Янги китоб
Аёнки, Китобнинг довруқли беги Жўрабек ва Шаҳрисабз беги Бобобек шахсига қизиқиш собиқ шўролар даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам тўхтагани йўқ. Уларнинг босиб ўтган йўллари ҳақида қатор мақолалар ёзилган. Ёзувчи, журналист Мурод Хидир ўтган асрнинг 70-йилларида биринчилардан бўлиб "Гулистон" журналида генерал Жўрабек ҳақидаги шов-шувли мақоласини эълон қилгани маълум. Таниқли ёзувчи Неъмат Арслоннинг модерн услубидаги "Икки қутб орасида" романи ҳам шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида тақдимоти ўтказилган таниқли журналистлар Норқобил Жалил ва Рўзимбой Ҳасаннинг "Генерал Жўрабек: давр ва қисмат" номли китоби ҳам Жўрабек Қаландар қори ўғли ҳақида.
Маросимда иштирок этган юртимизнинг таниқли адабиётшунос олимлари, тарихчилар, ижодкорлар Жўрабекнинг ўз даврида Марказий Осиё заминида муҳим ўрин тутган йирик шахс бўлганини ҳамда бу китоб жиддий изланишлар, машаққатли ижодий меҳнат самараси эканини алоҳида эътироф этишди. Халқимизнинг улуғлигига мезон бўладиган Жўрабекдай шахсларни қадрлашимиз, хотирасини абадийлаштиришимиз лозимлиги ҳақида холис фикрлар билдирилди.
...1840 йил Китоб туманидаги Гулгунпўш қишлоғида туғилган, 18 ёшида Бухоро амири тўқсабо этиб тайинлаган ва 20 ёшида Китоб беги бўлган Жўрабек Қаландар қори ўғли шахси узоқ йиллардан бери ғоят мураккаб ва зиддиятли бўлиб келгани маълум. Аслини олганда, уни кўрган, билган ва у билан суҳбатлашган замондошлари томонидан Жўрабек шахсига жуда юқори баҳо берилган. Туғма аскар, илм-маърифатли, шарқ тиллари ва адабиёти билимдони, моҳир мерган, қатъиятли, мард, Ўрта Осиё тарихида катта роль ўйнаган сиймо ва ҳатто Бухоро амирлигига энг муносиб номзод, дея эътироф этилган. Жўрабекка жадидчилик ҳаракати асосчиси Исмоил Гаспирали, рус шарқшунос олими Василий Бартольд, тарихчи ва этнограф Дмитрий Логофет, швед сайёҳи Свен Гедин, америкалик сайёҳ Южен Скайлер, шоир Фурқат ва бошқалар катта ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлгани уларнинг ёзиб қолдирган хотираномалари орқали ҳаммага маълум.
Бевосита Жўрабек додхоҳ хусусида сўз очилса, ҳозирги кунда ҳам қашқадарёлик кексалар, тарихга қизиқувчилар унинг эл-улус манфаатини кўзлаб катта ишлар бошида турганини алоҳида меҳр билан тилга олишади. Масалан, туман марказидаги қадимий жоме масжиди 1864 йилда Жўрабек томонидан қурилгани ҳақида ҳам гап-сўзлар бор.
Китоблик нуронийлардан бири Чоршанбе бобо Шоназаров айнан бекнинг саъй-ҳаракатлари билан Макрид чўлини ўзлаштириш учун Қашқадарёнинг ўнг қирғоғидан 20-25 километр масофада ариқ қаздирилгани, Наврўз қишлоғида ҳозир ҳам ана шу ариқ излари борлиги, эл орасида "Жўрабек ариғи" деган ибора ўша замондан қолгани, 70-йилларда туман раҳбари бўлган раҳматли Абдувоҳид Каримов ("пахта иши" ортидан гдлянчилар томонидан ҳибсга олиниб, Сибир қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаган ва мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан авф этилгач, юртга қайтаётган маҳали жон таслим қилган Бухоро вилоятининг собиқ раҳбари) "Анҳор-2" каналини қаздирганида айнан Жўрабек ариғи асос бўлгани ҳали-ҳали тилларда юради.
Ёки Жўрабек ва Бобобеклар тарихи ҳақида бундан 30-40 йил аввал кўплаб маълумотлар тўплаган ва ушбу ибратли китоб саҳифаларида журналист Норқобил Жалил тилга олган Усмон ота Миров ҳам неварасининг номини эҳтиром билан Жўрабек деб қўйганини биламиз. Китоб туманининг биринчи ҳокими Абдураҳмон Ашуров (Аллоҳ раҳмат қилсин) мустақиллик йилларида шаҳримизнинг марказий кўчасига Жўрабек номини бериб, хотирасини абадийлаштиргани маълум. Кейинчалик айрим сабаблар туфайли бу ном ўзгартирилган эди. Энди эса бу хатоликни тузатиш вақти етди, деб ўйлайман.
Асосийси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлиги остида "Адабиёт" нашриётида чоп этилган Норқобил Жалил ва Рўзимбой Ҳасаннинг "Генерал Жўрабек: давр ва қисмат" деб номланган тарихий-ҳужжатли бадиаси энди бу табаррук зотларнинг муборак хотираси олдидаги инсоний қарзимизни узмоғимиз учун муҳим бир қадам, деб ҳисоблашга изн беради. Бунга аввало китобни ўқигач, унда келтирилган асосли тарихий факт ва далиллар билан батафсил танишиб, яна бир бор амин бўлдим.
Шундай ажойиб китобнинг дунё юзини кўришида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон санъат арбоби, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон халқ шоири, уюшма раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ва масъул муҳаррир, сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Якубовнинг улкан хизматлари борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Тўғри, юқорида эслаганимиздек, ҳозирга қадар ҳам Жўрабек Қаландар қори ўғли ҳамда Бобобек ҳақида айрим тадқиқотлар олиб борилган, мақолалар ёзилган. Лекин Норқобил Жалил ва Рўзимбой Ҳасан томонидан тайёрланган мазкур китобда бу мунозарали шахслар тўғрисидаги тарихий маълумотлар атрофлича ўрганилган, пухта таҳлил ва тадқиқ этилган. Энг муҳими, умумлаштирилган ҳолда, янги манбалар билан бойитилган.
Олайлик, икки аср оралиғида Туркистонда чиққан газета ва журналлардаги мақолалардан, Москва, Санкт- Петербург шаҳарларидаги музейларда сақланаётган манбалардан, Қўқон, Бухоро, Тошкент тарихига оид архив материалларидан фойдаланиб, давр руҳи фонида Жўрабек сиймоси янада ёрқинроқ ёритилган.
Шу маънода китобнинг "Генерал Жўрабек: давр ва қисмат" деб номланишида ҳам жиддий мантиқ бор. Чунки муаллифлар тарихий далил, асослар бўлмаган баъзи ўринларда Жўрабек шахсидан келиб чиққан ҳолда ўз шахсий фикр-мулоҳазалари билан бўшлиқни тўлдиришга уринишган. Жумладан, Жўрабекнинг генерал Фон Кауфман маъмуриятида таржимон бўлганида маҳаллий аҳолидан келган хатлар, шикоятлар билан ишлашда улус манфаатини кўзлаб, кўплаб хатларни ўзи мустақил ва адолатли ҳал қилганлиги бўйича мулоҳаза юритилган. Ёки Жўрабек ва Бобобекнинг Скобелев билан бирга Қўқон, Фарғона, Самарқандда кўтарилган исёнларни бостиришга қаратилган юришларда миллатдошларига қарши ҳарбий ҳаракат қилгани ҳақида бирор-бир манбада ёзилмагани айтиб ўтилган.
Маълумки, шу вақтгача Жўрабек додхоҳнинг фожиали ўлими ҳақида тарихчи-зиёлилар ҳамда оддий одамлар орасида турлича қарашлар бор. Ўз даврида чор ҳукуматига хайрихоҳ матбуот унинг ўлдирилишини талончиликка боғлаган. Китоб муаллифлари эса, аксинча, ваҳшиёна ўлим билан боғлиқ таъзияномалардаги фикрларни мушоҳада қилиб, кўплаб ҳамкасблари қатори унинг ўлими айнан чор Россияси маъмурлари томонидан уюштирилганини эътироф этишади.
Дарвоқе, кимсан, яна денг рус шарқшуноси Василий Бартольдга тап тортмасдан:"Чор ҳукмронлиги худди мўғул истибдодига ўхшайди. Уларда ҳам, буларда ҳам юқори лавозимларга ёмон кишилар, худбин, шахсиятпараст ва молпарастлар қўйилган", деганидан, янги оқ подшо тахтга ўтирганида туркистонликлар номидан совға юборилишига қарши чиққанидан, қонхўр Черняевни очиқчасига танқид қилганидан билиш мумкинки, Жўрабек Қаландар қори ўғли ҳам, Бобобек ҳам аллақачон чор ҳукуматининг чиркин сиёсати мақсад-моҳиятини англаган, уларга нисбатан салбий муносабати шаклланган ва ўз ҳаётий позициясини белгилаб олган.
Тарихдан маълумки, ўз йўлига тўғаноқ бўладиган ҳар қандай шахсни орадан олиб ташлаш, маҳв этиш чор ҳукумати сиёсатига хос даҳшатли усул бўлган. Бу сиёсатни Жўрабек ўлдирилганидан 20 йил ўтар-ўтмас бошланиб кетган оммавий қатағонлар ҳам исботлаб берган эди.
Ушбу китобда генерал Жўрабек, полковник Бобобекнинг жадидчилик ҳаракати йўлбошчиси Исмоилбек Гаспирали билан учрашувлари, Китобдаги ва Қорасувдаги кутубхоналари, илм-маърифатга ҳомийлик қилгани, халқпарварлиги, "Таржумон" газетаси билан ҳамкорлиги унинг жадидчилик ҳаракати тарафдори бўлганига, бошқача айтганда, уни жадид дейишимизга асос бўлиши мумкинлиги кўрсатилган. Нафақат кутубхоналари, биргина Петербургда бўлиб ўтган шарқшуносларнинг III халқаро конгрессида ўқиган тарихий маърузаси орқали унинг юксак салоҳиятига, илм-маърифатига ойна тутилган.
Худоёрхоннинг севимли аёли Оғача бегим билан Жўрабек ўртасидаги муносабатларга ҳам китобда аниқлик киритишга ҳаракат қилинган. Жумладан, Оғача бегим фон Кауфманга ўзи ва болаларини Оренбургдан Тошкентга қайтаришни сўраб ёзган аризаси билан танишган Жўрабек аёлга пул ва озуқа юборгани, тахминларга кўра хон аёли Жўрабекнинг Қорасувдаги уйида бир муддат болалари билан яшагани ҳақида маълумотлар берилган. Айрим мақолалардаги Жўрабекнинг хон аёли қўлини сўрагани ҳақидаги фикрларга ҳам холисона муносабат билдирилган.
Адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров генерал Жўрабек Қаландар қори ўғлининг мусибатли ва шарафли қисмати бутун мураккабликлари билан Лев Толстойнинг "Уруш ва тинчлик" романидай эпопеяларга муносиб мавзу эканини таъкидлаб, бир пайтлар Тошкентнинг Эски шаҳар мавзесида яшаб ўтган нуроний отахон ва онахонлар унинг номини Жўрабек додхоҳ, дея ниҳоятда ҳурмат билан тилга олишганини айтади. Додхоҳ форс тилида адолат истовчи, деган маънони билдиради. Вазифа нуқтаи назаридан Бухоро амирлигида арзчилар шикоятини амирга, жавобини шикоятчиларга етказувчи амалдор бўлган. Демакки, муаллифларнинг Жўрабек Туркистон генерал губернаторлиги маҳкамасида таржимонлик қилиб, ариза ва шикоятлар билан ишлаш жараёнида юртдошларини қўллагани ҳақидаги фикрларида ҳақиқат акс этганини халқнинг юксак эҳтиром кўрсатиб эслаганидан ҳам билса бўлади.
Шунингдек, китобда Жўрабекнинг куёви, Худоёрхоннинг ўғли, жадидчилик ҳаракатининг фаол иштирокчиси ва айнан шу сабабли чор Россияси "қора рўйхати"га кирган Фансуруллобек ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ҳам бор. Шоир Фурқат домланинг Фансуруллобек билан дўстона муносабатлари, ҳатто "Сабога мактуб" шеърида унинг номини ҳам тилга олгани, маслакдоши Мунавварқори билан олдинма кейин қамоққа олиниб, турмада сирли равишда ўлим топгани ҳақида маълумотлар берилган.
Жўрабек Қаландар қори ўғли ҳақида эшитган, у ҳақдаги маълумотлар билан танишган киши шахси қанчалик зиддиятли бўлмасин, бекни ўзбекнинг улуғ вакилларидан бири, деб ҳисоблайди. Бу зиддиятларга барҳам берилишини, Жўрабек ҳақидаги янги-янги манбалар топилишини истайди.
Эҳтимол, шундай бўлар. Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ёзганидек, Жўрабек ҳақидаги материаллар, ҳатто кундаликлар ҳам йўқ бўлиб кетмагандир. Улар Санкт-Петербург, Москов сингари марказий шаҳарлар музейлари, ертўлаларида сақланаётгандир...
Демак, изланишлар ҳали давом этади!
Лола ЎРОҚОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
