Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

03.07.2018


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ: УНИ КИМ, ҚАНДАЙ, ҚАЕРДА АМАЛГА ОШИРАДИ?

Ана шу боис Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 ноябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан     2018 йил 19 мартда маъқулланган ва 2018 йил 12 апрель куни Президент томонидан имзоланган ва эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.

Хўш, ушбу қонун мазмун-моҳияти нималардан иборат?

Маълумки, жамиятдаги турли-туман муносабатларни тартибга солиш учун қонун ҳужжатлари зарурдир. Улар мукаммал бўлиши ва ҳаётда “ишлаши” орқали турли  муаммолар ечим топади, ислоҳотлар амалга оширилади.

Шу нуқтаи назардан қарасак, мазкур қонун жамоатчилик назорати соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Унга асосан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик назорати субъектлари ҳисобланади.

Жамоатчилик назорати объектлари деганда эса давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қабул қилаётган қарорлари, қонун ҳужжатлари талаблари ижроси, жамоатчилик манфаатига дахлдор вазифалар бажарилиши, давлат хизматларини кўрсатишга доир фаолият кабилар назарда тутилган.

Бундай назоратни амалга оширишга ваколатли шахслар давлат органларига мурожаатлар билан чиқиш, очиқ мажлисларда иштирок этиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш имконига эга.

Шу  ўринда таъкидлаш жоиз, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги, тезкор-қидирув, суриштирув ва тергов, суд ишларини юритиш ва жазоларни ижро этиш соҳасидаги жамоатчилик назорати алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қонунда давлат органлари ва жамоатчилик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра, жамоатчилик назорати субъектлари тадбирлар ўтказиш ташаббуси билан чиқиш, қонунда белгиланган тартибда ахборотларни сўраб олиш, назорат натижалари бўйича тегишли давлат органларига тавсия ва таклифлар юбориш, қонунга хилоф ҳолатлар аниқланганда материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш, юқори турувчи идоралар ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақлидир.

Бунда жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра баённома, хулоса ёки маълумотнома шаклида якуний ҳужжат тайёрланади. У ахборот ва тавсия хусусиятига эга бўлади. Ахборот, тавсия ва таклифлар тегишли давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилиниши шарт.

Ушбу назорат усулида жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик эшитуви ҳамда сўров муҳим аҳамиятга эга. Масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини оммавий муҳокама қилиш жамоатчилик муҳокамаси ҳисобланади. Мансабдор шахсларнинг фаолиятига тааллуқли ахборот ва ҳисоботни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилишда эса жамоатчилик эшитуви амалга оширилади. Сўровлар ҳам алоҳида назорат шакли бўлиб, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Мисол учун, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни 351-моддасига асосан оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан ахборот олиш тўғрисидаги оғзаки ёки ёзма шаклдаги сўровига кўпи билан етти кун муддатда асослантирилган жавоб юборилиши керак.

Хўш, жамоатчилик назоратига оид ушбу қонун ижросини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Қонуннинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, аҳамияти сезилдими?

Назаримда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги фаолияти паст даражада қолмоқда. Улар қонун билан белгиланган ваколатларидан тўлақонли фойдаланмаётгани ислоҳотларга бефарқлик ва лоқайдлик сифатида талқин этилса, хато бўлмас.

Вилоят ҳокимлиги томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш, моҳиятини кенг оммага тушунтириш ва тарғиб қилиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, ҳокимликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари 2018 йил 1 майдан бошлаб    Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи ва бошқа мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари тегишли Кенгашларда эшитиб борилмоқда. Шунингдек, тегишли қонун талабларига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳар чорак якуни бўйича мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиб бориш белгиланган. Аммо бу ҳисоботлар айрим жойларда тизимли равишда эшитиб борилмаётганлиги, сифати ва самарадорлиги паст эканлигини эътироф этмоқ, тан олмоқ жоиздир.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро ривожланган ҳуқуқий демократик давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамиятида яшашни истайди. Бу истак ҳар биримиз давлату жамиятимиздаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасак, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшасак ва шу йўлда самарали меҳнат қилсаккина  амалга ошишини унутмаслик зарур.

Абдишукур  ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги Юридик хизмат бошлиғи

 

 

 

 

 

 

 

Report typo