Миришкор туманидаги Миришкор маҳалласида бугунги кунда 607 хонадонда 3 минг 121 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Маҳалла ҳудудида 8 та кўча бўлиб, уларга 3 нафар кўчабоши тайинланди. Маҳаллада ўзаро ҳурмат-иззат муҳити ҳукмрон. Оилавий тадбиркорлик, томорқачилик кенг ривожланган. Энг асосийси, охирги 5 йил давомида бу маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмаган.
- Маҳалламизда кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга фахрийлар кўп, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерали Эшқулов. - Халқнинг ҳурмат-эътиборини қозонган кўплаб нуронийларимиз доимо маҳалла идорасига келиб, амалга оширилажак ишлар, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида ўз фикрларини, маслаҳатларини бериб боришади. Уларнинг гапи маҳалла аҳли учун ҳам, фаоллар учун ҳам қонун. Кўчабошиларни тайинлашда биз мана шундай инсонларни жалб қилишга эътибор қаратдик. "Жамоатчи кўчабошилар" бошчилигида ҳар бир хонадон томорқасида ёнғоқ, бодом, ўрик ва бошқа мевали дарахт кўчатлари экиш ташкил этилмоқда.
Дўстлик ва Обод кўчаларига масъул Жамол Рўзиев бошчилигидаги гуруҳ аъзоларининг ташаббуси билан ажрим ёқасида турган 2 та оила яраштирилди. Улар томонидан фидойилар, тадбиркорлар, фаол ёшлар, аъло ўқийдиган ўқувчилар, намунали оилалар аниқланиб, тажрибаси кенг оммалаштирилмоқда.
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, ҳалол меҳнати ортидан нафақат оила фаровонлигини таъминлайди, балки муайян соҳа ривожига ҳисса қўшади, эл орасида ҳурмат топади, обрў-эътибор қозонади. Ушбу маҳаллада яшовчи Даврон бобо Очилов ҳам ана шундай инсонлардан. Даврон бобо ҳаётини деҳқончилик ва боғдорчиликка бағишлаган. Қаровсиз ерларни ўзлаштириб, боғу роғга айлантириш, янги экин турларини ҳудуд иқлимига мослаштириб, ҳосил олиш борасидаги ишлари уни элга танитган. Анча йил аввал маҳалласидаги ташландиқ ерни ўзлаштириб, у ерга бодом ва ўрик кўчатларини ўтқазган эди. Мана, эндиликда ҳар йили боғдан тонналаб ҳосил олинади. Бир неча оила доимий иш билан банд. Даврон бобонинг ўзи эса ёши саксондан ошганига қарамай, ҳамон экиш, яшнатиш юмушлари билан банд. 16 сотих томорқасидан бир йилда 45 миллион сўмга яқин даромад олиб, бу борада кўпчиликка ибрат бўлмоқда.
- Биз 230 та хонадон аҳлини йиғиб, Даврон бобо Очилов оиласини намуна сифатида эътироф этган бўлсак, ёш тадбиркоримиз Али Хидировнинг иш тажрибасини тенгдошларига ўрнак сифатида оммалаштирдик, - дейди "Жамоатчи кўчабоши" Жамол Рўзиев. - Тадбиркор томонидан замонавий ҳаммом ишга туширилиб, 6 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 22 нафар иш билан банд бўлмаган кишилар рўйхатини тегишли ташкилотга тақдим этдик.
Маҳалладаги бундай ўзгаришлар барчани бирдай қувонтирмоқда. Фаол ўқитувчилар ташаббуси билан ташкил этилган "Бир фарзандга уч китоб" лойиҳаси доирасида қишлоқ ўғил-қизлари ота-оналари билан ўзларига мос, қизиқарли адабиётларни харид қилдилар.
Дарҳақиқат, аниқ мақсад ва режа асосида ташкил этилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермасдан қолмайди. "Жамоатчи кўчабоши" режасига мувофиқ, вилоятимиздаги мавжуд 739 та маҳалланинг ҳар бирида ҳар куни камида ўнта хонадон вакиллари билан суҳбатлашилади, оилаларнинг аҳволи ўрганилади. Қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтадиган мулоқотларда эса аҳолини қийнаётган муаммолар ўртага ташланади ва уларнинг ижроси устидан қаттиқ назорат ўрнатилади.
Шоҳиста БОЗОРОВА