Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

10.09.2019


ЎЗГАРИШЛАР НИМАЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ?

Унга кўра, Оила кодекси 15-моддаси биринчи қисмига асосан никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун бир хил, яъни 18 ёш этиб белгиланди ва бу норма 2019 йил 1 сентябрдан кучга киради. Мақсад - ёш қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиш ва оила қуришга тайёргарлик кўришига имконият яратиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш ва аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишдан иборат. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, муқаддам никоҳ ёши аёллар учун 17 ёш эди.

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунга янги 53-1-модда киритилиб, унга асосан манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсиялар тўлаш манзил-колония жойлашган ердаги Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман, шаҳар бўлимлари томонидан тегишли пенсиялар суммаларини маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш орқали амалга ошириладиган бўлди.

Бунинг учун пенсия ёшига етган ва тегишли меҳнат стажига эга бўлган маҳкумлар ариза билан манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармасининг туман, шаҳар бўлимларига мурожаат қилишлари керак.

Қайд этиш лозим, шу вақтгача қонунчилигимизда бундай норма бўлмаган. Мақсад - пенсия ёшига етган судланганларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришдан иборат.

Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, манзил-колонияларда жазони ўтаётган маҳкумлардан бошқа озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган вақтда тўхтатиб турилади.

Жиноят-процессуал кодексига "Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш" деб номланган янги боб киритилди. Бундан айбланувчи ва судланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан бўйин товлашини ҳамда кейинги жиноий фаолиятининг олдини олиш ва ҳукмнинг ижро этилишини ўз вақтида таъминлаш мақсади кўзланган. Шу ўринда паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш фақат давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчи ва судланувчи шахсга нисбатан суд томонидан қўлланилишини таъкидлаш жоиз.

Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш ва уларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга оид бир қатор нормалар киритилди. Бу ўзгаришларга асосан маҳкумларнинг учрашув, телефон орқали сўзлашув, посилка ва бандероль олишлари кўпаймоқда.

Масалан, умумий тартибли колонияларда жазони ўтаётган маҳкумлар ҳозирга қадар йил мобайнида тўрт марта қисқа муддатли ва тўрт марта узоқ муддатли учрашув, олти марта телефон орқали сўзлашув, олтита посилка ва йўқлов, олтита бандероль олиш ҳуқуқига эга эди.

Қонунчиликка киритилган ўзгаришларга биноан энди улар йил мобайнида олти марта қисқа муддатли ва олти марта узоқ муддатли учрашув, ўн икки марта телефон орқали сўзлашув, ўн иккита посилка ёки йўқлов, ўн иккита бандероль олиш ҳуқуқига эга бўлди. Маҳкумларнинг соғлиғи ҳолати ва овқатланишига эътибор қаратилиб, бемор маҳкумларни сақлаш ва уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун ихтисослашган шифохоналар ташкил этиладиган бўлди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгаришларга кўра, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганлик, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, бўш иш ўринларини яширганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Жумладан, энг кам иш ҳақининг уч бараваригача бўлган жарималар энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан юз бараварига қадар оширилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17-1-моддаси бешинчи қисм билан тўлдирилди. Унга асосан тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари ҳамда улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар охирги зарурат ҳолатларида содир этилган, деб топиладиган бўлди. Бу жараён тегишли ҳужжатлар, махсус фото ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали исботланса, маъмурий иш тугатилади. Шу вақтгача қонунларимизда бундай норма бўлмаган.

Ер кодексининг 48- ва 90-моддаларига киритилган ўзгаришларга асосан, ерни ижарага олган шахслар уни муҳофаза қилиш юзасидан, шу жумладан, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриши шартлиги белгиланди. Фермер хўжалиги раҳбарлари қонуннинг бу талабини бузсалар, тегишли жавобгарлик келиб чиқади.

Давлат раҳбари 2019 йил 30 август куни имзолаган "Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунга асосан Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодексларига ўзгартиришлар киритилди. Уларга асосан давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Шунингдек, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган иншоотларни қуриш белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан амалга оширилиши тақиқланди.

Президент томонидан шу йилнинг 2 сентябрь куни имзоланган "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунга кўра, жабрланувчининг содир этилган зўравонлик ёки таҳдид ҳақида тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқлари белгилаб берилди. Қонунга асосан жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Шунингдек, 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Қонунни имзолади.

Унга асосан хотин-қизлар ва эркаклар давлат томонидан кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлади. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни,  соғлиқни сақлаш, таълим, фан,   маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлайди. Хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида давлат томонидан гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўрилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги "Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилди.

Жумладан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг чет элларда бир қанча ваколатхоналари очиладиган бўлди. Қариганда пенсия ва уй-жой олиш ҳуқуқлари борасида ўзгаришлар кузатилди. Чет элларда бахтсиз ҳодисаларга учраган фуқаролар дипломатик ваколатхоналар ёки агентлик буюртманомаси асосида бепул Ўзбекистонга олиб келинадиган бўлди. Чет элга ишга кетаётган фуқаролар кетишдан олдин Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан касбга ўқитилади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 1 августдаги қарори билан "Ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун ундириладиган тўловлар миқдори ва шартлари тўғрисидаги Низом" тасдиқланди.

Унга кўра, ҳайвон эгаларидан ҳар бир қорамол, от, эшак ва туя учун Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки фоизи, ҳар бир қўй, эчки ва чўчқа учун бир ярим фоизи, ҳар бир ит ва мушук учун бир фоизи миқдорида тўлов ундириладиган бўлди. Ушбу тартиб 2019 йил 1 ноябрдан кучга киради.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Report typo