Ана шундай тадбирлардан бири Қарши давлат университетида бўлиб ўтди. “Жаҳон тан олган буюк Соҳибқирон” мавзусидаги мазкур илмий-амалий анжуманда олимлар, мутахассислар, университет талабалари ҳамда коллеж ўқувчилари ҳозир бўлишди.
Унда университет ректори Баҳодир Шоимқулов, доцент Очил Бўриев, Шаҳрисабздаги Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи директори Наби Хушвақтов, вилоят ўлкани ўрганиш музейи директори Баҳодир Мамадиев маъруза қилди. Шу асосда Соҳибқироннинг ҳаёти, фаолияти, дипломатик алоқалари ва мустақиллик йилларида темурийлар даври меъморий ёдгорликларининг қайта тикланишига оид кўплаб маълумотлар тилга олинди.
Шунингдек, Амир Темур давлат тузилиши ишларига, илм-фан, маърифат, маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшган сиёсий арбоб бўлгани, савдо ҳамда ҳунармандчилик, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, узоқ ва яқин қўшни мамлакатлар билан савдо-хўжалик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбир сўнгида Қарши давлат университети талабалари ва Қарши маданият ва туризм коллежи ўқувчиларидан ташкил топган ёш ҳаваскорлар гуруҳи томонидан тарихий асарлар асосида саҳналаштирилган театрлаштирилган томоша намойиш этилди.
Толиб ТЕМИРОВ.