Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Қурбон САРИҚОВ

20.12.2019


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ - МУҲИМ БЎҒИН

Муносабат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида жамоатчилик назоратига алоҳида урғу бериб, "Шуни аниқ тушуниб олиш лозимки, жамоатчилик назорати - бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир", дея таъкидлади.

Тан олиш керак,  Президентимиз мансабдорларга халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш олий мақсад эканини ўргатди. Шу боис барча соҳаларда ўзгариш, янгиланиш, самарали натижалар яққол кўзга ташланмоқда. Шунга қарамасдан, бугунги глобаллашув жараёнидаги ғоявий таҳдидлар халқимизнинг эзгуликка йўғрилган олижаноб фазилатларига, кўп минг йиллик миллий қадриятларимизга, эзгу урф-одат ва анъаналаримизга рахна солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Маҳаллаларимизда  олиб борилаётган кенг кўламли маърифий тадбирларга қарамасдан, айрим оилаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик йўқолиб, ўзаро муносабатларга манфаат, тама аралашаётгани, ўз боласининг тарбиясига лоқайд ота-оналар кўпайиб бораётгани, айрим оилаларда ота мақоми пасайиб кетгани, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳамда мулкий можаролар сони кўпаяётгани шу заминда яшаб турган ҳар бир инсонни ўйлантириши, ташвишга солиши табиийдир. Бунинг учун эса маҳаллаларда жамоатчилик назоратини, жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш лозим.

Ваҳоланки, жамоатчилик назорати мамлакатимизда чуқур тарихий илдизга эга. Азал-азалдан у уруғ, қабила, оқсоқоллар кенгаши кўринишида намоён бўлиб келган. Нотаниш киши маҳаллага келса, унинг кимлиги, қаердан экани, қандай юмуш билан келгани суриштирилган. Маҳалла ёшлари, нотинч оилалар ҳар доим катталар назоратида бўлган.

Шунга мувофиқ, маҳаллаларда жамоатчилик назоратини янада жонлантириш мақсадида вилоятимиздаги мавжуд 768 та маҳалланинг ҳар бирида таркиби 9 нафар  фаолдан иборат жамоатчилик назорати гуруҳлари тузилган. Уларнинг фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, маҳаллалардаги жиноятчилик, нотинч оилалар, оилавий ажримлар каби ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишга йўналтирилган аниқ мавзудаги маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, бунга жойлардаги қишлоқбоши, кўчабоши, кўп қаватли уй бошлиқларини кенг жалб этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.  Натижада жорий йилда жамоатчилик назорати гуруҳлари томонидан 214 та оилавий ажримнинг олди олинди. 169 та жиноят содир этган шахс оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди.

Бундан ташқари, маҳаллаларда ташкил этилган жамоатчилик назорати гуруҳларига жорий йилда фуқаролар томонидан экология ва атроф-муҳит муҳофазасига оид 893 та ариза келиб тушганини ҳам қайд этиш ўринли. Улардан 173 таси ноқонуний дарахт кесилиши бўйича эканлиги одамларимизда дахлдорлик ҳисси ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Яна, йил давомида қабул қилинган 459 та газ, 463 та электр таъминотига оид, 114 та ички йўллар, 87 та таълим, 64 та соғлиқни сақлаш масалаларига боғлиқ мурожаат жамоатчилик назорати гуруҳлари томонидан ўрганилди. Натижада уларнинг 874 таси ижобий ҳал этилди.

Шукур қиламиз, истиқлол катта орзуларимизни рўёбга чиқарди. Ўқиш, ишлаш, яратиш учун барча имконият мавжуд. Юртимиз тинч, мақсадимиз аниқ. Аммо эришилган ютуқлар билан қаноатланиб қолмаслик керак.

Сир эмас, мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар одамлар қалбидан чуқур жой олди. Халқнинг давлатга, адолатга ишончи ортди. Шунинг ўзи катта гап. Зеро, ишонч туйғуси яратувчанликни пайдо қилади.

Президент таъкидлаганидек, "Эл-юртимиз, жаҳон ҳамжамияти бизга катта ишонч билан қарамоқда. Ана шу юксак ишончга ҳар томонлама муносиб бўлиб, қатъият билан олға интилиб, кўзлаган улуғ мақсадларимизга биргаликда албатта етамиз". Бу йўлда  мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги учун сизу биз амалга оширадиган жамоатчилик назорати муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.

Қурбон САРИҚОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қашқадарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

Report typo