Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.ҚИЛИЧЕВА

15.02.2017


ЎЗБЕКИСТОН - УМУМИЙ УЙИМИЗ!

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида 2016 йил ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури" ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган мазкур фестиваль доирасида бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Хусусан, Қарши шаҳридаги таълим муассасаларида талабалар, кенг жамоатчилик иштирокида қатор анжуманлар, Нишон, Ғузор, Яккабоғ ва Чироқчи туманларидаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларида шу ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари томонидан тайёрланган расмлар ва бошқа санъат асарлари кўргазмаларини ташкил қилиш, шу орқали кўпмиллатли мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни кенг намойиш этиш, қолаверса, ўтган   25 йиллик истиқлол даврида эришилган ютуқларни акс эттириш назарда тутилган.

Мазкур тадбирга вилоятимиздаги барча миллат ва элат вакилларининг профессионал ва ҳаваскор бадиий жамоалари ҳамда яккахон ижрочилар, рассом ва ҳунармандлар, санъатшунослар таклиф этилади. Фестивалнинг вилоят босқичи унинг Низомига кўра мумтоз ҳамда замонавий миллий мусиқа, ашула ва рақс асарлари, фольклор асарлари, яккахон ижрочилар, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари каби шартлар асосида ташкил этилиб, иштирокчилар 24 номинация бўйича баҳолаб борилади.

Фестивалнинг биринчи кунида вилоятимиздаги олий ўқув юртлари - Қарши давлат университети ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида мазкур илм даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва турли миллат вакиллари иштирокида "Биз - сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!", "Соғлом она, соғлом бола - миллат бахти" номли кўргазма ташкил этилиб, уларда турли миллат вакилларининг профессионал ва ҳаваскор рассом ва ҳунармандлари асарлари, фотосуратлар намойиш этилади. "Миллий ва диний бағрикенглик - барқарорлик омили" мавзусидаги давра суҳбатларида эса олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, миллий маданий марказлар, турли конфессиялар вакилларининг маърузалари тингланади. Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театрида ҳам кўргазма ташкил этилиб, "Биз - сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!" номли фильм намойиш қилинади. Шунингдек, фестиваль иштирокчилари эътиборига "Ўзбекистон - умумий уйимиз" деб номланган катта концерт дастури ҳавола этилади.

Фестивалнинг иккинчи кунида ҳам бир қатор тадбирлар: илмий-амалий семинарлар, кўргазмалар, давра суҳбатлари ўтказилиши, фильмлар намойиши кўзда тутилган бўлиб, тадбирнинг вилоят босқичи ғолиблари аниқланади ва улар иштирокида концерт дастури ҳавола қилинади.

Учинчи куни фестиваль дастуридан ўрин олган тадбирлар Нишон, Чироқчи, Ғузор ҳамда Яккабоғ туманларида давом этиши мўлжалланган бўлиб, уларда асосий эътибор ўзаро ҳамжиҳатлик, турли миллат ва элат вакилларининг аҳил-иноқликда ҳаёт кечириб келаётган юртимизнинг бугунги кунига, илгари сурилаётган эзгу инсоний ғоялар ҳамда истиқлол неъматлари  тараннумига қаратилади.

Х.ҚИЛИЧЕВА

Report typo