардош халқлар билан илиқ муносабатлар, маданий-маърифий ҳамкорлик акс этган "Биз - сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!" номли фильм намойиш этилди.
* * *
Фестиваль дастуридан ўрин олган навбатдаги тадбир Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театри олдидаги хиёбонда ўтказилди. Оқшом салқинида ташкил этилган вилоятимиздаги олий ўқув юртлари талабалари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ижодига мансуб суратлар кўргазмаси, тантанавор янграётган оркестр садолари рангин фаввора атрофига турли миллат вакиллари, фаол ёшлар ҳамда зиёлиларни тўплади. Тадбир аввалида сўз олганлар Қарши шаҳрида кейинги йилларда рўй бераётган оламшумул ўзгариш ва янгиланишлар, олиб борилаётган ободончилик ишларига тўхталиб ўтар эканлар, буларнинг бари юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг меваси эканини таъкидлашди. Бундай тинч-осойишта муҳитнинг юзага келишида эса, шубҳасиз, юртимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг ҳиссаси бор. 30 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиб келаётган шу гўзал гўшада ўтказилаётган бу каби тадбирлар эса уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлайди.
- Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик тамойилларига истиқлолнинг илк йиллариданоқ катта эътибор қаратилгани туфайли бугун бу борада кўплаб ютуқларга эришдик, - дейди Республика Байналмилал маданият маркази директори Насриддин Муҳаммадиев. - Мазкур фестиваль бутун юртимиз бўйлаб ўтказилаяпти, ҳозирга қадар 8 та вилоятда бўлдик, ҳудудларда яшаётган ҳар хил миллат вакилларининг ҳаёти билан яқиндан танишдик. Уларнинг ҳаммасида бир муштарак жиҳат бор: барча миллатлар Ўзбекистонни ўзининг умумий уйи деб билади, бу азиз маъвони жонидан-да азизроқ кўради.
"Ўзбекистон - умумий уйимиз!" деб номланган концерт дастури йиғилганларга байрамона кайфият улашди. Ўзбекча, русча, туркманча, тожикча ва озарбайжонча қўшиқлар барчани рақсга чорлади. Фаввора атрофидаги байрам шодиёнаси тунга қадар давом этди.
* * *
Фестивалнинг иккинчи куни, яъни кеча эрта тонгдан Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театри биноси кенг жамоатчилик вакиллари билан гавжум бўлди. Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган араб, туркман, рус, татар-бошқирд, тожик миллий маданий марказлари аъзолари, талаба ёшлар, зиёлиларнинг ўзаро суҳбатларида "Ягона замин - ягона тақдир" деган тушунча мужассам. Театр фойесида ташкил этилган "Биз - сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!" расмлар кўргазмасида 120 дан ортиқ сурат намойиш қилинди. Уларда мамлакатимиздаги кўпмиллатли халқ ҳаёти, халқлар дўстлиги, ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатлик муносабатлари акс эттирилган бўлиб, йиғилганларга катта таассурот қолдирди.
- Мен шу Ватанда яшаётганимдан бахтиёрман, - дейди фестиваль иштирокчиси, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган рус миллий маданий маркази аъзоси Настасья Плотникова. - Бу ерда одам қайси миллатга мансублигидан қатъий назар, шу юрт фуқароси экани, тақдири шу Ватан тақдирига туташлигини ҳис қилиб яшайди. Бундай тинч, одамлари аҳил юрт яна қаерда бор? Биз шу Ватанимизни, унинг тинчлигини асрашимиз шарт, нурли келажак учун керак бўлса жон фидо қилсак арзийди.
Кўргазмадан сўнг ўтказилган илмий-амалий семинар "Соғлом авлод тарбиясида миллатлараро тотувликнинг ўрни" деб номланди. Семинар "Биз - сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!" номли фильм намойиши билан бошланди. Унда ифодасини топган юксак маънавий ғоялар, инсонпарварлик, бир мақсад йўлида бирлашган турфа миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда кечаётган ҳаёти, юртимизда қисқа давр - 25 йил мобайнида эришилган ютуқлар тасвири ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Тадбирда иштирок этган Президент девони масъул ходими Илёс Мирзиётов ҳамда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев йиғилганларни ушбу фестиваль ва яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 25 йиллик тантаналари билан қизғин табриклади.
Илмий-амалий семинар давомида "Ёш авлод тарбиясида миллий ва умуминсоний қадриятларнинг ўрни", "Она тарбияси - келажагимиз меваси, болаларимиз бахти", "Соғлом авлод тарбиясида миллий ва диний қадриятларнинг аҳамияти" каби мавзуларда қилинган маърузалар барчанинг диққатини тортди. Диний ташкилотлар вакиллари, фаол ёшлар томонидан мавзу атрофида билдирилган фикрлар қизиқиш билан тингланди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида фестивалнинг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди. Кўрик-танлов иштирокчиларига турли номинациялар бўйича ташкилотчиларнинг махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди. "Ватан ҳақидаги қўшиқни энг яхши ижро этган хор жамоаси", "Ватан ҳақидаги энг яхши қўшиқ ижрочиси", "Энг яхши миллий фольклор ансамбли", "Миллий анъаналарни рақсда ёрқин акс эттирганлиги учун", "Энг яхши анъанавий халқ рақси ижрочиси", "Миллий анъана ва замонавий услубни уйғунлаштирган ижро учун", "Машҳур халқ қўшиқларининг ёрқин ижрочиси", "Энг яхши овоз соҳибаси", "Энг яхши овоз соҳиби", "Энг ёш истеъдод соҳибаси", "Энг моҳир созанда", "Энг яхши халқ қўшиқларининг замонавий ижрочиси", "Энг яхши болалар рақс жамоаси" каби номинациялар ғолиблигига муносиблар номи эълон қилинди. Шу билан бирга, "Тасвирий санъат соҳасида эришган катта ютуқлари учун", "Халқ амалий санъати соҳасида эришган катта ютуқлари учун", "Ўзбекистон - умумий уйимиз!" мавзусини фотосурат ва тасвирий санъатда ёрқин акс эттирганлиги учун" номинацияларида ҳам энг яхшилар саралаб олинди.
- Бу мен учун навбатдаги муваффақият бўлди, - дейди "Халқ амалий санъати соҳасида эришган катта ютуқлари учун" номинацияси ғолиби, Қарши давлат университети талабаси Мурод Эгамбердиев. - Ўтган йили "Юрт келажаги" танловининг республика босқичида ғолиб бўлгандим. Бундан ташқари, Прагада ўтказилган санъат бўйича халқаро танловда ўзим ясаган заргарлик буюмлари билан 1-ўрин соҳибига айландим. Буларнинг бари юртимизда биз ёшлар учун яратилган тенгсиз шароитлар туфайли, деб биламан.
Тақдирлаш маросими вилоятимиз санъат усталари иштирокидаги галаконцертга уланиб кетди. Турли тилларда янграган қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Фестиваль доирасидаги тадбирлар бугун Нишон, Ғузор, Чироқчи ҳамда Яккабоғ туманларида бўлиб ўтмоқда.
Х.ҚИЛИЧЕВА, С.СУЮНОВА
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.