Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир ҚИЛИЧЕВ тайёрлади.

22.02.2018


ЖАҲЛНИ ЖИЛОВЛАЙ ОЛМАГАН ГУМРОҲЛАР

Жорий йилнинг 4 февраль куни ушбу маҳаллада яшовчи, 1975 йилда туғилган З.Шерматов турмуш ўртоғи С.Хидирова билан жанжаллашиб қолади. Кичик оилавий можаро натижасида келиб чиққан жанжал оила бошлиғини қуюшқондан чиқарди. У жаҳл устида ошхона пичоғини олиб, турмуш ўртоғининг орқа курагига зарба беради.

Натижада оғир тан жароҳати олган С.Хидирова шифохонага ётқизилган. З.Шерматов эса қўлга олиниб, унинг қилмиши юзасидан суриштирув-тергов ҳаракатлари бошланади.

Китоб туманининг Чармгар маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган Б.Ҳасанов эса ўз акаси – А.Ҳасановнинг қотилига айланди.

Жорий йилнинг 14 февраль куни ака-укалар ўртасида келиб чиққан оилавий жанжал оқибатида ука аканинг бир неча жойига пичоқ урган.

1989 йилда туғилган А.Ҳасанов олган жароҳатлари натижасида шифохонада вафот этган. Қотил ука эса энди қонун олдида жавоб беради.

ОҒУФУРУШ “ОҒАЙНИ”ЛАР ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Китоб туманининг Хайробод қишлоғида яшовчи, 1986 йилда туғилган Ғ.Дўстов ҳаётда тўғри йўл танлаганида, бугун дўст-ёрлари олдида юзи шувут бўлиб ўтирмасди. Ҳалол меҳнатга бўйни ёр бермаган бу шоввоз гиёҳванд моддалар савдосини ўзига касб қилиб олди.

Бироқ Ғ.Дўстовнинг осонгина бойиб кетиш орзуси ушалмайдиган бўлди. У 10 грамм гиёҳвандлик моддасини 300 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида Ғ.Дўстов ушбу гиёҳвандлик моддасини Шаҳрисабз тумани Шанбе қишлоғида яшовчи, 1963 йилда туғилган Б.Овлаевдан олганлиги аниқланди. Шундан сўнг, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ходимлари томонидан тезкор тадбир уюштирилиб, Б.Овлаев ҳам ушланди. Текширув жараёнида унинг уйидан 1 килограмму 9,1 грамм марихуана ва 10,1 грамм кўкнор гиёҳвандлик моддаси топилиб, далилий ашё сифатида олинган.

Эндиликда оғуфуруш “оғайни”лар бу қилмишлари учун жавоб беришади.

НАФС НАҒМАСИГА УЧГАН “ҲОЖАТБАРОР”

Осон бойлик илинжида босилган ҳар бир эгри қадам кун келиб инсонни разолат ботқоғига ботириши, уятга қолдириши муқаррар. Вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонаси Шаҳрисабз тумани филиали бино-иншоотлар бўлими мутахассиси А.Мўминов ҳам ўз нафсини тия олмаслиги оқибатида қинғир ишга қўл урди.

У Шаҳрисабз туманида янги қуриб битказилган уйлардан бирининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб берар экан, уй эгасига ишни тўлиқ ҳал этиш учун 250 АҚШ доллари кераклигини айтади. Ишнинг тезроқ ҳал бўлишини ўйлаган уй эгаси дастлаб 200 АҚШ долларини “ҳожатбарор”га беради. Бироқ А.Мўминовнинг нафс чанқоғи бу билан босилмайди. У пулнинг қолган қисмини ҳам талаб қила бошлайди. Шундан сўнг уй эгаси бу ҳақда ИИБга ариза билан мурожаат этади.

8 февраль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида А.Мўминов Шаҳрисабз шаҳридаги деҳқон бозори олдида 50 АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтида қўлга олинган.

НАСИЯГА КЎНГАН НИҚОБЛИ БОСҚИНЧИЛАР

Жорий йилнинг 9 февраль куни тунда Касби тумани Мустақиллик кўчасидаги хонадонлардан бирига уч нафар ниқобли кишилар бостириб киришади. Уларнинг мақсади хонадонни ўмариш эди.

Бироқ уйдан улар ўйлаган пул ёки бошқа ашёлар топилмайди. Шундан сўнг босқинчилар хонадон эгаларига зуғум ўтказиб, пичоқ ва бошқа шу каби қуроллар билан қўрқитиб, 500 АҚШ доллари миқдорида пул кераклигини, уч кун ичида пулни тайёрлаб қўйиши шартлиги, акс ҳолда ёмон бўлишини айтиб, қайтиб кетишади.

Жабрланувчиларнинг аризасига биноан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Касби тумани Наврўз маҳалласи Уйрот қишлоғида яшовчи, муқаддам судланган, 1997 йилда туғилган Ш.Расулов, Косон тумани Муғжагул маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган А. Суннатов, Қуйибоғ маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган М.Жўраев ва Регзор маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган О.Мирзаев бир гуруҳга бирлашиб содир этганликлари аниқланиб, улар қўлга олинди.

Энди улар бу қилмиши учун жавоб бериши муқаррар.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси маълумотлари асосида Жаҳонгир ҚИЛИЧЕВ тайёрлади.

Report typo