Нима бўпти, дейсизми? Бундоқ олганда айтарли ҳеч гап йўқдай... Аммо бошқа томондан қараганда кўп гап бордай...
Болалигимдан бери бу фильмни ўттиз-қирқ марталар кўргандирман. Аммо унинг замиридаги моҳиятни, киноижодкорлар айтмоқчи бўлган ҳақиқатни англамаган эканман. Шундай ҳақиқатки, бугунги давримизнинг глобал муаммолари билан муштарак...
Ёдингиздан чиққан бўлса, бир оз тафсилотини эслатай. Бир идорада оддийгина дастурчи бўлиб ишлайдиган Константин Петрович Шапошников дабдурустдан ўзидаги ноёб телепатик қобилиятни кашф этиб қолади. Ва идорадаги ҳамкасбларининг тушларига кира бошлайди. Тўғрироғи, у тунда уйида ётиб, ухлаган пайтида кўрган тушини ғайриихтиёрий тарзда ҳамкасбларига “узатади” (худди ҳозирги мобиль алоқадаги “блутс” сингари). Дастлаб бу ҳолат унинг ҳамкасбларини ҳайратга солади. Кўплар уни олқишлашади, айримлари қоралашади. Аммо уларнинг барчаси энтикиб, барчалари бирдай кўраётган тушларининг “навбатдаги серия”сини кутишади. Ва бу алаҳлашларнинг асосий сабабчиси Шапошников бир зумда машҳур кишига айланади.
Костя ўз иқтидорини назорат қила олмайди. Шундан сўнг унинг атрофида бу ноёб қобилият ортидан пул ишлашни мақсад қилган “ҳожатбарор”лар пайдо бўлади. Улардан бири гипнозчи, иккинчиси сеанслар ташкилотчиси ва ҳоказо...
Шундай қилиб, Шапошников “Снюсь” деб номланган иллюзия гуруҳи таркибида шаҳарма-шаҳар кезиб, катта концерт залларини “забт этиб”, тушларида саодатманд бўлишни орзулаган оломонни ниятига етказишни бошлайди. Яъни саҳнада ухлаб, гипноз орқали ухлатилган томошабинларга ғаройиб туш “ҳадя” этади. Томошабинларнинг бири олдиндан саҳналаштирилган, “классик” йўналишдаги тушида маликага, иккинчиси қиролга, учинчиси кардиналга, тўртинчиси мушкетёрга айланади... Ютуқларидан кибрланиб кетган Костя антиқа “каръера”си йўлида турмуш ўртоғи ва қизалоғини ҳам ташлаб кетади.
***
Энг қизиқ жойига энди келдик (ҳар ҳолда менга шундай туюлди). Навбатдаги сеанс олдидан Шапошниковнинг олдига бир кампир телбанамо ўғлини етаклаб келади.
– Мана, менинг ўғлим Павлик – Сизнинг ашаддий мухлисингиз, – дейди у алланечук ғазабнок оҳангда.
– Яхши, – дейди ҳеч нарсага тушунмаган Костя бамайлихотир.
– Нимаси яхши, у балки Сиз каби иқтидорли эмасдир, аммо у илгари эсли-ҳушли, одобли бола эди. Энди эса аҳволига бир қаранг, ўзини мушкетёр чоғлаб, кимлар биландир ўзича жанг қилиб юрибди. Унинг оиласи, фарзанди бор ахир. Қайтариб беринг, боламни, қайтариб беринг...
– Бўлди, – дейди “қаҳрамон”имиз, – биз янги, замонавий лойиҳа устида ишлаяпмиз, ўғлингиз энди бошқа мушкетёр бўлмайди.
– Унда ким бўлади? – дейди кампир алам билан.
– Билмадим... Эҳтимол геолог бўлар...
Шунда кампир ғазаб ва изтиробдан қичқириб юборади:
– Нега? Нима ҳаққингиз бор Сизнинг? Менга қаранг, нега Сиз одамларнинг тушларига кирасиз? Туш – бу муқаддас нарса. У – меники, фақат меники... Шуни тушунасизми?
Шу чоғда ўзини мушкетёр санаган Павлик қочиб кетадию, Костя аламзада кампирнинг қутқусидан қутулади. Аммо... виждон азобига тутилади.
Буёғини эслагандирсиз, кўп чўзиб ўтирмайлик. Фильм ниҳоясида саҳнада ухлашга маҳкум этилган Шапошников ўрнидан отилиб туради-да, ҳайқирганича залда мудраётган оломонни турткилаб, уйғота бошлайди:
– Туринглар, одамлар, уйғонинглар! Ухламанглар! Ўйлаш керак...
***
Мана энди биз айтмоқчи бўлган муддаога етиб келдик. Бу ҳолат Сизга ҳам нималарнидир эслатиб юбормадими?
Ҳа, яшанг. Бу фильмнинг суратга олинганига ўттиз беш йил бўлибди. Собиқ истибдод тузуми қамчиси тепасида ўйнаб турган бир пайтда фидойи киноижодкорлар айтмоқчи бўлган гапни қаранг.
Бугун одамларнинг нафақат тушларини, балки биратўла онгу шуурини забт этишга чоғланган ғараз ниятли кимсалар дунёда тўлиб-тошиб ётибди. Улар диний экстремизм, миссионерлик, прозелетизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик, “оммавий маданият” сингари жоҳилона иллатлар оғусини сочиб, муддаоларига эришмоқчи бўлаяптилар. Энг ёмони, уларнинг нишонида – асосан ҳали оқу қорани танимаган ёшлар...
Бошдан-оёқ ғараз уфуриб турган бемаъни ғояларини асалга ўраб, одамларни кўкнорихаёл сингари “бахтиёр” этишлари учун уларга Шапошниковдаги каби катта концерт залларининг ҳожати йўқ. Аксарият ҳолларда биргина компьютер сичқончаси “қуйруғи”ни ушлаб турсалар бас. Биратўла миллионлаб кишилар учун тўр тайёрлаб, уларни фақат берилган буйруқнигина бажарадиган, ҳиссиз темиртанларга, тайёр зомбиларга айлантира оладилар.
***
Чингиз Айтматов асаридаги Найман она ва Жўломон ривоятини эсланг. Тақир бошига туя терисидан қалпоқ кийдирилиб, манқуртга айлантирилган ўғли ёнида фарёд чекаётган Найман она ноласи фильмдаги кампирнинг “Қайтариб беринг ўғлимни” деган оҳу фиғони билан уйғун эмасми?
Ёхуд ҳаммамизга маълум “Темир хотин” фильмидаги Қўчқорвойни кўз олдингизга келтиринг. Ҳатто робот Аломат англаб етган ҳақиқат унинг шуурига жуда кеч етиб боради. Унгача у ўзини шўро истибдоди исканжасидаги манқуртлик ҳаётида ҳам “бахтли” ҳис қилади.
Менимча, “Темир хотин”да энг муваффақиятли чиққан образ бу – Бозортой. Ҳа, ҳа, ўша ҳар доим “икки қоп пиёзми, шолғомми олиб, бозорга кетган” Бозортой. Ахир у фильм давомида бирор марта ҳам кўринмайдию, дейсизми? Ҳа, у кўринмайди. Аммо Қўчқорвой юраги тўлиб кетганида “бир қўл “дуррак” ўйнаш” баҳонасида девор томонга қараб уни чақира бошлайди. Аммо кўнглини тўкиб солишга эшитадиган бир “қулоқ” тополмай, ўзининг ибораси билан айтганда “сельхозтехника” бўлган бир темир вужудга – Аломатга “ўзбекнинг дардини дастурхон қилади”. Чунки атрофидагиларнинг ҳаммаси лоқайд, гунгу кар, сўқир, тирикчилик ташвишларига шўнғиб кетишган, уларга дунёнинг қизиғи йўқ, онгу шуурларини чирмаб ташлаган мутелик тўрини кўзларига сургудай эъзозлашади...
***
Аслида Павликнинг онаси айтганидай фақатгина тушларимиз эмас, онгу шууримиз, қалбимиз муқаддас. “Кўнгил – худонинг уйи”, – дейди алломаларимиз. Улар – бизники, фақат бизники...
Энди яна бир фильмни Сизга эслатай – республика телеканаллари орқали бир неча бор намойиш этилган “Қиёматга қолган қарз” фильмини... Унда “Сусамбил” васвасасида ўзга юртларга кетиб, динни ниқоб қилган экстремистлар, террорчилар қопқонига тушиб, уларнинг манқурт жаллодлар тайёрланадиган лагерларида ўз юртига қарши тиғ кўтариш учун шайланаётган, Ватанидан, ота-онасидан, яқинларидан кечиб, фаровон ва осойишта турмушимизга таҳдид солаётган ёшларнинг аянчли тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. “Уникум”да ўзини Д`Артаньян тасаввур этиб, қилич кўтариб, хаёлидаги душманлар билан жанг қилаётган восвос Павликнинг қилиқлари менга ўшаларни эслатиб юборди. Эҳтимол улар ҳам бангиёна тушларида ўзларини кардинал, халифа ё амир чоғлашаётгандир. Аммо бу нонкўрлар халқимиз иборасида таъкидланганидек: “тушларини сувга айтишсин”.
“Қиссадан ҳисса”га келадиган бўлсак, бу жирканч тушлар асло ўнгидан келмайди. Жаҳолатга йўғрилган рўё маърифат қуёшининг заррин нурлари ёнида тумандай тарқаб кетади. Чунки, халқимиз ҳамиша сергак. Огоҳлик энди кундалик эмас, лаҳзалик ишимизга айланган. Эзгу орзуларимиз рўёбини тушимизда эмас, ўнгимизда кўраяпмиз. Атрофимизда бўлаётган хайрли ўзгаришлар, янгиланишлар, мислсиз бунёдкорликлар ўша жоҳилларнинг етти ухлаб, тушига ҳам кирмаган...
Жаҳолат ботқоғида, ғафлат уйқусида босинқираб туш кўраётганларга эса ҳайқирганча Шапошниковнинг машҳур иборасини яна бир карра эслатгимиз келади:
– Туринглар, одамлар, уйғонинглар! Ухламанглар! Ўйлаш керак...
Нуриддин ЭГАМОВ