Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршид МИРЗАЕВ

17.10.2017


ЖАЛАЖИНЛИК “ИГОР”

Шуни ҳам қайд этиш керакки, мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этган фуқаролар орасида ўзгаларга тегишли буюмларни олиб келиб, якунда пушаймон ва афсус гирдобида қолаётганлар ҳам учраб турибди.

Мисол учун, Нишон тумани Пахтаобод маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Жалажин қишлоғилик Эргаш Ҳақбердиев Россия Федерациясидан Москва-Қарши йўналишидаги 995-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортига келганида, унга тегишли юклар холислар иштирокида белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Унинг қўл юклари орасида бўлган “Samsung J1” маркали қўл телефони хотирасида мамлакатимизга олиб кириш тақиқланган 50 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди.

Россияда “Игор” номини олган Эргаш Ҳақбердиев бу телефонни унга ўзи билан бирга ишлаган Отабек исмли таниши хотинига совға сифатида бериб юборганини, унинг хотирасида нима бор-йўқлиги билан қизиқмаганини маълум қилди. Агар бу бир баҳона бўлса, у телефонни ахлоқсиз тасвирлардан тозалаши, агар чиндан ҳам бировники бўлса, тегишли назоратдан ўтишини ҳисобга олиб, телефондаги материаллар ҳақида зарур маълумотларни билиб олмоғи даркор эди.

Нима бўлганда ҳам у эътиборсизликка йўл қўйди. Ўзига тегишли бўлмаган буюмни сўраб-суриштирмасдан олиб келди. Масъулиятни бўйнига олган экан, демак, жавоб ҳам бериши керак.

Якунда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати учун жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг қарори билан Э.Хақбердиевга нисбатан 748 минг 875 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ҳуқуқбузарлик ашёси ҳисобланган “Samsung J1” маркали қўл телефони нопок тасвирлардан тозаланиб, давлат эгалигига ўтказилди.

Фуқароларимиз шуни билиб олишлари керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, порнографик мазмундаги маҳсулотларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш тақиқланган.

Шунингдек, 2012 йил 12 апрелдаги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, унга мувофиқ порнографик ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш каби ҳаракатлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилган.

Хуршид МИРЗАЕВ,

“Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи

Report typo