Футбол бўйича Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси профессионал фаолиятидаги 45-совринни қўлга киритиб, дунё рекордини янгилади.
37 ёшли футболчи у сардори бўлган жамоа Америка кубоги-2024 финалида Колумбия термаси устидан кичик - 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгач, шундай натижага эришган.
Жаҳон футболи тарихида ундан бошқа ҳеч ким бунча миқдорда соврин ютмаган. Бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда бораётган ва аллақачон профессионал фаолиятига якун ясаб улгурган бразилиялик Дани Алвес ҳисобида эса 43 та соврин бор.
Лионель Месси эришган совринларининг катта қисмини "Барселона" клуби таркибида қўлга киритган. Терма жамоа билан бир марта жаҳон чемпионати ва икки марта Америка кубогида зафар қучган. Шунингдек, у Олимпиада ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиққан.