Мутолаа учун тавсия
Буюк итальян шоири Данте Алигьери (1265-1321)нинг "Янги ҳаёт", "Илоҳий комедия" каби асарлари бир неча асрлардан буён севиб ўқиб келинади. Данте ўрта асрнинг сўнгги ва Европа ренессанс (уйғониш) даврининг биринчи улкан шоири сифатида эътироф этилади. Уйғониш даврида феодал тузумга қарши кураш бошланиб, инсон манфаатлари ва шахс эркинлигини таъминлашга долзарб вазифа сифатида қаралган. Буюк қалб ва нозик дид эгаси бўлган Данте Алигьерининг бутун ижоди болалигида кўнгил қўйган илк муҳаббати соҳибаси гўзал Беатриче билан боғлиқ.
Шоирнинг 1292-1293 йилларда ёзилган "Янги ҳаёт" асари Беатриче хотирасига бағишланган. Данте ўзидан бир ёш кичик бу қизни илк бор саккиз ёшида кўриб, бутун умр бўйи унинг мафтуни бўлиб қолади. Оппоқ либосли кийимдаги Беатриченинг мафтункорлиги ва самимияти, ҳаёси ва одоби, саломи ва таъзими шоирни маҳв этади. Бу муҳаббатдан руҳий мадад олиб ижод қилади, яшайди. Унга бўлган муҳаббатини энг олий инсоний идеал деб билади ҳамда Беатричега уйланишни шаккоклик ҳисоблайди. Данте ўн саккиз ёшга тўлганда Беатричени бадавлат дворянга эрга беришади. Унинг 1290 йилда бевақт вафот этиши шоир ижодига таъсир кўрсатади.
Ушбу асар Европа адабиёти тарихида биринчи автобиографик асар бўлиб, насрий ҳикоялар билан боғланган ўттизта шеърдан иборат. Асар Беатричени энг олий инсоний фазилатлар эгаси сифатида тасвирлаш билан бошланади. Беатриче ўқувчи кўз ўнгида одоб ва ахлоқ, меҳр ва муҳаббат, поклик ва гўзаллик, раҳм ва шафқат рамзи сифатида намоён бўлади. Беатриче бу хусусиятлари билан атрофидагиларни ҳам баҳраманд қилади. Ошиқ Данте фақат маҳбубасини кўриш ва унинг саломини эшитиш орзуси билан яшайди. "Янги ҳаёт" асарида ишқ маъбуди "Амор" - ишқ, Қуёш ва ўзга нур манбаларини ҳаракатга келтирадиган куч сифатида тасвирланган.
Данте Алигьерининг "Илоҳий комедия" достони "Дўзах", "Аъроф" ва "Жаннат" деб аталувчи уч қисмдан иборат бўлиб, ҳар бир қисм ўттиз учта шеърдан иборат. Асар Дантенинг Рим шоири Вергилий етакчилигида у дунёга саёҳати тарзида ёзилган. Шоир таъбирича, ушбу достон уч маънога эга. Айнан маъноси - инсонларнинг нариги дунёдаги тақдири, мажозий маъноси - бу дунёда қилган ишига яраша жазо ёки роҳат топиши ва яширин маъноси Беатричега бўлган муҳаббатининг шундай асар яратишга илҳомлантирган кучини куйлашдир. Данте инсонларни бу дунёда ҳалол ва пок яшашга ҳамда иймонли ва эътиқодли бўлишга, ёлғон ва ҳасад ҳамда зулм ва жаҳолатдан йироқ бўлишга даъват этади.
Данте "Илоҳий комедия"да ўрта асрдаги Ғарб ва Шарқ адабиёти, қадимги Юнон ва Рим маданиятидан унумли фойдаланади. Ўзидан олдин ўтган буюк алломалар билан ғойибона суҳбат қуради, баҳс юритади. Асарда таърифланишича, "Дўзах" ер марказига қараб кавланган тўққиз поғонали чуқурликдан иборат бўлиб, гуноҳкорлар гуноҳининг даражасига қараб поғоналарга жойлаштирилган. Пастга қараб кетилган сари азоб оғирлашади. Бу қисмда Гомер, Демокрит, Гераклит, Гиппократ, Ибн Сино, Ибн Рушд каби алломалар тилга олинган. Данте христиан дини руҳонийларини қаттиқ қоралаб, улар дўзахнинг сўнгги поғоналарида эканлигини баён этади.
Асарда тасвирланишича, "Аъроф" ер куррасига қарама-қарши жойлашган бўлиб, Ер билан уни катта океан ажратиб туради. Бу ерда гуноҳи унча оғир бўлмаганлар сақланади. Океан ўртасида етти поғонали тоғ бўлиб, ҳар поғонага кўтарилганда битта гуноҳ ювилади. Бу қисмда Миср маликаси Клеопатра, гўзал Елена, Парис, севишган йигит ва қиз, массагетлар маликаси Тўмариснинг қаҳрамонликлари ҳақида сўз боради.
"Жаннат" тўққиз қаватдан иборат бўлиб, жон қанча юқори поғонага кўтарилса, у гўё худонинг шунча кўп марҳаматига муяссар бўлади. Вергилий ва Данте жаннат эшигига етганда Вергилий ғойиб бўлади. Шу вақтда Беатриче пайдо бўлиб, Дантени ичкарига олиб киради ва жаннатни тамоша қилдиради. Дантенинг жаннатда дунёвий ҳокимият вакили император Генрих VII ни учратиши, инсонпарвар ва адолатли давлат бошлиқларини улуғлаши бўлса ажаб эмас. Данте жаннатнинг тўққизинчи қаватида фаришталар коинотни айлантиришига гувоҳ бўлади, авлиё Бернард билан учрашади. Бу вақтда Беатриче Биби Марям тахти олдида Момоҳаво ёнида ўтиргани тасвирланади.
Ёшлигимизда эртак ва достонлардан кейин "Минг бир кеча" асарини қайта-қайта ўқиганмиз. Бу китоб мазмун-моҳиятини бошқаларга айтиб беришни, ўқиганлар эса ўзаро баҳс қуришни одат қилгандик. "Минг бир кеча" ёшликда ўқиган энг севимли китобларимдан бири эди. Асар воқеалари Шарқ халқлари ва мамлакатлари тарихи билан узвий боғлиқ. Ундаги ҳикоялар ҳамда масаллар Ҳинд, Эрон ва Араб эртаклари асосида тузилган.
Асар маликанинг хиёнатидан ғазабланган подшоҳ Шаҳриёрнинг ҳар кеча ётоғига янги маъшуқа олиб келиб, эртасига қатл этилиши воқеаси билан бошланади. Навбат вазирнинг оқила ва гўзал қизи Шаҳризодага келганда, қиз беҳуда қон тўкилишининг олдини олиш учун шоҳга қизиқарли масаллар, воқеалар, ҳикояларни айтиб беришни бошлаб, энг қизиқ жойини тонг отганда тўхтатади. Ҳикоянинг давомини эшитишдан умидвор шоҳ қатлни эртага қолдираверади. Шу тариқа минг бир кеча ўтиб, Шаҳризода фарзандлар кўради.
Асар Шарқ халқларининг тарихи, урф-одатлари ва орзу-умидлари билан боғлиқ уч юздан ортиқ қисса ва ҳикоялардан иборат. Уларда ростгўйлик ва ҳалоллик, поклик ва донолик, мардлик ва халқпарварлик, сахийлик ва кечиримлилик каби инсоний фазилатлар улуғланиб, худбинлик ва жоҳиллик, очкўзлик ва ахлоқсизлик каби иллатлар қораланган. Аксарият ҳикоялар яхшилик билан якун топган. Энг муҳими, улар ўқувчини фақат яхшиликка даъват этади.
Италия уйғониш даврининг йирик вакилларидан бири Жованни Боккаччо (1313-1375) қаламига мансуб "Декамерон", "Фьезолан парилари", "Фьяметта" каби асарлари диққатга сазовор. Тадқиқотчилар Жованни Боккаччони итальян насрининг асосчиси, ўз замонаси ҳаётини ҳаққоний тасвирлаган ва инсонпарварлик ғояларини дадил илгари сурган адиб сифатида эътироф этишган.
"Декамерон" асарини дастлаб ўрта мактабнинг юқори синфида таҳсил олаётган вақтимда ўқиган эдим. Бу асарни кейинчалик қайта ўқиб, яширин маъноси ва адиб мақсадини чуқурроқ англаганман. Асар "Жафокашларга ҳамдард бўлиш чин инсоний фазилатдир, бу фазилат ҳар биримиз учун гарчи фарз ҳисобланса ҳам, биринчи навбатда, уни ҳамдардликка муштоқ ва бирон зот ҳамдардлигидан баҳраманд бўлганлардан талаб этмоғимиз лозим" деган жумлалар билан бошланади.
Асарда адиб яшаган давр зодагонлари ва дин вакилларининг кирдикорлари аёвсиз фош қилинган. Хурофот ва жаҳолат ҳамда мунофиқлик ва ахлоқсизлик қораланган. Рим католик черкови риё маскани сифатида тасвирланади. Адиб аёлларга чуқур ҳурмат билан қараб, уларнинг гўзал хилқат ва ҳаёт сарчашмасидаги тасвирини яратади.
"Декамерон"да ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини яхши билиши ҳамда ўз эрки учун курашиб яшаши кераклиги, фикрий ва ҳиссий ғафлатда юрмаслиги уқтирилади. Ҳар бир инсон табиат ва жамият неъматларидан баҳраманд бўлишга ҳақли эканлиги эътироф этилиб, табииий инсоний севги тараннум этилади. Зеро, чинакам пок севги инсонни ҳаётга ва табиатга ошно этиб, ўзлигини англашга ёрдам беради. Инсонни юксак орзу-умидлар ва завқу шавқ билан яшашга ундайди.
Жованни Боккаччо ўз асарида асосан дин вакилларини қаттиқ танқид қилган. Асардаги монах Альберт, енгилтабиат аёл Лазетта, от савдоси билан шуғулланувчи Андреуччо, Бруно, Нелло, Симоне, Донна Изабелла каби кўплаб образлар орқали воқеалар тасвири очиб берилган. "Декамерон"да султон Салоҳиддин, Ўзбекхон, Олиябека, Ибн Сино образлари ҳам мавжуд бўлиб, бир туркум воқеалар Миср, Тунис, Бобил, Қоҳира каби Шарқ мамлакатларида содир бўлади.
Боккаччонинг "Фьезолан парилари" поэмасида Фьезолан тепалиги ёнида туташган икки дарё Африко ва Мензолани қандай қилиб икки севишганнинг номи билан аталгани тасвирланган. Чўпон йигит Африко ва ёш пари Мензолани ишқий муносабатлари натижасида Мензола фарзанд кўради. Мензола қилмишидан уялиб Африкодан ўзини олиб қочиб юради. Африко ўз умрига зомин бўлиши натижасида унинг қони томган дарё Африко деб аталади. Маъбуда Диана Мензолани ҳам дарёга айлантириб қўйгач, икки дарё бирлашиб кетади. Бу икки дарё севги ва абадийлик рамзи ҳисобланади.
Адибнинг "Фьяметта" асари эса "нозик ҳис билан тўла севги қиссаси" таърифини олган. Севиш ва севилиш, муҳаббат ва хиёнат, ҳижрон ва висол мавзуси асар моҳиятини ташкил этади.
Умуман, қисқача таърифи келтирилган ушбу асарлар ўқиган адабиёт шайдосини ўзига мафтун эта олади. Шу боис ҳам уларни мутолаа учун тавсия этишга жазм этдим.
Абдишукур ОМОНОВ