Суратлар сўзлаганда
Истиқлол - энг катта бахтимиз. Мустақил бўлсак, мустабидга тобе бўлмасак, еган-ичганимиз татийди, бахтимиз тўкис, биримиз икки бўлади, косамиз оқаради. Барча фаровон яшаши ваъда қилинган собиқ тузум даврида қилинган меҳнат, сарфланган куч-қувват рўёбини кутиб ота-буваларимизнинг 70 йил умри ўтиб кетгани ҳарқалай афсона эмас. Балки шу сабабдир мустақил бўлганимизга 30 йил ўтган бўлишига қарамай истиқлолнинг ҳар байрамини худди илк марта нишонлаётгандай катта хурсандчилик билан кутиб оламиз.
Хўш, мустақиллик нима берди ўзи? У неча асрлик орзу-умидларимизни ушалтирди, эзгу ниятларимизни рўёбга чиқарди. Қийматини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган неъматларни туҳфа этди. Сўзни мухтасар этиб, айни дамда биргина Қарши шаҳрида, дейлик, бунёдкорлик жабҳасида юз берган ўзгаришларга фотомухбир камераси орқали назар солсак.
Бугун Қарши шаҳри бир вақтнинг ўзида ўтмиш, бугун ва айни пайтда келажакни бирдек намоён этиб турибди, десак муболаға бўлмайди. Боиси, бу ерда илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқдаки, буюк аждодларимизнинг "Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг" деган сўзлари нечоғлик ҳақиқат эканини яхши англайсиз.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлдаги "Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури тўғрисида"ги қарори асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифлари чоғида берган топшириқлари асосида ҳам шаҳар кўринишида улкан ўзгаришлар юз бермоқда.
Эҳтимол ҳар куни ўтиб-қайтаётган одам кўз ўнгида содир бўлаётган янгиланишларни у қадар чуқур англамас, бироқ 10-15 йил олдинги суратлар билан бугунгисини солиштирсангиз, нима, қандай ўзгаргани яққол кўринади. Фикримиз исботини қуйидаги суратларда кўришингиз мумкин.
Биласиз, Қашқадарё дарёси устидаги кўприк 4-5 асрлик тарихга эга. Ушбу кўприкнинг яқин йиллардаги оқ-қора суратлари ушбу иншоот билан бирга шаҳар қиёфасидан ҳам кўп нарсаларни сўзлайди. Таниқли адиб Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек Қаршида бўлган чоғида "Зериккандан зерикдим жуда" деб бежиз ёзмаганини англайсиз.
Кейинги йилларда тарихий кўприк атрофини ободонлаштириш, йўл ва дарё бўйларига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар ўтқазиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур бўладиган барча шароит ва қулайликларни яратиш, дарёнинг икки қирғоғини мустаҳкамлаш, соҳил бўйини ободонлаштириш, қайиқ станцияси ташкил этиш бўйича катта ишлар бажарилди. Дарё сувининг тиниқ бўлиши ҳамда сувнинг бир меъёрда оқишини таъминлаш мақсадида учта тўғон қурилди. Мажмуада кема, катамаранлар, дарё қирғоғи бўйлаб аттракционлар, замонавий кафе-барлар ташкил этилди. Ўнг ва чап қирғоқ бўйлаб 12 минг тупдан зиёд маҳаллий иқлим шароитига мос дарахтлар экилди. Шунингдек, кўприкнинг ҳар икки тарафидаги сайилгоҳни бир-бирига боғлаш мақсадида ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги барпо этилди.
Кўприкдан сал нарида Хўжаи Жарроҳ зиёратгоҳи жойлашган. Биласиз, Абу Убайда ал-Жарроҳ жаннат башорати берилган 10 саҳобадан бири саналади. Демакки, ниҳоятда улуғ зот. Соҳибқирон Амир Темур Шом диёрини забт этганда, бу зот хокидан Қаршига келтириб, рамзий қабр барпо эттирган, дейишади. Табиийки, шундай йирик дин вакили советлар мафкурасига бутунлай тескари эди ва ёдгорлик йўқ бўлиб кетгани уларга шунча маъқул эди. Мустақилликнинг илк йилларида мажмуа кўриниши анча хароб, қаровсиз эди. Сўнгги йилларда бу ерга ҳам эътибор қаратилиб, зиёратчилар қадами аримайдиган маскан барпо этилди. Кейинги тадқиқотлар Беҳбудий қабри ҳам шу ерда бўлиши мумкинлигидан сўзламоқда. Яқин ойларда бу бўйича ҳам фаол тадқиқотлар бошланади.
Советлар қамоқхонага айлантирган Одина жомеъ масжидининг кеча ва бугунги суратлари ҳақида ҳам кўп гап шарт эмас - суратлар ўзи сўзлайди.
Тарихдан замонавийлик сари юз бурсак. Мазкур суратда вилоят марказидаги йирик савдо мажмуаларидан бирини кўряпсиз. ЦУМ деган ном аҳоли тилида ҳалигача сақланиб қолган. Эҳтимол савдо маркази ўз даври учун маҳобатли бўлгандир, аммо магазиннинг ўша пайтдаги суратлари ва бугун унинг ўрнида қад ростлаган мажмуага боқиб, унинг анча ғариб бўлганига ишонч ҳосил қиласиз.
Бугун шаҳарда қад ростлаётган кўп қаватли уйлар шинамлиги, барча қулайликларга эгалиги баробарида ўзига хос архитектура дизайни билан ҳам эътиборни жалб қилади. Маълумки, шаҳар қиёфасининг тубдан ўзгаришида йўл инфратузилмасининг ҳам тобора такомиллаштирилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Қарши шаҳрининг Ислом Каримов, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер Навоий, Насаф, Хонобод кўчаларини кенгайтириш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, йўлаклар, бордюрлар, ташқи ёритиш ускуналари ва сув пуркагичларни ўрнатиш борасида катта ҳажмда иш олиб борилди ва бу ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Яна суратларда Ислом Каримов кўчасининг бугунги ва бир неча йил аввалги манзаралари акс этган. Кўринг, таққосланг, ўзгаришлар миқёсига баҳо беринг.
Вилоят марказидаги курантнинг турли йиллардаги ҳолатини олинг. Бир вақтлар аллақандай чойлар, егуликлар учун рекламаларни ўрнатиш устуни вазифасини бажарган курант айни пайтда 30 метрга бўй чўзиб, юқорисида давлатимиз байроғи мағрур ҳилпираб турибди. Бугун ушбу курант Қарши шаҳри рамзларидан бирига айланди, десак хато эмас.
Қарши темир йўл вокзали бир неча йилда қай даражада ўзгарганига ўзингиз холисанилло баҳо беринг.
Сирасини айтганда, Қаршида давом этаётган бунёдкорлик ишлари кўлами шу қадар кенгки, сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бу ишлар шаҳарни ҳадемай халқимиз фаровон ҳаётининг тимсолига айлантириши шубҳасиз.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.