Маълумки, бу йилги байрам тадбирлари Президентимизнинг тегишли фармойишига биноан янги шаклда, “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир!” умумий шиори остида нишонланмоқда. Тадбирлар дастурида ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтиришга, уларда ҳарбий касбга нисбатан кучли ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотишга, халқ ва армия якдиллигини таъминлашга хизмат қилувчи ҳарбий техника, қурол-яроғ намойиши, ҳарбий оркестрлар концертлари, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги элементлари билан кўргазмали чиқишларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган бу галги тадбирда ҳарбий қисм ва муассасалар, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи Ватанпарвар ташкилоти вилоят кенгаши, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига тегишли ҳарбий техникалар карвони шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланди. Тепасида юртимиз байроғи ҳилпираган, турли-туман кўринишдаги, ҳар хил вазифаларни бажарувчи бу қудратли техникалар карвонини шаҳар ва вилоят марказига яқин туманлар аҳолиси, воҳа меҳмонлари томоша қилишди. Улар орасида ўқувчилар, талабалар, фахрийлар, бир сўз билан айтганда, етти ёшдан етмиш ёшга қадар бўлган фуқаролар бор эди.
- Ўғлим Саидмуҳаммадхон Аловхоновнинг орзуси - ҳарбий бўлиш, - дейди Косон тумани Хўжақудуқ қишлоғилик Фарҳод Усмонов. – Шу боис, бугун Қарши шаҳрида ҳарбий техникалар кўргазмаси бўлишини эшитиб, уни ўзим билан олиб келдим. Турли ҳарбий машиналарни яқиндан кўрдик, бу масъулиятли ва шарафли касб эгаларининг фаолияти ҳақидаги тасаввурларимиз кенгайди. Шу аснода фарзандимда ушбу касб машаққати, масъулияти, шарафи ҳақида кенг тушунча шаклланди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, бундай тадбирлар, айниқса, ёшларда ҳарбий ватанпарварлик туйғусини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Кўргазмада вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг махсус гуруҳ ўқувчилари ҳам иштирок этди.
Вилоятимизда ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: кўргазмадан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.